Мамадали Топиволдиев (1919-йил 20-сентябр, Пандигон қишлоғи, Риштон волости, Қўқон уезди, Фарғона вилояти, Туркистон АССР — 1969-йил 6-май, Зодиён (Зоҳидон) қишлоғи, Риштон тумани, Фарғона вилояти, Ўзбекистон ССР, СССР) — Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, ефрейтор, Белоруссиянинг Могилёв ва Витебск вилоятларидаги партизанлик ҳаракати қатнашчиси, „Чекист“ партизанлик бригадасининг 5-отряди разведка бўлинмаси командири, ушбу партизанлик бригадаси орасидаги ягона Совет Иттифоқи Қаҳрамони (1944-йил 15-август), Риштон туманидаги „Коммунизм“ колхози раиси (1954—1969).

Мамадали Топиволдиев
Тахаллус(лар)и „Осиё арслони“ (русча: „Азиатский лев“), „Осиё йўлбарси“ (русча: „Азиатский тигр“), „Казбек“, „Толя Казбек“, „Толик“
Таваллуди 20-сентябр 1919-йил
Пандигон қишлоғи, Риштон волости, Қўқон уезди, Фарғона вилояти, Туркистон АССР
Вафоти 6-май 1969-йил(1969-05-06)
(49 ёшда)
Зодиён (Зоҳидон) қишлоғи, Риштон тумани, Фарғона вилояти, Ўзбекистон ССР
Фуқаролиги SSSR bayrogʻi СССР
Ўзбекистон ССР
Қўшин турлари артиллерия
партизанлик ҳаракати
Хизматдаги йиллари 1939—1945
Унвони Yefreytor
Ҳарбий  қисм „Чекист“ партизанлик бригадаси
Қўмондонлик қилган 5-отряднинг разведка бўлинмаси
Лавозими командир
Жанг/уруш Иккинчи жаҳон уруши, Белоруссиядаги партизанлик ҳаракати
Мукофотлари


Vatan urushi partizani Андоза:1941-45 йил. Улуғ Ватан урушининг 20-йиллик ғалабаси
Отаси Топволди (Топиволди, Болди) ота
Онаси Мелибува ая
Болалари Валентина Николаевна Козловская
Муборакхон Топиволдиева (1946—2010)
Аҳмадали Топиволдиев (1949—2009)
Ҳомиджон Топиволдиев (1956—2009)
Мавлудахон Топиволдиева (1959)
Ҳасанбой Топиволдиев (1962)
Матлубахон Топиволдиева (1962)
Фарҳоджон Топиволдиев (1963)
Қаҳрамон Топиволдиев (1965)
Истеъфода Риштон туманидаги колхоз раиси

Топиволдиев уруш даврида шахсан ўзи 5 та эшелонни портлатган, қўл жангида 76 нафар немис аскарини йўқ қилган, бир нафар немис генералини асирга олган➤.

Топиволдиевнинг қўлга олиниши учун Адолф Ҳитлер томонидан немис аскарларига 50 минг (айрим манбаларда 25 минг) рейхмарка пул мукофоти ваъда қилингани айтилади. Топиволдиевни белоруслар, шунингдек, сафдошлари ҳамда немислар „Осиё арслони“ (ёки „Осиё йўлбарси“), „Казбек“, „Толя Казбек“, „Толик Казбек“, „Чекист“, „Казбек Ботир“ деб аташган➤.

Мамадали Топиволдиев СССР Олий Совети Президиуми фармонларига асосан Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони, „Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган пахтакор“ фахрий унвони, Ленин ордени, Меҳнат Қизил Байроқ ордени, Қизил Юлдуз ордени, „Ҳурмат Белгиси“ ордени, „Жасурлик учун“ медали, „Жанговар хизматлари учун“ ордени, 1-даражали „Улуғ Ватан уруши партизанига“ медали, „1941—1945-йиллардаги Улуғ Ватан урушида Германия устидан қозонилган ғалаба учун“ медали, „1941—1945-йиллардаги Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг йигирма йиллиги“ медали, „СССР Қуролли Кучларининг 50 йиллиги“ медали билан мукофотланган➤.

Мамадали Топиволдиев вафотидан сўнг номини абадийлаштириш мақсадида бир қатор кенг кўламли тадбирлар амалга оширилган. Ҳозирга қадар унинг хотирасига бағишлаб анжуманлар, хотира кечалари, тадбирлар ўтказилиб келинмоқда➤.

Таржимайи ҳоли

Мамадали Топиволдиев 1919-йил 20-сентябр (баъзи манбаларда 3-сентябр)[1][2] Фарғона вилояти, Қўқон уезди, Риштон волости, Пандигон қишлоғи деҳқон оиласида таваллуд топган[3][4]. Миллати ўзбек. Отаси Топволди (Топиволди, Болди) деҳқончилик билан шуғулланган, онаси Мелибува уй бекаси бўлган. Оилада 4 нафар фарзанд бўлишган, тўнғич фарзанд Мамадали, ундан сўнг эса Йигитали, Маҳмуджон, Ойимчахон[2][5]. Мактабда бошланғич таълимни (7 йиллик) тугатгандан сўнг, 1934-йилдан Риштон тумани алоқа бўлимида почтачилик қилган, Оқ ер қишлоғидаги 1-машина-трактор стансияси қошидаги тракторчилик курсида ўқиб, колхозда тракторчи бўлиб ишлаган[1]. Яна бўш пайтлари рус, татар, тожик миллатига мансуб риштонлик дўстлари билан бирга Бағдод туманидаги Серово (ҳозирда Фурқат) темир йўл стансияси ишчиси бўлиб ҳам ишлаган[6]. 1939-йилда ҳарбий хизматга сафарбар этилган[7]. Дастлаб Ломжа шаҳри[6] (баъзи манбаларда эса Бобруйск шаҳри)[8] ёнида жойлашган 130-артиллерия полкида механик ҳайдовчи вазифасида хизмат қилган[9][10]. 1940-йилда Белосток шаҳридан полкига қайтаётганида жуда муҳим топшириқни бажараётган немис жосусини тириклайин ушлаган[1]. 1945-йилдан КПСС аъзоси[7].

Урушдаги фаолияти

Топиволдиев 1941-йилдан Иккинчи жаҳон урушида иштирок эта бошлайди[9]. Ғарбий фронт таркибида Белоруссиядаги мудофаа жангларида иштирок этган. Уруш пайтида Топиволдиевнинг ҳарбий қисми Минск вилояти, Борисов шаҳрида яқинида немислар қуршовида қолиб кетади. Қуршовдан фақат ўзи ва сафдоши Иван Рилков омон қолишиб, оёғидан оғир яраланган ҳолда Могилёв вилоятидаги Иваннинг Пасерово (Писарево) қишлоғига жўнаб кетишади. Иваннинг онаси Анна (Галина) Василевна Рилкова Топиволдиевга ўз уйидан бошпана берган[11], аммо қишлоқдаги айрим шахслар Топиволдиевнинг яширинган жойи ҳақидаги хабар немисларга етказишади, немис аскарлари Рилкова уйини тинтув қилишиб, уни қамчилаб жазолайди ва уйини ёқиб юборишади. Ертўладаги картошка уюмига кўмилиб олган Топиволдиев ёнғинда тасодифан тирик қолиб, Рацев ўрмонидаги партизанлар отрядига қўшилади[6]. Бу отрядга Топиволдиевдан ташқари қуролдошлари Иван Рилков ва десантчи Николай Пахота ҳам қўшилган. Ортрайдга собиқ рота сиёсий раҳбари (русча: политический руководитель) мордвалик Александр Фёдорович Симдянкин раҳбарлик қилган[11].

1941-йил ноябрида Топиволдиев ва Пахота немислар томонидан эгалланган Борисов шаҳридаги қамоқ лагеридан 146 нафар ҳарбий асирни озод этишади[6][12]. 1942-йил февралида Круглое шаҳрида разведка чоғида Топиволдиев Ҳилфсполизеи (таржимаси „кўмакчи полиция“) томонидан асирликка олинади, аммо эртаси куни Топиволдиев қўриқчини ўлдириб, қочиб кетади. Сўнгра 13 нафар аскардан иборат партизанлик гуруҳи тузиб, Пасерова, Дудакович, Оглобли қишлоқларида ўз фаолиятини олиб боришади[6]. Тез орада гуруҳ чегара офицери Герасим Алексевич Кирпич раҳбарлик қилаётган партизан отрядлари уюшмасига (русча: объединение партизанских отрядов) қўшилади.

Бошқа маълумотларга кўра, Пасерово қишлоқ аҳолиси хирмонни эрта йиғиб олиб, уни немислардан яширишга келишиб олади, ўз навбатида, Топиволдиев қишлоқдаги ягона тракторни тузатиб, хирмонни йиғиштиришда ёрдам беради. Бундан хабар топган Ҳилфсполизеи (таржимаси „кўмакчи полиция“) Топиволдиевни асирга олишиб, Круглоедаги қамоқ лагерига жўнатишади. Топиволдиев лагердан қочиб, Кирпич отрядига қўшилади.

1942-йил май охирида отряд кенгайганлиги сабабли „Чекист“ партизанлик бригадаси сифатида қайта ташкил этилади. Бригада аскарлари турли миллат вакиллари бўлишган, жумладан, Топиволдиев, когонлик Ғаппор Султонов (1917—1943)[13][14] ўзбек, Анатолий Хайнацкий, Иван Куликов беларус, Николай Фёдоров, Павел Голицин рус, Николай Апанасенко, Василий Юрченко украин, Александр Симдянкин, Николай Коянов мордвалик, Алексей Дего уссурийсклик, Мусул Мажитов, Қосим Аисогалиев қозоқ, Султан Мурмахет татар, Иван Амбросимов удмурт, Даниил Аидаров, Степан Якимов осетин, Иван Христолюбов марий, Иван Данилов чуваш, Илдерхан Умаханов қўмиқ, Мултон Элконович яҳудий миллатидан бўлишган[15].

1942-йил июл ойида Круглянск, Биялиничий, Толочинск, Орша, Лепелск, Шкловск туманларидаги партизанлик отрядлари ҳам бригадага келиб қўшилади. 5-отряд разведка бўлинмаси командири сифатида илк ҳарбий ҳаракати Смоленскдан Минскга кетаётган душман поездига қилган ҳужуми бўлган. Троцилово — Славная стансияси оралиғида поезд тўлиқ йўқ қилинади. Ўша йилнинг октябрида Топиволдиев аҳолидан чорвасини тортиб олиб, Подберезино қишлоғига тўплаган немис аскарларини йўқ қилиш режасини ўйлаб топади ҳамда қўриқчи немис аскарини йўқ қилиб, подани отряд штабига олиб келади[6].

1942-йил кузида бригада таркиби янада кенгаяди, аммо бригада Олий бош қўмондонлик билан ҳали ҳам ўзаро алоқа ўрнатмаганди. Қўмондонликка тўпланган маълумотларни етказиш Топиволдиевга юклатилади. Топиволдиев бригада томонидан қўлга киритилган фашистларнинг 7 та муҳим маълумотини Москвага, яъни Олий бош қўмондонликка етказади[13]. Москвада қўпорувчилик мактабида таҳсил олиб, 1943-йил баҳорида бригадасига қайтиб келади[9][11][16].

1943-йил 28-майда Топиволдиев Николай Апанасенко билан бирга Школовск туманиги Климович қишлоғида 20 нафар немис аскарларини асир олади.

1943-йил 13—15-июн кунлари якка ўзи Воронсевичи қишлоғида немисларнинг енгил ва юк автомобилларини портлатиб юборади.

1943-йил 26-августда Логовшино қишлоғида жойлашиб олган фашист отрядини бир ўзи пулемёти билан йўқ қилади.

Шу йилнинг ёз фасли охирида сафдоши Николай Каёнов билан аёллар кийимини кийиб олган ҳолда Любанчи қишлоғига кириб олишиб, у ерда жойлашган 15 нафар немис аскарини қириб ташлайдилар[17]. Воронсевичи қишлоғидаги жангда эса 8 нафар немисни йўқ қилишиб, 3 нафар партизанни қутқаришади. Ушбу жасорати учун Топиволдиев Қизил Юлдез орденига тавсия қилинади.

1943-йил сентябрида Толочин қишлоғига келиб ўрнашган Туркистон легиони билан музокаралар ўтказиш орқали таслим бўлишга кўндиради. Легиондан 27 (баъзи манбаларда 17)[18] киши партизанлик ҳаракатига қўшилади[19][16]. 7-октябрда бўлинмаси билан Ореховка қишлоғидаги фашистларнинг франсуз гарнизонини йўқ қилган[18].

1943-йил декабр бошида Топиволдиев бўлинмаси билан Толочинск тумани марказида жойлашган фашистлар гарнизонига ҳужум қилиб, юзлаб асир тушган совет аскарларини озод қилишади. Аскарлар орасида Ўрта Осиё вакиллари ҳам бўлишган. Улар орасида кейинчалик тожикистонлик Карим Дадабоев, қорақалпоғистонлик Абдулла Бектемиров, Бешариқ туманидан Бердиқул Раҳимов, Асакадан Қурбон Ҳайдаров, Раҳматжон Йўлдошевлар партизанлик ҳаракатига қўшиладилар[20].

1944-йил июнида охирги партизанлик ҳаракатида иштирок этади[11]. Топиволдиев Олий бош қўмондонликка яна бир муҳим маълумотни етказган. Маълумотда Белоруссияни озод қилишда аҳолини хавфсизлигини таъминлаш, муҳим обектларнинг жойлашуви, душманга қарши қайси йўналишларда зарба беришга оид кўрсатмалар, партизанлар штабида тайёрланган махфий хариталар бўлган. Натижада 1944-йил ёзида Олий бош қўмондонлик қарорига асосан Белоруссияи тўлиқ озод қилиш бошланади ва 1944-йил 3-июл куни Белоруссия тўлалигича озод қилинади.

Шундан кейин Мамадали Топиволдиев 1944-йил 5-июл куни қўмондонлик топшириғига кўра, Орша шаҳри ҳарбий комендатурасида махсус лавозимда фаолият юритади.

Мамадали Топиволдиев урушда бир қанча ҳарбий ютуқларга эришган, жумладан, 19 та эшелонни, гуруҳи билан 14 та эшелонни[19], шахсан ўзи эса 5 та эшелон (шундан 4 тасини Приган қишлоғи ҳудудида) портлатиб юборган, қўл жангида 76 нафар немис аскарини йўқ қилган, бир нафар немис генералини асирга олган[10]. Топиволдиевнинг асосий қуроли пулемёт бўлган[19], қайд варақасида 150 дан ортиқ немис аскарлари, офицерларни қириб ташлагани, 180 нафарини асир олгани, 20 дан ортиқ автомашинани йўқ қилгани келтириб ўтилган[13]. Топиволдиевнинг қўлга олиниши учун Адолф Ҳитлер томонидан немис аскарларига 50 минг (айрим манбаларда 25 минг)[12] рейхмарка пул мукофоти ваъда қилинган[1][16][17][21].

„Казбек“, „Толик“ номларининг келиб чиқиши

Мамадали Топиволдиев биринчи маротаба „Чекист“ партизанлик бригадасида бўлганида, ундан кимлигини сўрашганда Топиволдиев „Ўзбек“ дея жавоб берган, аммо партизанлар унинг талаффузига тушунмасдан „Казбек“ деб чақириша бошлайдилар[22]. Тутинган онаси Анна Василевна Топиволдиевнинг исмини айтишга қийналгани учун уни „Толик“, „Толя“ деб атай бошлайди[19][16][17]. Ҳарбий жанговар операциядан кейин Мамадали Топиволдиев ханжари билан девор ва дарахтларга „Казбек“ исми ўйиб туширган, шу орқали душманни қўрқувга солиб турган[1]. Топиволдиевни белоруслар, сафдошлари ва немислар „Осиё арслони“ (ёки „Осиё йўлбарси“), „Казбек“, „Толя Казбек“, „Толик Казбек“, „Чекист“, „Казбек Ботир“ деб аташган[23].

Урушдан кейинги фаолияти

Мамадали Топиволдиев 1945-йил 8-майда ҳарбий хизматдан озод этилади[24]. Бир мунча муддат Минск шаҳрида яшаб, Белоруссия ССР Қишлоқ хўжалиги халқ комиссарлигида ҳайдовчи бўлиб ишлайди[19], сўнгра ўз қишлоғига қайтиб кетади. 1947-йил 16-февралда Ўзбекистон ССР Олий Совети 1-чақириқ депутати этиб сайланади[3]. 1946-йил Ворошилов номидаги колхоз раиси, 1952—1953-йилларда туман истеъмолчилар уюшмаси бўлими раҳбари, 1953—1953-йиллари Риштон ГЕС раҳбари, 1953—1954-йиллари Ўзбекистон ССР Озиқ-овқат саноати вазирлигига қарашли Қўқондаги „Узпродтранс“ автобазаси директори, 1954—1969-йиллари „Коммунизм“ колхози раиси бўлиб ишлаган[3][4][25]. Айнан колхоз раиси бўлган даврда Амиробод чўли ўзлаштирилиб, 500 гектар янги ерлар пайдо бўлади. Топиволдиев ташаббуси билан Тошкентда Зоҳидон қишлоғи бош режаси ишлаб чиқилади[26]. Режага асосан қишлоқда пахсали уйлар ўрнига замонавий кўринишдаги янги уйлар қурилиб, қишлоқ газлаштирилади, аста-секинлик билан қишлоқ шаҳар шаклидаги аҳоли пунктига айланади. Колхозда замонавий тиббиёт маркази биноси қурилиб, фойдаланишга топширилади. Топиволдиевнинг ташаббуси ва колхоз маблағлари ҳисобидан қишлоқдаги 3-мактабнинг янги биноси ҳам қуриб битказилади. 1964-йил 25-августда мактабнинг очилиш маросимига Совет Иттифоқи Қаҳрамони, фазогир Юрий Гагарин ташриф буюрган[25][27]. Топиволдиевнинг амалга оширган ишлари туфайли ўша пайтда Зоҳидон қишлоғида 20 нафар шифокор, 80 нафар ўқитувчи, 150 нафар муҳандис-техник, агроном, зоотехниклар меҳнат фаолияти олиб бориша бошлашди[27]. Урушдан кейин бир неча марта Белоруссияга бориб келади. У ерда тутинган онаси Анна Рилковага урушда бузиб ташланган уйи ўрнига янгисини қуриб беради[25]. Шунингдек, урушда бирга хизмат қилган сафдошлари Николай Апанасенко ва Иван Курушевга ҳам ўз қишлоғидан иш топиб берган[19].

Вафоти

Мамадали Топиволдиев 1969-йил 6-май куни[6] ўз ишхонасида (айрим манбаларда 7-май)[7][10][28][29] номаълум шахслар томонидан пичоқланиши (қизи Мавлудахоннинг сўзларига кўра, Раҳим исмли телбасифат киши пичоқлаган)[1][30] туфайли фожиали ҳалок бўлган[12]. Зоҳидон қишлоғидаги қабристонга партизан сафдошлари Николай Апанасенко (1918—1959) ва Иван Курушев (1916—1960) ёнига дафн этилган[31].

Оиласи

Мамадали Топиволдиев урушда бўлган пайтида разведкачи Лидия Корнелова била оила қурган[12]. Аммо Лидия ўзи берилган ҳарбий вазифани бажариш чоғида немисларга асир тушиб қолади, асирликда қочган Лидия бошқа отрядга қўшилади ва шу отряд ёрдамида Петропавл (Қозоғизтон) шаҳрига келади, бу ерда Топиволдиевнинг Валентина исмли қизи туғилади[31]. 1946-йилда Мамадали Топиволдиев Риштон тумани, Уйрат қишлоғидан бўлган Донохон Усмонхўжаевага уйланади[6][30]. Уларнинг 8 нафар фарзандлари Муборакхон (1946—2010), Аҳмадали (1949—2009), Ҳомиджон (1956—2009), Мавлудахон (1959), Ҳасанбой (1962), Матлубахон (1962), Фарҳоджон (1963), Қаҳрамон (1965) Топиволдиевлар бўлган. Аҳмадали Топиволдиев отасининг шарафига ўғилларидан бирига унинг исмини қўйган[32].

Хотира

Қаҳрамонлар аллеясидаги Мамадали Топиволдиевнинг бюсти (Круглое шаҳри, Белоруссия)

Мамадали Топиволдиев хотирасига бағишлаб, бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, Зодиён (Зоҳидон) қишлоғида[29] ва Круглое шаҳридаги қаҳрамонлар аллеясида гранитдан қаҳрамоннинг бюсти ўрнатилган, Фарғона вилоятидаги Риштон, Ҳамза (ҳозирги Тинчлик), Фарғона шаҳарлари кўчаларига[29], Минск шаҳридаги марказий кўчалардан бирига, Могилёв вилояти, Круглое шаҳридаги кўчага, Риштон туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактабига, тумандаги маҳаллалардан бирига номи берилган, Пандигон қишлоғида уй-музейи ташкил қилинган[4]. Витебск вилояти, Толочинск туманинг тарихий ўлкашунослик музейи ҳамда шу туманнинг Воронсевичи қишлоғидаги ўрта мактаб музейида Топиволдиев ҳақидаги материаллар кўргазмаси мавжуд[10]. Круглянск туманида энг яхши хирмончи ва комбайнчилар учун Мамадали Топиволдиев номидаги мукофот таъсис этилди[9][29]. Пасерово (Писарево) қишлоғи эса Топиволдиевка деб қайта номланди[8][33][34][35]. Аммо бошқа манбаларга кўра, қишлоқ номини ўзгартириш таклифи берилган, лекин қишлоқ номи тарихийлиги йўқолиши туфайли бу таклифдан воз кечилган[36]. 2020-йил Тошкент шаҳрида очилган Ғалаба боғидаги „Мангу жасорат“ мажмуасида Мамадали Топиволдиевнинг ҳайкали ҳам жой олган[37]. 2022-йил 8-май куни Зодиён (Зоҳидон) қишлоғида Мамадали Топиволдиев мемориал музейи очилган[38][39][40][41]. 2023-йил 4-май куни Ўзбекистондаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Халқ дипломатияси Риштон тумани ҳокимлиги билан биргаликда Мамадали Топиволдиев хотирасига бағишлаб „Хотира — абадий, қадр — муқаддас“ мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказди[23].

Унвон ва мукофотлари

Мамадали Топиволдиев СССР Олий Совети Прездиуми фармонларига асосан Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони (1944-йил 15-август)[19], Ленин ордени (1944-йил 15-август), „Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган пахтакор“ фахрий унвони (1964-йил 13-ноябр)[11], „Жанговар хизматлари учун“ ордени (1942-йил 13-ноябр), 1-даражали „Улуғ Ватан уруши партизанига“ медали (1944-йил 29-июн), Қизил Юлдуз ордени (1944-йил 15-август), „Жасурлик учун“ медали, Меҳнат Қизил Байроқ ордени (1957-йил 11-январ), „Ҳурмат Белгиси“ ордени (1966-йил 30-апрел), „1941—1945-йиллардаги Улуғ Ватан урушида Германия устидан қозонилган ғалаба учун“ медали, „1941—1945-йиллардаги Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг йигирма йиллиги“ медали, „СССР Қуролли Кучларининг 50 йиллиги“ медали билан мукофотланган[42][43][44].

Кино ва адабиётда тасвирланиши

1973-йилда Ўзбекфилм буюртмаси асосида режиссёр Равил Ботиров томонидан „Незабитая песня“ (русча: „Незабытая песня“) номли бадиий-ҳарбий филм суратга олинган[35]. Филм Мамадали Топиволдиев ҳаёти ҳақида бўлиб, филм бош қаҳрамони Саттор (Казбек) ролини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, машҳур актёр Рустам Саъдуллаев ўйнаган[8][35][45]. Ўзбекистонда ушбу филм „Казбек“ ном остида намойиш этилган.

2003-йилда режиссёр Муқим Йўлдошевнинг ташаббуси ва шахсий маблағи ҳисобидан „Икки халқ фарзанди“ (русча: „Сын двух народов“) номли ҳужжатли филм олинган.

2019-йили Белоруссия ва Ўзбекистонда Тенгиз Думбадзенинг „Улар Белоруссияни озод қилгандилар“ (русча: „Они освобождали Беларусь“) ҳужжатли филми намойиш этилади[35].

2021-йилда режиссёр Али Ҳамроев раҳбарлиги остида ёш киноижодкор Ализода Меҳрубон томонидан „Унутилмас қаҳрамонлар“ ҳужжатли филмлар туркумига кирувчи „Партизан Мамадали Топволдиев“ номли ҳужжатли филми суратга олинди[46].

2021-йил март ойида „Ипак йўли дурдонаси“ номи остида бўлиб ўтган 13-Тошкент халқаро кинофестивалининг якунида „Беларусфилм“ ва Ўзбекистон Кинематография агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳамда қўшма лойиҳа, яъни „Казбек“ номли тўлиқ метражли филмни суратга олиш ҳақида келишув имзоланди[47]. Филмнинг постановкачи режиссёри этиб Муҳаммад Али Искандаров белгиланди[48][49][50]. Дастлаб лойиҳавий номи „Казбек“ бўлган филм „Осиё арслони“ номи остида 2022-йилдан Фарғонада Топиволдиевнинг ёшлик даври суратга олинган[51]. Ёз ойларида эса Топиволдиев урушдаги ҳаракатлари Белоруссияда суратга олинди. Бош ролни таниқли актёр Улуғбек Қодиров ижро этган[52][53][54][55][56].

Мамадали Топволдиев ҳаётига бағишлаб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Ҳамид Бурҳон „Кўприк“ номли ҳужжатли роман („Донишманд зиёси“, нашриёти, Тошкент. 2020-йил)[57], ёзувчи Бахтиёр Абдуғофурнинг „Казбек“ (Осиё арслони) номли роман („Китобдорнашр“ нашриёти, Тошкент. 2023-йил) ёзган[58].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 1,5 Сарвар Зияев. „Боши учун Ҳитлер 50 минг марка мукофот ва'да қилган фарғоналик Казбек“. кун.уз сайти (2021-йил 9-май). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  2. ↑ 2,0 2,1 „Казбек“ — риштонлик партизан 2019, с. 72
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 Файл:Узбек Совиэт Энcйcлопедиа лого.пнг Ўзбек совет энсиклопедияси: 11-жилд (Текислик — Фазлий). Тошкент: „Ўзбек совет энсиклопедияси“ Бош редаксияси, 1978 — 656-бет. 
  4. ↑ 4,0 4,1 4,2 Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг Ўзбекистон миллий энсиклопедияси: 8-жилд (Солнома — Тўйтепа). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2004 — 704-бет. 
  5. ↑ „Посвящается 100-летию со дня рождения Героя Советского Союза Мамадали Топиволдиева“ (рус тилида) (2019-йил 20-сентябр). 2023-йил 21-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  6. ↑ 6,0 6,1 6,2 6,3 6,4 6,5 6,6 6,7 Тўлқинжон Зоҳидов. „Беларуслар қалбидан жой олган ўзбек жангчиси — Казбек ёхуд боши учун Адолф Гитлер 50 минг дойчемарка „мукофот“ ва’да қилган ўзбекистонлик“. дарё.уз сайти (2019-йил 30-июл). 2019-йил 31-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  7. ↑ 7,0 7,1 7,2 „Топвалдыев Мамадали“ (рус тилида). 2023-йил 21-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  8. ↑ 8,0 8,1 8,2 Павел Жуков. „Толик Казбек: диверсант, ставший прототипом киногероя“ (рус тилида) (2021-йил 28-март). 2023-йил 21-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  9. ↑ 9,0 9,1 9,2 9,3 Валерий Воробьев. „Топвалдыев Мамадали“ (рус тилида). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  10. ↑ 10,0 10,1 10,2 10,3 „Топвалдыев Мамадали“ (рус тилида). 2023-йил 22-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  11. ↑ 11,0 11,1 11,2 11,3 11,4 Тоҳир Ҳамроқулов. „Фарзандлик бурчи“. „Гуилстон“ журнали, №7 13—14-саҳифалар (1985-йил 1-июл). 2023-йил 28-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  12. ↑ 12,0 12,1 12,2 12,3 Юлдуз Ўрмонова. „Беларус халқи „Осиё йўлбарси“ деб атаган ўзбек ўғлони ким бўлган?“. „Халқ сўзи“ газетаси сайти (2020-йил 9-май). 2023-йил 22-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  13. ↑ 13,0 13,1 13,2 Миржалол Қосимов. „Ўзбекистонлик партизанларнинг собиқ иттифоқ ҳудудини озод этишдаги иштироки“. Ўзбекистон Миллий университети хабарлари 7-саҳифа (2022). 2023-йил 13-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  14. ↑ „Султанов Гапар“. 2023-йил 22-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  15. ↑ Матюшевская М. И. „Роль семейной памяти и устной истории в современном изучении событий Великой Отечественной войны 1941-1945 гг.“ (рус тилида). 2023-йил 21-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  16. ↑ 16,0 16,1 16,2 16,3 М. Гореликова. „Герой Советского Союза Мамадали Топвалдыев“ (рус тилида) (2019-йил 20-сентябр). 2023-йил 22-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  17. ↑ 17,0 17,1 17,2 Ольга Максимова. „Воевал на Могилевщине и обрел здесь мать. В Узбекистане стартовали съемки фильма о Толике Казбеке“ (рус тилида) (2022-йил 23-май). 2023-йил 22-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  18. ↑ 18,0 18,1 Семья Апанасенко из кубанского хутора Братского 2008, с. 122
  19. ↑ 19,0 19,1 19,2 19,3 19,4 19,5 19,6 „Таких людей мы должны помнить всегда“ (рус тилида) (2022-йил 3-июл). 2023-йил 22-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  20. ↑ „Казбек“ — риштонлик партизан 2019, с. 76—77
  21. ↑ Наим Обломуродов. „Гитлер Мамадали Топиволдиевнинг боши учун 50 минг марка тиккан эди“ (2022-йил 15-ноябр). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  22. ↑ Семья Апанасенко из кубанского хутора Братского 2008, с. 120
  23. ↑ 23,0 23,1 „Хотира — абадий, қадр — муқаддас. Риштон туманида тадбир“ (2023-йил 4-май). 2023-йил 29-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  24. ↑ „Казбек“ — риштонлик партизан 2019, с. 80
  25. ↑ 25,0 25,1 25,2 Петр Климов. „Разведчик Толя Казбек стал названным сыном для спасшей ему жизнь белоруски, а она не пережила, когда его убили в мирное время“ (рус тилида) (2022-йил 2-август). 2023-йил 22-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  26. ↑ „Казбек“ — риштонлик партизан 2019, с. 82
  27. ↑ 27,0 27,1 „Казбек“ — риштонлик партизан 2019, с. 83
  28. ↑ „Тапівалдыеў Мамадалі“ (беларус тилида). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  29. ↑ 29,0 29,1 29,2 29,3 „Они освобождали Беларусь. Герой Советского Союза Мамадали Топвалдыев“ (рус тилида) (2020-йил 13-март). 2023-йил 21-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  30. ↑ 30,0 30,1 YouTube logotipi Боши учун Ҳитлер 50 минг марка мукофот ва’да қилган фарғоналик Казбек ЁуТубеда
  31. ↑ 31,0 31,1 Семья Апанасенко из кубанского хутора Братского 2008, с. 132
  32. ↑ YouTube logotipi Память сердца: сенатор из Узбекистана хранит фотографии друга семьи Мамадали Топволидиева ЁуТубеда
  33. ↑ „В Ташкенте состоялся вечер, посвященный Дню независимости Республики Беларусь“ (рус тилида) (2021-йил 3-июл). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  34. ↑ „То 75-солагии Пирӯзии бузург аз болои истилогарони фашизм моҳҳои башумор мондаанд“ (тожик тилида) (2019-йил 29-октябр). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  35. ↑ 35,0 35,1 35,2 35,3 Маъруф Усманов. „Узбекско-белорусская дружба и эхо прошедшей войны“ (рус тилида) (2019-йил 5-октябр). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  36. ↑ YouTube logotipi Фильм "Казбек": история о подвиге партизана Мамадали Топвалдыева в Беларуси. Главный эфир ЁуТубеда
  37. ↑ Парк Победы: философия мужества и стойкости, с. 64
  38. ↑ Ботир Мадиёров. „Риштонлик қаҳрамон – „Казбек“, „Осиё арслони“ни биласизми?!“. „Халқ сўзи“ газетаси сайти (2022-йил 9-май). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  39. ↑ „Риштоннинг қаҳрамон ўғлони Мамадали Топволдиев мемориал музейининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди“. Фарғона вилояти ҳокимлиги расмий сайти (2022-йил 8-май). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  40. ↑ Ҳамид Бурҳон. „Оталаримиз хотираси мангу яшайди“. 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  41. ↑ „Мамадали Топволдиев мемориал музейи очилди“. Фарғона ҳақиқати газетаси, №36 (2022-йил 10-май). 2023-йил 21-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  42. ↑ „Казбек“ — риштонлик партизан 2019, с. 90—91
  43. ↑ „Топвалдыев Мамадали“ (рус тилида). 2022-йил 28-ноябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  44. ↑ „Топвалдыев Мамадали“ (рус тилида). 2023-йил 27-сентябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  45. ↑ „Незабытая песня“ (рус тилида). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  46. ↑ „“Унутилмас қаҳрамонлар” фильмлари премьера қилинди“ (2021-йил 5-май). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  47. ↑ „Фильм о жизни и подвиге Героя, белорусского подпольщика и сына узбекского народа Мамадали Топвалдыева будет экранизирован в совместном проекте“ (рус тилида) (2022-йил 31-май). 2023-йил 21-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  48. ↑ „В Ташкенте презентовали новые узбекско-белорусские кинопроекты“ (рус тилида) (2022-йил 11-май). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  49. ↑ „"Беларусьфильм" и "Узбекфильм" приступили к съемкам совместной киноленты под рабочим названием "Казбек"“ (рус тилида) (2022-йил 14-май). 2023-йил 19-октябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  50. ↑ „Улуғбек Қодиров яна бир филмда бош ролни ижро этмоқда“ (2022-йил 8-май). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  51. ↑ „Узбекские и белорусские кинематографисты приступили в Фергане к съемкам фильма «Азиатский Лев»“ (рус тилида) (2022-йил 8-май). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  52. ↑ „Узбекфильм приступил к съемкам картины о партизане Мамадали Топвалдыеве. Его сыграет Улугбек Кадыров“ (2022-йил 8-сентябр). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  53. ↑ „Улуғбек Қодиров ўзбек-беларус филмида суратга тушади. Филм бюджети 2 миллион доллар“ (2022-йил 12-ноябр). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  54. ↑ „Листопад кинофестивали доирасида ўзбек-беларусь қўшма лойиҳасида таниқли киноактёр Улуғбек Қодиров “Казбек” фильмидаги бош ролга тасдиқланди“ (2022-йил 12-ноябр). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  55. ↑ „Улуғбек Қодиров иштирокидаги “Осиё арслони” фильмини суратга олиш ишлари бошланди“. 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  56. ↑ „Улуғбек Қодиров ўзбек-беларус қўшма кинолойиҳасида бош ролни ижро этади“ (2022-йил 12-ноябр). 2023-йил 20-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  57. ↑ Муҳиддин Абдусаматов. „Ёзувчилар туҳфаси: Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...“. уза.уз (2020-йил 14-май). 2023-йил 21-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.
  58. ↑ Шаҳноза Соатова. „Боши учун 1 млн доллар тикилган ўзбек йигити“. хабар.уз (2023-йил 27-май). 2023-йил 21-июнда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 20-июн.

Адабиётлар

Ҳаволалар