Мадригал (лотинча: матриcале — она тилида айтиладиган қўшиқ) — Уйғониш даврида дунёвий вокал мусиқанинг асосий жанри. Италия (14-аср) да шеърий асар сифатида пайдо бўлган. 14— 16-асрларда М., одатда, ишқий, ҳазил-мутойиба, афсонавий ва бошқа мавзудаги 2—3 овозли вокал-чолғу, банднақорат шаклидаги қўшиқ бўлиб (Ф. Ландино ва бошқалар), 16-асрдан кўпроқ лирик ҳарактердаги чолғулар жўрлигисиз ижро этиладиган 4—5 овозли полифоник мусиқа асарига айланган (А. Вилларт, Палестрина, О. Лассо ва бошқалар). Кейинчалик Англия (Т. Морли, Ж. Уилби) ва Германия (Г. Шюс ва бошқалар)да оммалашган. Етук намуналарига (К. Жезуалдо, К. Монтеверди) ҳиссий-ифода эркинлиги, бой мусиқийтасвирий воситалар, хилма-хил оҳанглар ёрқинлиги хосдир. 17-аср дан бошлаб, М., асосан, аёлларга бағишланган кичик мақтовшеърий асар. 1964-йил Москвада "М." ансамбли ташкил этилган (Ўзбекистонда ҳам гастролда бўлган), Буюк Британияда "М. жамияти" тузилган. 20-асрда И. Стравинский, Б. Мартину, П. Хиндемит ва бошқа композиторларнинг асарларида М. анъаналари тикланган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил