Магнитограф (магнит ва … граф) — 1) Ер магнит майдонининг вақт бўйича ўзгаришлари (магнит вариациялари)ни узлуксиз қайд қилиб борадиган асбоб. Магнит вариометр ва кайд қилгичдан иборат. Магнит вариометрларнинг оптик-механик, магнитга тўйинган, индуксион, квант, ўта ўтказувчан хиллари бўлади. Қайд қилгичлар сифатида частота ўлчагичлар, рақамли волтметрлар, пероли электр потенсионметрлар, магнитофонлар, перфораторлар ва бошқалардан фойдаланилади. Энг оддий М. фотоқайд қилгич, ёриткич ва учта оптик-механик вариометрдан иборат. Ҳар қайси вариометрда кўзгу бўлиб, ундан қайтган ёруғлик нури секин айланиб турган барабан сиртидаги лента (фотоқоғоз ёки фотоплёнка) га тушади. Лента галванографга туташтирилган; у фототок ўзгаришини лентага қайд қилиб боради. Бундай М. магнит майдони ўзгаришларини −10 5 э аникликда қайд қилади. Олинган магнитограммала магнит вариациялари вақти, амплитудаси ва даври хақидаги маълумотлар бўлади. М. кўрсатишлари копмютерларда кодланади ва қайта ишланади; 2) Қуёш магнитографи — Қуёшдаги магнит майдонни ўлчаш учун мўлжалланган асбоб. Асосий қисмлари: электр-оптик ёруғлик модулятори, спектрограф, фотокўпайтиргичлар, қайд қилгич қурилма. Иши Зееман эффектига асосланган.

Адабиёт

  • Яновский Б. М., Земной магнетизм, 1-ж., 5-нашри, Санкт-Петербург, 1997.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил