Макромолекула (макро… ва молекула) — ўзаро ковалент боғлар орқали бириккан ўн мингдан юз минггача атомлардан тузилган йирик молекула. М. занжирида элементар звено (маълум сондаги атомлар гуруҳи) жуда кўп марта такрорланади, шунинг учун ҳам уни куп сонли бир хил ёки ҳар хил кичик молекулалардан (бир неча минггача) ҳосил бўладиган молекула деб кабул килса бўлади, поливинил хлорид молекуласи таркибидаги — СН2—СН— гуруҳи сони ҳатто 3000 га етиши мумкин. Кимёвий таркиби бир хил, аммо мол. м. ҳар хил, яхлит бўлиб реаксияга киришадиган М.лар йиғиндисидан ташкил топган моддаларга юқори молекулали бирикмалар (полимерлар) дейилади; улар табиий (полисаҳаридлар, полипептидлар, табиий каучук) ва синтетик (пластмассалар, эластомерлар, кимёвий толалар) турларга бўлинади. Ташқи шароит ўзгарганда, полимерлар таркибидаги молекуляр занжирларнинг ўз конфигурацияларини ўзгартира олиши М.ларнинг асосий хоссаларидан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан қараганда барча М.лар чизиқли (узунчоқ) эгилувчан (табиий каучук, каучуксимон синтетик моддалар М.лари), чизиқли қаттиқ (селлюлоза М.лари), спиралсимон (оқсиллар, нуклеин кислоталар макромолекулалари), тармоқланган (полисаҳаридлар макромолекулалари), фазовий (уч ўлчамли) турларга бўлинади. М.нинг уз. 4000— 8000 А, кўндаланг кесими 3—7,5 А. Карбозанжирли (занжири фақат углерод атомларидан тузилган) ва гетерозанжирли (занжирида углерод атомларидан ташқари азот, кислород, олтингугурт атомлари сақлаган) М. бўлади. Занжирнинг тузилиши, катталиги (мол. м.) ва звеноларининг жойланиш тартиби, унинг хоссаларига (эгилувчанлиги, боғларининг мустаҳкамлиги, электр ўтказувчанлиги, кимёвий реаксияга киришига) таъсир кўрсатади. М.ларнинг бу хоссаларидан улар асосида пластмасса, синтетик каучук, сунъий тола каби материаллар олишда фойдаланилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил