ЛУЛЛИЙ (Луллиус) Раймунд (1235, Малорка — 1315, Тунис) — испан файласуфи, ёзувчи ва илоҳиёцҳунос. 30 ёшида сарой шоири сифатидаги фаолиятини тўхтатиб, франсисканлар орденига аъзо бўлиб кирган ва миссионерлик билан шуғулланган. Кейинчалик Шимолий Африкада мураббийлик қилган. Мусулмон ва яҳудий илоҳиёцҳунослигини мукаммал билган, Европада арабшуносликка асос солган. Л.дан араб ва каталан тилида ёзилган 300 га яқин асар қолган. Л. дунёқараши франсисканлар ва Августин таъсирида шаклланган. У аверроизм ва унинг 2 ҳақиқат тўғрисидаги таълимотига қарши чиқиб, ҳақиқий билимга илоҳий кашф орқалигина эришиш мумкин, деб ҳисоблайди. Л. фикрича, олам — Худонинг тимсоли, ҳар бир нарсада илоҳий комиллик мужассам бўлган. Мазкур таълимотни такомиллаштириш мақсадида Л. тушунчаларнинг рамзий маъноларини қўллаб, мантиқий тажрибаларни моделлаштириш услубларини ишлаб чиқди. У ўзининг "Буюк санъат" ("Арс магна", 1480) асарида мантиқни ҳақиқат ва ёлғонни ўзаро фарқлашга ёрдам берадиган санъат деб баҳолайди. Шу мақсадда у мантиқий тафаккурнинг янги ҳақиқатни очиш услубини махсус механик мослама орқали моделлаштиришга ҳаракат қилган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил