Файл:Генерал виэwс оф Бишкек, Кйргйз Републиc (30274818043).жпг

Манас — қирғиз халқ қаҳрамонлик эпоси. Асар 3 қисмдан иборат (500-553 мисра). Генеологик сикл асосида бош қаҳрамон Манас, унинг ўғли Семетей ва Семетейнинг ўғли Сейтекнинг қаҳрамонона ҳаёти тафсилига бағишланган. ,,Манас" назмда ёзилган бўлиб, шеъриятнинг сажъ йўли билан айтилган. ,,Манас" одатдаги қаҳрамонлик эпоси кўламидан анча кенг. У қирғиз ҳаётининг ўтмишдаги қарийб барча соҳаларини ўзида жамлаган ва шу жиҳати билан ,,Қирғиз халқи ҳаётининг бадиий қомуси" деб эътироф этилади. Асарнинг асосий мотиви қаҳрамонона ватанпарварликдир; унда она юртни ташқи ва ички ёвлар зулмидан қутқариш ва қўриқлаш, зулм ва ҳақсизликка нафрат, диний ва миллий анъаналарга ҳурмат етакчилик қилади. Достонда миллий турмушнинг барча жиҳатлари кенг кўламда ва теран акс этган, шунинг учун ҳам Чингиз Айтматов уни ,,Қ0адимги қирғиз руҳининг сарбаланд чўққиси" деб атаган эди. Асарда Бақай, Алмамбет, Қўшай, Сирғақ, Хоникей, Алоке, Чубақ, Семетей, Қўзқаманлар, Ойчурек каби ўзига хос характерга эга бўлган ўнлаб хилма-хил етакчи образлар бор. ,,Манас" эса бутун эпос воқеалари марказида турадиган бош қаҳрамондир. Асарда юзлаб персонажлар иштирок этиши, воқеалар қарийб юз йиллик муддат ичида Осиёнинг жуда катта ҳудуди — Узоқ Шарқдаги Амур дарёси бўйларидан тортиб Олтой, Марказий Осиёдаги воқеаларни қамраб олганлиги туфайли, ,,Манас" ниҳоятда кенг кўламга эга — у ҳажман нафақат туркий эллар фолклоридаги, балки дунёдаги энг йирик достон ҳисобланади; 1-қисмининг ўзи 250 минг мисрадан ортиқ.

,,Манас"нинг алоҳида аҳамияти шундаки, у бирон-бир уруғ ё қабила достони бўлмай, умумхалқ эпосидир, иккинчидан, унда тасвирланган воқелик тугал — бошланиши ва якунига қадар мумтоз қаҳрамонлик эпосининг жанр хусусиятларига тўла мувофиқ келади ва шу жиҳати билан ҳам монументалдир.

,,Манас"ни ўрганиш ХИХ асрнинг 2-ярмидан бошланган. Қозоқ этнографи Ч.Ч.Валихонов, кейинроқ В. В. Радлов ,,Манас"дан парчаларни илк бор қоғозга тушириб, унинг рус ва немис тилларидаги тагламасини тақдим қилишган. ХХ асрда эпос манасчи Соғимбой Ўрозбеков, Саёқбой Қоралаев ва бошқа оқинлар ижросида ёзиб олинган. ,,Манас" ҳозир ҳам яратилаётган ва жонли ижро этилаётган дунёдаги ягона эпосдир. Ҳозирга қадар ,,Манас" нинг 80 дан ортиқ варианти ёзиб олинган. Достон ХХ асрда В.В.Жирмунский, М.Авезов, Р.З. Қодирбоева ва бошқа олимлар томонидан теран тадқиқ этилган. Қирғизистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида ишлаб турган ,,Манас" бўлими манасшуносликни илмий ўрганиш ва мувофиқлаштириш маркази ҳисобланади.

,,Манас" нинг бошқа туркий халқлар достонлари билан муштарак жиҳатлари борлиги тўғрисида гипотезалар мавжуд, аммо тасдиқланмаган; ўхшаш мотивлар эса генеалогик эмас, балки типологик асосга эга.

,,Манас" қирғиз халқининг миллий ифтихоридир, халқаро аэропорт, институт ва бошқаларга ,,Манас" номи берилган, 2 жилдли ,,Манас" энсиклопедияси нашр этилган. ,,Манас" ўзбек тилига илк бор 1958-йилда ,,Қирғизистон ҳақиқати" газета нашриёти ходимлари томонидан қисман ўгирилган эди. 1964-йилда Миртемир таржимасида эпоснинг 1-қисми босилиб чиқди. Бу таржима Ч.Айтматов ва бошқа қирғиз ҳамда ўзбек олимларининг юксак баҳосига сазовор бўлган. ,,Манас"нинг 2-қисми эса Султан Акбарий томонидан анча қисқартиришлар билан 1982-йилда нашр этилди ва ниҳоят, ,,Манас"нинг болалар учун тайёрланган варианти таржимаси 1995-йил босилиб чиқди (унинг таржимони Т.Адашбоев Халқаро ,,Манас" олтин медали билан тақдирланди).

1995-йил барча туркий тилли давлатларда ,,Манас" эпосининг 1000 йиллиги халқаро миқёсда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланди.

Зуҳриддин Исомиддинов.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил