Лососсимонлар (Салмонидаэ) — селдсимонлар туркумига мансуб ўткинчи ва чучук сув балиқлари оиласи. Орқа сузгичида 17 тагача нурлари бўлади. Тухум йўллари яхши ривожланмаган, етилган увилдириғи тана бўшлиғига тушади. Тинч океан лосослари (кета, букри балиқ, нерка, сима) ва ҳақиқий лосослар (сегма, кумжа, шихан ва бошқалар) мавжуд. Л. фақат чучук сувларда кўпаяди (ўткинчи Л. увилдириқ ташлаш учун дарёларга ўтади). Увилдириқ ташлаш даврида Л.нинг ташқи кўриниши (айниқса, эркакларида) кескин ўзгаради. Тинч океан лососи, букри балиқ ва баъзан Л. ҳаёти давомида бир марта увилдириқ ташлаб ҳалок бўлади. Пушти унча кўп бўлмайди. Кўпчилик Л. тури қумли, майдатошли ва тошли саёз сувларга увилдириқ ташлайди. Бир қанча ўткинчи турлари пакана формаларни ҳосил қилади. Л. овланади. 11 тури ва кенжа турлари Халқаро Қизил китобга киритилган. Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон сув ҳавзаларида орол лососи, яъни кумжа ва амударё гулмойи кенжа турлари учрайди (кейинги маълумотларга қараганда, орол лососи қирилиб йўқ бўлиб кетган).[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил