Магнит ҳариталари — Ер курра сининг Ер магнит майдон кучланганлигини ва унинг ташкил этувчилари тақсимланишини изочизиқлар ёрдамида тасвирланган ҳариталари. Булардан Дунё Магнит ҳариталари ва аномал магнит майдони ҳариталари энг кўп тар калган. Дунё Магнит ҳариталари Ер ядроси электр ўтказувчан моддасининг ҳаракати туфайли ҳосил бўлган Бош Ер магнит майдони (нормал майдон)нинг асосий таркибий хусусиятларини тасвирлайди (қаранг Ер маг-нетизми). Бош Ер магнит майдони ўзига хос тузилмасининг ўлчамлари қитъалар ўлчамига яқин бўлгани учун, Дунё Магнит ҳариталарининг масштаби, асосан, 1:10 000 000 ва ундан майдароқ бўлади. Дунё Магнит ҳариталарида Ер пўсти тузилишининг хилма-хиллиги, маъдан конларининг жойлашиши ва бошқа маҳаллий омиллар таъсиридан келиб чиқадиган магнит милининг оғиши тузатиб берилади. Аномал магнит майдони ҳариталари Ер магнит майдонининг Бош Ер магнит майдонидан маҳаллий оғишини тасвирлайди. Бундай оғишлар, одатда, чизиқли ўлчамлари ўнлаб км ва ундан кичик майдонларда кузатилади. Шунинг учун улар нисбатан йирик масштабга (1:200 000 атрофида) эга; бу ҳариталар, одатда, аэромагнит суратга олиш материаллари асосида тузилади. Ер магнит майдонининг кўрсаткичлари ўзгариб туриши сабабли, Магнит ҳариталари эскиради, шунинг учун улар ҳар 5—10 йилда қайта янгиланиб турилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил