Маҳаллий саноат — маҳаллий хомашё ресурсларидан маҳаллий эҳтиёжларни қондиришга мўлжалланган халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарадиган саноат тармоқлари мажмуи. Унинг таркибида қора металлургия, кимё ва нефт кимёси, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, ёғочни қайта ишлаш саноати, мебел саноати, қурилиш материаллари, шиша ва чинни фаянс, енгил саноат ва озиқ-овқат саноати корхоналари, халқ ҳунармандчилигининг зардўзлик, тикувчилик, тўқувчилик, пичоқчилик, бадиий каштачилик (сўзана, гулкўрпа, чойшаб, зардевол, палак, кирпеч), дўппидўзлик, ўймакорлик, мискарлик, заргарлик, кандакорлик, рихтагарлик, кулоллик, миллий чолғу асбоблари ясаш, косибчилик ва бошқа тармоқлари киради. Одатда, турли кичик ишлаб чиқариш корхоналарини, айниқса, кичик шаҳарлар ва йирик қишлоқларда ташкил этиш билан Маҳаллий саноат саноат марказларидан узоқда жойлашган ҳудудларда саноат ишлаб чиқаришни ривожлантиради, хунармандлар, ишсизлар, маҳаллий аҳолини, пенсионерларни ва бошқа меҳнат қобилияти чекланган аҳоли тоифаларини унумли меҳнатга жалб этади, маҳсулот чиқариш учун четдан келтириладиган хомашё билан бирга маҳаллий хомашё ресурслари, материаллар, саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши чиқиндиларини ишлатади.

Маҳаллий саноат хилма-хил истеъмол товарлари ва саноат мақсадларидаги маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Ўзбекистонда Маҳаллий саноат ХХ аср бошларидан ҳунармандлар ва косиблар ширкатлари кўринишида шаклланди. 1934—1992-йилларда Республика Маҳаллий саноат вазирлиги (1994—1997-йилларда „Маҳаллий саноат“ давлат корпорацияси) ишлади. Шаҳар ва шаҳарчаларда катта кичик хусусий ҳамда жамоа корхоналари, қўшма корхоналар, аксиядорлик жамиятлари фаолият кўрсатади. Маҳаллий саноат корхоналарида 280 дан кўпроқ номда маданий, маиший, хўжалик моллари ишлаб чиқарилади.

Тармоқдаги йирик корхоналар — Шаҳрихон, Косонсой ва Ургут шойи тўқиш, Бекободдаги „Металлист“, Чустдаги миллий пичоқлар заводлари, Тошкент, Андижон ва Шаҳрисабз бадиий буюмлар фабрикалари, Бухоро „Зардўз“, Тошкент „Ёдгорлик“, Риштон, Шаҳрисабз кулолчилик аксиядорлик жамиятлари, термос ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси ва бошқа

Миллий каштачилик буюмлари 8 та ихтисослашган корхоналарда ишлаб чиқарилади, уларнинг энг йириклари — Тошкент, Андижон, Чует, Наманган ва Қашқадарё бадиий буюмлар фабрикаларидир. Миллий газлама (Марғилон, Олтиариқда қўлда тўқилган хонатласлар, Китобда беқасам) ишлаб чиқарилади. Гилам тўқиш маҳаллий ҳунармандчиликнинг энг ривожланган ва кенг ёйилган тармоқларидан биридир. Қўлда тўқилган гилам ва палосларда маҳаллий услуб ва бадиий услублар сақланиб келмоқда. Чует бадиий буюмлар фабрикаси ва Тошкент касаначилик фабрикалари уйда ишлайдиган ишчилардан фойдаланишга ихтисослашган. Тармоқда нодир металлар, тошлар ва синтетик материаллар (сунъий кристаллар) асосида маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган „Фонон“ илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Тошкент шаҳридаги бир неча заргарлик корхоналари фаолият кўрсатади. Тармоқ маҳсулотларининг муайян қисми экспорт қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997-йил 15-августдаги „Маҳаллий саноатни бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида“ фармонига кўра,Маҳаллий саноатни бошқаришни янада такомиллаштириш, хусусийлаштиришни чуқурлаштириш, рақобатчилик муҳитини вужудга келтириш ва бошқа мақсадларида Республика вилоятлари ва Тошкент шаҳрида „Маҳаллий саноат“ ҳудудий ишлаб чиқариш савдо аксиядорлик компаниялари ташкил этилди (яна қ. Бадиий саноат).

Нуриддин Мусаев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил