Мадир – Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти Хонқа туманидаги қадимий қишлоқлардан бири. Хонлик давридаги кулолчилик марказларидан бири. Майдони 0.12 минг кв км.

Мадир
қишлоқ
Мамлакат Ўзбекистон
Вилоят Хоразм вилояти
Туман Хонқа тумани
Иқлим тури кескин континентал
Расмий тил(лар)и ўзбек тили
Конфессиявий таркиб мусулмонлар
Вақт минтақаси УТC+5
Почта индекс(лар)и 220803[1]
Автомобил коди 90

Этимологияси

„Мадир“ сўзини ўлкашунослар форсча „модар“ – „она“ сўзидан келиб чиққанлигини ва қишлоқ номи Навхос, Зенахос, Пишканик каби вилоятдаги қишлоқ номлари каби эроний атама эканлигини таъкидлайдилар[2].

Маҳаллий аҳоли эса бу сўзни „мард“ сўзининг ўзгарган шакли ўлароқ талқин этади. Яна бу сўз „матир“ сўзнинг ҳам ўзгарган шакли эканлиги тахмини мавжуд. Бу эркакларнинг белига маросимларда боғланадиган шойи белбоғнинг номидир.

Истахрийнинг ёзишича ўрта асрларда Хоразмдаги муҳим 6 та канал бўлган ва уларнинг бири Мадра деб номланган. Василий Бартолд ва Яҳё Ғуломовларнинг тахминларига кўра бу канал ҳозирги Ғазовот каналидир[3].

Жойлашуви

Мадирнинг жанубидан Полвон канали оқиб ўтади. Ғарб томонида Навхос, шарқида Намуна ва Томадурвадик қишлоқлари билан чегарадош. Қишлоқ Хонқа шаҳрининг жанубий қисмида жойлашган[2].

Тарихи

Қишлоқ аҳолиси аввалдан ҳунармандчилик билан шуғулланиб келган. 1912-йилги рус манбаларига кўра қишлоқ аҳолисининг 50%и камбағалларни, 35%и ўртахолларни, 15%и бойларни ташкил этган. Энг йирик ер майдони вақф мулклари тасарруфида бўлган. 1925—1930-йиллар давомида аҳолидан тортиб олинган ерлар негизида „Комсомол“, „Қизил ярим ой“, „Ўзбекистон“, „Қизил батрак“ каби колхозлар ташкил этилган. 1937—1938-йилларда эса Мадирда 20 дан ошиқ киши қатағонга учраган. Иккинчи жаҳон уруши даври фронтда 60 га яқин мадирлик вафот этган.

1926-йилда Мадирда Собир Бобожонов уйида илк мактаб очилган. 1928-йили эса ҳашар йўли билан 6 хонадан иборат мактаб биноси қурилган.

Ҳудудий бўлиниши

Қишлоқ икки маҳалладан иборат. Улар „Дўстлик“ ва „Илғор“ деб номланади. Яна Мадир тарихан шаклланган уч элат яъни Мадир, Қиёт ва Шат каби элатларга бўлинган[4].

Аҳолиси

Аҳолиси – 10 379 киши бўлиб, 5 747 нафари „Дўстлик“да, 4 632 нафари „Илғор“да истиқомат қилади.

Ижтимоий соҳа обектлари

Бу ерда 1 та боғча, 4 та мактаб, 3 та дўкон, 3 та қишлоқ врачлик пункти, 1 та тўйхона ва бошқалар аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда (2013). Қишлоқда кулолчилик соҳаси яхши ривожланган.

Таниқли шахслари

Манбалар

  1. ↑ „Хоразм вилояти аҳоли пунктлари почта индекслари“. голденпагес.уз. Қаралди: 9-октябр 2023-йил.
  2. ↑ 2,0 2,1 Комилжон Нуржонов, Мамлакат Жуманиёзова & Хонқа тарихи, с. 23.
  3. ↑ Комилжон Нуржонов, Мамлакат Жуманиёзова & Хонқа тарихи, с. 24.
  4. ↑ Комилжон Нуржонов, Мамлакат Жуманиёзова & Хонқа тарихи, сс. 22, 24.

Адабиётлар

  • Нуржонов, Комилжон; Жуманиёзова, Мамлакат. Хонқа тарихи. “Хоразм” нашриёти. ИСБН 978-9943-4488-1-0.