Малҳамчилар (Мелоидаэ) - қаттиқ қанотли ҳашаротлар туркумига мансуб қўнғизлар оиласи. Ўрта Осиёда 20 дан ортиқ тури тарқалган. Танаси чўзинчоқ, 8–30 мм, қизил, сариқ ва қора тусда. Одатда, икки биқинидан бирмунча қисилган; мўйловлари тўғноғичсимон, бўғимларга бўлинган. Тухумини ерга қўяди. Личинкалари чигиртка ёки ариларнинг инида ярим паразитлик билан яшаб, гиперметаморфоз йўли билан ривожланади. Вояга етганлари ўсимлик билан овқатланади. Қўнғизлари турли қишлоқ хўжалиги экинларига зарар келтиради. Беда, картошка, лавлаги ва бошқа экинларга қизилбош шпанканит зарари катта. Зараркунанда унча катта бўлмаган участкаларда, одатда, барча баргни доғ шаклида ейди. М. қонида ҳашаротхўр ҳайвонлардан ҳимоялайдиган заҳарли модда — кантаридин бор. Қизилбош шпанка ахлати билан ифлосланган беда ҳайвонлар учун зарарли, чунки унда оз миқдорда бўлса ҳам контаридин бор. М. қони одамнинг баданига тушса яра қилади. Бир хил турларидан тиббиётда малҳам тайёрланади. Кураш чоралари: карбофос (1 — 1,5 кг/га), фозалон (1,5– 2 кг/га), сумицидин (0,4—0,5 кг/га), рипкорд (0,5—0,20 кг/га) ва бошқа инсектицидлар пуркаш.

Нажмиддин Маҳмудхўжаев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил