Маҳмуд Усмонов (1910-йилда Тошкентда туғилган, 1997-йил 7-январда вафот этган) – ганчкор уста, Ўзбекистон Бадиий академияси академик (1997), Ўзбекистон ССР халқ рассоми (1977). Ҳунарни отаси уста Усмон Икромовдан, кейинчалик Уста Ширин Муродовдан ўрганган. Усмонов ижодида Тошкент ганчкорлиги санъати анъаналарини ривожлантирди, уни янги мазмун билан бойитди; ислимий ва гириҳ нақшларни маҳорат билан қўллаб жозибадор нақш мужассамотлари яратди; у ишлаган нақшлар нафис, аниқ ва лўнда, ўймалари мукаммаллиги билан диққатга сазовор. Усмонов Ўзбекистон амалий санъат музейи (собиқ Половсев уйи)ни таъмирлашда, Навоий театри ва Муқимий театрини безашда фаол қатнашган; Ҳамза театри (1967—1968), Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи (1968), Самарқанд аэропорти (1969), Ўзбекистон халқлари тарихи музейи (1969—1970), Ўзбекистон санъат музейи (1973), "Буюк ипак йўли" метро бекати (1980) ва бошқа, шунингдек, хориждаги (Донецк, Киев, Тошҳовуз, Чимкент ва бошқалар) жамоат биноларини ганчкорлик бн безашда усталарга раҳбарлик қилган. У. педагог сифатида фаолиятини болалар уйида бошлаган (1935—1948), Тошкентдаги болалар ва ўқувчилар уйлари, саройида ганч ўймакорлиги тўгарагига раҳбарлик қилган (1948—1968); Бенков номидаги республика рассомлик билим юртида дарс берган (1952—1960). Усмонов кўплаб шогирдлар тайёрлаган, улар (Абдураҳим Умаров, А. Султонов, М. Султонов, фарзанди Мирвоҳид Усмонов ва бошқалар) устозларининг ишларини давом эттирмоқда.

Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1970).

Асарлари: Санъатим – саодатим, Т., 1983.

Ҳаволалар