Маҳмуд Саъдий — таниқли ўзбек журналисти[1][2]. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист. „Фидокорона хизматлари учун“ ордени, „Ўзбекистон Мустақиллигига 15 йил“ нишонлари соҳиби. Турли йилларда даврий газеталар ва журналларда фаолият юритган. „Олтин қалам“ миллий мукофоти совриндори.

Маҳмуд Саъдий
Таваллуди 1939-йил
Вафоти 23-ноябр 2019-йил
Фуқаролиги SSSR bayrogʻi СССР→Oʻzbekiston bayrogʻi Ўзбекистон
Касби журналист
Мукофотлари Фидокорона хизматлари учун, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 15 йил

Ҳаёти

Маҳмуд Саъдий 1939-йил 20-июл Ўзбекистон ССР таркибидаги Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. Тумандаги ўрта мактабда таҳсил олгач, 1961-йил Ўзбекистон Миллий университети филология факултетининг журналистика бўлимига қабул қилинган. Олийгоҳни 1965-йилда муваффақиятли тамомлаган. 2019-йил 23-ноябр куни 80 ёшида вафот этган[3][4].

Фаолияти

Ўз меҳнат фаолиятини дастлаб, „Шарқ юлдузи“ журналида адабий ходим сифатида бошлайди[5]. Сўнгра, „Гулистон“ журналида катта адабий ходим, кейинчалик бўлим мудири сифатида фаолиятини давом эттирди. „Ўзбекистон адабиёти ва санъати“ газетасида бўлим мудири, „Маърифат“ газетаси таҳририятида шарҳловчи, бўлим муҳаррири сифатида фаолиятини олиб борган. „Маърифат“ газетасида журналистнинг „Гурунг“ номли рукни мавжуд бўлиб, бунда ҳаётий кичик ҳикоялар, ибратли воқеаларни бериб борган. Маҳмуд Саъдий ўзининг муаллифлигидаги халқаро журналистика йўналишида таҳсил оладиган олий таълим талабалари учун „Таҳрир санъати“ ўқув дастури қўлланмасини ишлаб чиққан[6]. 1989-йилда „Ўз қадрини билган қадр топади“ асарини ёзиб тугатган. Ўзбек адабиёти ва ёзувчилигидаги жиддий ва долзарб муаммоларга бағишланган „Теран томирлар“ китоби нашр қилинган. Ўзбек оммавий ахборот воситаларидан бирида келтирилишича, журналист Маҳмуд Саъдий баъзи бир тушунмовчиликларни танқид қилган. Жумладан, битирувчи талабалар кўп бора ишлатадиган „Дипломни ҳимоя қилмоқ“ жумласи, аслида нотўғри эканлигини, унинг ўрнида „Дипломни ёқламоқ“ жумласини ишлатиш мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтган[7].

Мукофотлари

Маҳмуд Саъдий ўзининг узоқ йиллик фаолияти ва журналистик маҳорати сабаб ҳукумат томонидан бир неча бор эътироф этилган. Турли йилларда „Фидокорона хизматлари учун“ ордени ҳамда „Ўзбекистон хизмат кўрсатган журналист“ унвонлари билан тақдирланган. 2006-йилда „Ўзбекистон мустақиллигига 15 йил“ эсдалик нишони билан мукофотланган. Ўзбекистондаги журналистларга тақдим этиладиган миллий мукофот „Олтин қалам“ билан ҳам мукофотланган.

Манбалар