ВЕГА КАРПО (Вега Cарпио) Лопе Феликс де (1562.25.11 — Мадрид — 1635.27.8) — испан драматурги. Уйғониш даврининг йирик вакили. 2000 дан ортиқ песа, 20 та поэма ва лирик шеърлар муаллифи. "Аркадия" (1598) диний, "Ўз юртида саргардон" (1604) ишқий можаролар мавзуидаги, "Доротея" (1632) суҳбат тарзидаги романлари бор. "Бизнинг давримизда янги санъат комедиялар яратади" шеърий трактатида (1609) В. К. Уйғониш даври драмаларининг асосий йўналишларини тасвирлайди. В. К. песаларининг кўпчилиги ўз ватани ва б. мамлакатлар тарихидан олинган ижтимоий-сиёсий мавзуларда. "Фуэнте Овехуна" (1619), "Бегуноҳлар қони" (1623), "Севиля юлдузи" (1623), "Жазо қасос эмас" (1635) ва б. песаларида мустабид подшо ҳокимияти танқид қилинади. "Граф Фернан Гонсалес ёки Кастилиянинг озод этилиши" (1625), "Кастилия судялари" (1618), "Кордовалик донгдор Педро Карбонеро" (1603) ва б.да тарихий воқеа-ҳодисалар халқ қаҳрамонлик драмаларига айланган. В.К.нинг "Ит ўзи ҳам емас, отга ҳам бермас" (1618), "Хетафлик деҳқон қизи" (1620), "Кўза кўтарган қиз" (1627), "Рақс ўқитувчиси" (1593), "Ўз севгилисининг қули" (1627—47) каби комедиялари маккорлик, севги машмашалари ҳақидаги комедиялардир. В. К. песалари Уйғониш даври испан драматургиясининг мумтоз намуналаридир.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил