Макруҳ (араб тилида – рад этилган, қораланган, номақбул) – шариат ҳукмларидан бири (фарз, мандуб, мубоҳ, ҳаром билан бирга). Қаттиян тақиқ қилинмаган, лекин номақбул ҳисобланган ва рад этилган амаллар макруҳ ҳисобланган. Макруҳ – Пайғамбар қайтарган иш демакдир. Ҳар бир мусулмон макруҳ ишларни қилишдан сақланиши лозим. Макруҳ ишни гуноҳдан қўрқиб қилмаган киши савобли, қилаверган киши гуноҳли бўлади, деб саналади. М. ишларнинг макруҳлигини инкор қилган киши иймондан чиқмасада, гуноҳкор бўлади. Макруҳ ишлар учун қаттиқ жазо белгиланмаган. Макруҳ амалларга диний бурчни бажариш пайтдаги баъзи хислатлар, хасислик, бераҳмлик, дабдабалик ва исрофгарчиликка мойиллик, оилавий ва ижтимоий бурчга менсимаслик билан қараш, бировни йўқ яхши сифатлар билан мақташ ва бошқа киради. Мазҳабга кўра, макруҳга аслида ман этилган баъзи таом ва ичимлик турлари ҳам киради. М. тушунчаси ҳалол билан ҳаромни ажратиб бериши билан исломий ахлоқнинг шаклланишида муҳим ўрин тутади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил