Милоддан аввалги ВИ-В асрларда қадимги Магадха ҳозирги жанубий Бихар ҳудудида муҳим жўғрофик, стратегик ва савдо мавқеини эгаллаган эди. Шарқ, Шимол, Ғарбдан оққан дарёлар кемалар қатнови учун қулай, сувидан эса суғориш ишларидан фойдаланар эдилар. Бу давлат Ҳиндистоннинг кўп ўлкалари билан савдо ишларини йўлга қўйган ҳамда қазилма бойликлари, айниқса, металл кўплиги билан ажралиб турар эди. Қадимги Рижагриха (ҳозирги Ражгир) баъзида Гирибаж (тоғли қал’а) деб аталган. Унинг атрофлари тепаликлар билан ўралган. У ердан асосий савдо йўллари, жумладан, Таксила ва мамлакатнинг Ғарбий қирғоқлари орқали ўтган. Ҳинд археологларининг қазилма ишлари бу шаҳарнинг ўша даврдаги қиёфасини очиб беради. Шаҳарда мустахкам қўрғон бўлган. У шаҳарлик ҳукмдорларнинг манзили вазифасини ўтаган.

Истилочилик юришлари

Милоддан аввалги 493 йиллари Харепа сулоласининг асосчиси Бимбисара қўшни Ангу давлатини ўзига тобе этиб, Магадха мавқеини кучайтирди ва қўшни мамлакатларни истило қилиш сиёсатини бошлади. Маълумотларга қараганда, у, Кошала, Вайшала, Мадра каби давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаган, Ужаян ва Таксила подшоси ҳамда бошқа ҳукмдорлар билан дўстлик алоқаларини ўрнатган. Бимбисаранинг ўғли Ажаташатру даврида (милоддан аввалги 493-461) Магадханинг сиёсий соҳаларидаги ютуқлари никоҳ — қариндошлик иплари билан ҳам мустаҳкамланди. У Кошала устидан Ғалаба қозонди. Буддавий ва жайнлар матнларидан маълум бўлишича шимолий давлатлар билан бўлган курашлар узоқ муддат давом этган. Курашларнинг асосий сабаби Ганг дарёси портининг мавжудлиги дарё тизими устидан назорат қилишни кучайтирарди. Ажаташатру личчхавларнинг ҳужумидан сақланиш учун Паталигаму қал’асини қурдирди. Бу урушларда Магадха подшоларининг ютуқлари давлат чегараларини кенгайтириш имконини берди. Шишунага сулоласининг асосчиси даврида Магадха давлатига кўп давлатлар, шу жумладан, узоқ муддат қаршилик кўрсатган аванти давлати ҳам қўшиб олинди. Бундан ташқари Шишунага даврида Магадха давлати ҳукмдорлиги Ғарбий Ҳиндистонга ҳам ёйилди.

Пойтахтининг кўчирилиши

Удайин даврида (милав. 461-445йй.) магадха тарихида асосий масала пойтахтни Ражагрихадан Паталинутрага кўчириш бўлиб, бу шаҳар тез орада бутун шимолий Ҳиндистоннинг йирик марказига айланди. Пойтахтнинг Паталинутрага кўчирилиши Магадхани кучайиши ва унинг истилочилик сиёсатидан далолат беради.

Давлатнинг империяга айланиши

Янги сулоланинг подшоси Шишунага даврида Ғарбий Ҳиндистондаги қудратли давлат Авантининг ҳам кучи магадха томонидан сингдирилди. Сўнг магадха тахтига Нандалар сулоласи чиқиб, давлат йирик империяга айланди. Бимбисара асос солган Харянка сулоласи мил.ав. 137-411 йилларда, Шишунага сулоласи мил.ав. 413-345 йилларда ҳукмронлик қилган бўлса, Нандалар сулоласи мил.ав. 345-317/314 йилларда подшолик қилган.

== Манбалар ==[1][2]

  1. ↑ Қодиров, Зикриллохон. Ҳиндистон тарихи. Тошкент': ТДСҲУ Кутубхонаси, 2015 — 16-бет. 
  2. ↑ Қодиров, Зикриллохон. Покистон тарихи. Тошкент': ТДСҲУ Кутубхонаси, 2015 — 45-46-бет.