Magma

Магма (юнонча: магма — қуюқ бўтқа) — таркиби, асосан, силикатдан иборат оташ-оловли суюқ масса, Ер пўсти ёки юқори мантияда вужудга келади ва совиганда магматик тоғ жинсларини ҳосил қилади. Камдан-кам ҳолда магматик эриган жинсларда силикат бўлмайди (масалан, Шарқий Африка вулқонлари). Магма — ўзаро боғлиқ ҳолда юзага келган кўп сонли кимёвий элементларнинг мураккаб эритмаси, улар орасида Си, А1, Фе, Мг, Cа, На, К, О, С, CИ, Ф асосий ўринда. Баъзан магмада бир неча процентгача учувчи компонентлар, асосан, сув, озроқ углерод оксиди, водород сулфид, фтор, хлор ва бошқа бўлади.
Вулқон отилган жойларда Магма ер устига чиққач, лава кўринишида оқади, вулқон бўғзида экструзив уюм ҳосил қилади ёки газ аралаш кул кўринишида отилади. Кул ёндош жинслар синиқлари ва чўкинди жинслар билан аралашиб ҳар хил туфларни ҳосил қилади. Чуқурликда совиган магматик массалардан шакли ва ўлчами ҳар хил (баъзан горизонтал кесими бир неча минг км²) бўлган интрузив жисмлар вужудга келади. Ер юзасига оқиб чиқадиган вулқон тоғ жинсларининг аксари кисми базалтдан, чуқур қисми эса гранитдан иборат. Геолог олимлар турли магмик жинсларнинг Ер юзида тарқалишини ўрганиб, уларни типларга ажратишни таклиф қилдилар. Дастлаб магма Ер қаърида узлуксиз қобиқ ҳосил қилган деб ҳисобланар эди. Лекин геофизик тадқиқотлар магма Ер пўстининг ҳар хил таркибли ва чуқурликдаги қисмида вақт-вақти билан алоҳида ўчоқлар ҳосил қилишини кўрсатади. Гранит ва базалт Магмаларидан ташқари камёб, маҳаллий магмалар ҳам мавжуд деб тахмин қилинади. Магма табиатини аниқлашда Ер пўсти ва юқори мантиянинг геофизик тадқиқотларидан олинган маълумотлар муҳим аҳамиятга эга.
Турли таркибли магма ҳар хил физик хусусиятларга эга, бу температура ва учувчи компонентларга ҳам боғлиқ. Базалт таркибли магманинг ёпишқоқлиги кам, шу боис лава оқимининг тезлиги катта (соатига 30 км гача). Нордон таркибли Магма анча ёпишқоқ, шунинг учун портлаб отилади. Магма температураси ҳар хил (900—1250°) бўлади. Гранитли магма температураси 600° га тушгунча қотмайди.
Магма ҳосил бўлган шароитдан бошқа шароитга ўтгач, эволюсияга учраб ўз таркибини ўзгартириши мумкин. Магма дифференсиацияланади, бунда бир Магма ҳисобига бир неча Магма вужудга келади. Магманинг эволюсия жараёнини аниқлашда кристалланишда минералларнинг ажралиш кетма-кетлиги муҳим. Америкалик петролог Н. Боуэн тадқиқотларига кўра, Магма кристалланганда дастлаб камёб (аксессор) минераллар, сўнгра магнезиалтомирли силикатлар ва бошқа, охирги жараёнда эса биотит, ишқорли дала шпатлари ва кварс ажралади. Бироқ Магманинг кристалланишида бир хиллик йўқ.
Магмадаги фойдали компонентлар унинг кристалланиш жараёнида айрим жойларида тўпланиб эндоген конларни ҳосил қилади. Баъзи рудали минералларнинг (хром, титан, никел, платина), шунингдек, апатитнинг кристалланиш жараёнида алоҳидаланишидан магматик конлар вужудга келди. Магма таркибидаги учувчи компонентлари ҳисобига интрузивлар шаклланишининг охирги босқичларида рангли, камёб ва қимматбахр металлар ҳамда темирнинг гидротермал, грейзенли, скарнли ва бошқа конлари ҳосил бўлади деб тахмин қилинади[1].
Яна қаранг
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (август 2024) |