Магний оксид (куйдирилган магнезия), МгО —магнийнинг кислородли бирикмаси. Рангсиз кристалл модда. Табиатда периклаз минерали кўринишида учрайди. Суюқланиш температураси 2827°, қайнаш температураси 3600°, зичлиги 3,58 г/см3. Моос бўйича қаттиқлиги 5—6. Хаводан сув ва карбонат ангидридни ютиб, магний гидроксид ва магний карбонат ҳосил қилади. Сувда деярли эримайди. Аморф ҳолдаги Магний оксид кислоталарда, аммоний тузлари эритмаларида, ҳатто сирка кислотада ҳам яхши эрийди. Магний оксид 1200°—1600° да қиздирилса йирик кристаллар ҳосил қилади. У сувда ва кислоталарда эримайди. Магний оксид резина буюмлари олишда, ўғитларни донадорлашда, нефт мақсулотларини тозалашда, тиббиётда, магнийли сементлар олишда, қурилиш материаллари саноатида, сунъий тошлар ишлаб чиқаришда ишлатилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил