Мамзер (аёлларга нисбатан мамзерет ишлатилади) — Галахага кўра, яҳудийликда қариндошлар ўртасидаги никоҳ воситасида ёки ноқонуний туғилган чақалоқ. Шунингдек, Галахада баён этилган муайян қоидалар асосида бузилмаган никоҳдан кейинги иккинчи никоҳ туфайли туғилган чақалоқ ҳам мамзер ҳисобланади. Мусонинг Беш китобида мамзер атамаси фақат бир марта ишлатилган: „Мамзер Парвардигорнинг жамоасига кирмасин, унинг ўнинчи авлоди ҳам Парвардигорнинг жамоасига кирмасин“. Шунга биноан, Галахада мамзер ва унинг авлодлари билан қариндош тутиниш таъқиқланган. Баъзи манбаларда эса мамзернинг ўнинчи авлодидан кейинги фарзандлари билан бошқа яҳудийларнинг никоҳ қуришига рухсат берилганлиги айтилади. Мамзер атамасининг келиб чиқиши маълум эмас. Септуагинтада ушбу сўз „суюқоёқ аёлнинг фарзанди“деб, пайғамбар Зхария китобида эса „бегона қабила“ деб таржима қилинган. Раши уни „бегона халқ“, Нахманид эса „ўзининг биродарларига бегона, келиб чиқиши номаълум“ кимса сифатида изоҳлаган. Галахага кўра, никоҳ борасида мамзерларнинг ҳуқуқлари чекланган бўлиб, улар ўзаро ёки прозелитлар билангина никоҳ қуришлари мумкинлиги белгилаб қўйилган. Қолган масалаларда эса улар бошқа яҳудийлар билан тенг ҳуқуқли ҳисобланадилар. Талмудда „шубҳали мамзер“ — асуфи („қабул қилинган“, яъни ташландиқ бола) ва „штуки“ („беркитилган“, яъни турмуш қурмаган аёлдан туғилган фарзанд, одатда аёл унинг отасининг исмини айтишдан бош тортади ёки унинг отаси кимлиги номаълум эканлигини иддао қилади) тушунчалари ҳам мавжуд. Бироқ чақалоқ муайян эҳтиёж (очлик ва уруш каби) сабабли ташлаб кетилганлиги, ёки кимдир у ҳакда қайғурганлиги (хатна қилинган, топиш осон бўлган жойда қолдирилган) маълум бўлса, у шубҳали мамзер деб ҳисобланмайди. Шунингдек, агар турмуш қурмаган аёл фарзандининг отасини маълум қилмасдан, унинг мамзер эмаслигини айца штуки ҳам шубҳали мамзер ҳисобланмайди. Шубҳали мамзер фақатгина прозелит аёл билан турмуш қуриши мумкин бўлади. Баъзи манбаларга кўра мамзерлар Талмуд муаллимлари томонидан ўрнатилган ажралиш маросимлари ҳамда талоқ хатининг шаклига амалга қилмаганлиги учун ҳам шубҳали деб ҳисобланадилар. Яҳудийликдаги ислоҳотчилик ҳаракатида Галаха томонидан ўрнатилган ажралиш маросими мажбурий эмас деб тан олинган. Яҳудий халқ лексикасида „мамзер“ сўзи одатда „айёр, уддабурон инсон“ маъносида қўлланади. Мамзер мақоми масаласида Галаханинг мутаассиб тарафдорларининг шафқациз ёндашувидан фарқли равишда, Аггад мамзер тақдирига ачиниш билан муносабат билдиради[1].

Манбалар

  1. ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 285.

Адабиётлар

  • Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.