Mangʻishloqxon
| Манғишлоқхон (Ман Қишлоқ, Манғишлоқ султон) | |
|---|---|
| чиғатойча: منغیشلاق | |
| Таваллуди |
Манғишлоқ 1454-йил |
| Вафоти |
1528-йил Шайбонийлар давлати |
| Фуқаролиги |
Аштархон хонлиги → Темурийлар империяси→ Шайбонийлар давлати |
| Дини | Ислом |
| Болалари |
Ёр Муҳаммад Турсунбека хоним |
| Отаси | Чавоқ (Жувоқ) султон |
Манғишлоқхон (чиғатойча: منغیشلاق; 1454-йил, Аштархон хонлиги – 1528-йил, Шайбонийлар давлати) – чингизий шаҳзода. Тўқай Темурийлар хонадони вакилларининг Аштархон хонлигидан Туркистонга кўчиб келиб ўрнашган тармоғи бошчиси. Бухоро хонлигида ҳукмронлик қилган Аштархонийлар ўзбек сулоласи вакилларининг аждоди – бобокалони.
Манғишлоқхон шахси, унинг таржимайи ҳоли ва ижтимоий фаолияти, тарихдаги ўрни фанда етарлича ўрганилмаган. У ҳақида батафсил нақл қилинган ягона ўрта аср манбаси бу Маҳмуд ибн Валининг Баҳр ул-асрор асаридир. Бошқа йилномачиларнинг битикларида у фақат генеалогик бўғин сифатида кўрсатилган. Шундай бўлса-да, Баҳр ул-асрорда ҳам анахронизмларга йўл қўйилгани кузатилган.
Аксарият тадқиқотчилар томонидан Манғишлоқхон Баҳр ул-асрорда айтилган маълум бир ҳудудда ҳукмронлик қилгани ҳақидаги маълумот инкор этилади.
Манғишлоқхон Аштархон хонлиги ҳудудиданТуркистонга темурий султон Ҳусайн Бойқаро (1470–1506) ёки шайбоний ҳукмдор Кўчкунчихон (1512–1530) ҳукмронлиги даврида ташриф буюрган. Шайбоний Жонибек султоннинг авлодлари тарбияси билан шуғулланган ва унинг хонадони билан янги қариндошчилик риштасини ўрнатган. Кейинчалик Манғишлоқхоннинг авлодлари бўлмиш Аштархонийлар Бухоро хонлиги тахтини Шайбонийлардан мерос қилиб олиб, қарийб 150 йил давомида давлатда ҳукмронлик қилишган.
Манғишлоқхон Туркистонда вафот этган, қабртоши ўз даврида Жонибек султонга мерос бўлган Миёнқол ҳудудидан топилган.
Шахсининг ўрганилиши
Манғишлоқхон шахси, унинг таржимайи ҳоли ва ижтимоий фаолияти, тарихдаги ўрни фанда етарлича ўрганилмаган. У ҳақида батафсил нақл қилинган ягона ўрта аср манбаси бу Маҳмуд ибн Валининг „Баҳр ул-асрор“ асаридир. Бошқа йилномачиларнинг битикларида у фақат генеалогик бўғин сифатида кўрсатилган[1][2]. Баҳр ул-асрор асари асосида Тўқай Темурийларнинг сиёсий тарихи бўйича изланишлар олиб борган Антон Алексеев, Аштархон хонлиги мавзусида монография яратган Иля Зайцев, Аштархоний ҳукмдорлар мавзусида монография ёзган Акбар Замонов, бир қанча тарихий шахслар генеалогиясини ўрганган тарихчи-эпиграф Бобур Аминов каби тадқиқотчиларнинг китобида ва туркийшунос Вадим Трепаловнинг илмий мақоласида Манғишлоқхон ҳақида фан учун янги бўлган бир қанча маълумотлар манбалар таҳлили ва илмий фаразлар орқали келтирилган[3][4][5][6][1][2].
Келиб чиқиши
Манғишлоқхон насабининг тармоғи Чингизхонга етади ва Жўжихоннинг 13-ўғли Тўқай Темурга бориб тақалади. Тарихдан маълумки, Тўқай Темурга 14 улус мулк қилиб берилган. Унинг улуси таркибига Манғишлоқ, Ҳожи Тархон ва Шимолий Кавказдаги аслар ери кирган[7].
Қуйида Манғишлоқхон насабининг келиб чиқиши Абулғози Баҳодирхоннинг „Шажарайи турк“[шарҳ 1][8], Абдураҳмон Толенинг „Тарихи Абулфайзхон“, Ҳожи Мир Муҳаммад Салимнинг „Силсилат ас-салотин“, Шаҳобиддин Маржонийнинг „Мустафад ал-ахбор фи аҳволи Қозон ва Булғор“ асарларида қай тарзда келтирилгани кўрсатилган[1][2]. Жадвалда шунингдек Абдусаттор Жуманазар томонидан Абдулқодир ибн Муҳаммад Аминнинг „Мажмаъ ал-ансоб ва-л-ашжар“ асарига асосан, лекин, асарда Шайбонийлар ва Аштархонийлар шажараси чалкашиб кетган ўринлар учрайди учун, айнан асардан кўчирма бўлмаган ва асардаги маълумотлар бошқа манбалар билан қиёслаб борилиб аниқланган насабнома ҳалқаси ҳам келтирилган[шарҳ 2][9]:
| Абулғози Баҳодирхонда | Абдураҳмон Толеда | Ҳожи Мир Муҳаммад Салимда | Шаҳобиддин Маржонийда | Абдусаттор Жуманазарда |
|---|---|---|---|---|
| Жўчихон | Жўчихон | Жўчихон | Жўчихон | Жўчихон |
| Тўқай Темур | Тўқай Темурхон | Тўқай Темурхон | Тўқай Темур | Тўқай Темур |
| Ўзтемур | Ўзтемур | Ўзтемурхон | Ўзтемур | Ўзтемур |
| Абай | Темур Қутлуғхон | Абай султон | Абай | Абай |
| Нумған | Қутлуғ Темурхон | Нумган | Тумган | Тумаған |
| Қутлуқ Темур ўғлон | Ўзтемурхон | Темурбекхон | Қутлуғ Темур | Қутлуғ Темур |
| Темур Қутлуқхон | Тўқай Темурхон | Қутлуғхон | Гали Темур | Али Темур |
| Темур султон | Қутлуғ Темурхон | Темур | Темур Қутлуғ | Темур Қутлуғ |
| Муҳаммадхон | Аҳмадхон | Темурхон | Темур султон | Темур султон |
| Чавақ султон | Жувак Муҳаммад | Муҳаммадхон | Муҳаммад | Муҳаммадхон |
| Манқишлоқ султон | Боғлишдодхон | Чавоқхон | Чувок | Чавоқ |
| Манғишлоқхон | Манғишлоқ | Манғишлоқ |
Насабномалардан маълум бўлишича, Темур-Қутлуғдан кейинги хронологик оралиққа ХВ ва ХВИ асрлар тўлиқ мос келади. Жадвалдаги маълумотлар асос қилиб олинса, бу икки асрда фақат тўрт киши – Темур, Муҳаммад, Чавоқ ва Манғишлоқнинг яшаган даври бўлиб чиқади[1][2].
Насабномаларда Манғишлоқхон Чавоқнинг (Жувоқ, Чувок, Чавақ) ўғли сифатида кўрсатилган бўлса[1][9], Маҳмуд ибн Валининг Баҳр ул-асрор асарида у Аҳмадхон ва Маҳмудхонларнинг укаси ва Кичик (Кучук) Муҳаммаднинг ўғли деб берилган. Насабномаларда Кичик Муҳаммаднинг исми Муҳаммад тарзида ёзилган[10][11].
Маҳмуд ибн Валига кўра Олтин Ўрданинг сўнгги расмий хони бўлган Кичик Муҳаммад (1432–1459) 1449-йилда[шарҳ 3] вафот этганида унинг ўғиллари Маҳмудхон 11 ёшда, Аҳмадхон 8 ёшда, Манғишлоқхон 5 ёшда ва Бошбек султон ҳали онасининг қорнида бўлган[12]. Антон Алексеев Баҳр ул-асрордаги ушбу маълумотга асосланиб „1459-йили Кучук Муҳаммад вафот этган деб қабул қилсак, унда Манғишлоқхоннинг туғилган йили 1454-йил бўлади“, деб аниқ бир йилни кўрсатган[12][1][2].
Акбар Замонов ўзининг „Бухоро хонлигининг Аштархоний ҳукмдорлари“ деб номланган монографиясида Манғишлоқхоннинг исми тарихий асарларда турли вариантларда ёзилганини, бу исм Абдураҳмон Толенинг „Тарихи Абулфайзхон“ асарида Боғлишдодхон ибн Жувоқ Муҳаммадхон кўринишида ҳам келишини таъкидлайди[11].
Иля Зайцев Абулғози Баҳодирхон, Абдураҳмон Толе, Шаҳобиддин Маржоний, Мурат Рамзий берган маълумотларга асосланиб, Аштархонийлар насабномаси ҳақида фикр юритади ва уни „нотўғри талқин қилинган шажара“, деб таъкидлайди[10][11].
Баҳр ул-асрорда ёзилишича, Манғишлоқхоннинг онаси манғитлар (нўғайлар) улусидан ва қўнғиротлар қабиласи бошчисининг қизи бўлган. Бу икки қабила жуда кўпчиликни ташкил қилиб, Манғишлоқхонга ҳукмронлик қилиши учун берилган ҳудудда бошқа уруғ ва қабилаларга нисбатан юқори устунликка эга бўлган[13].
Ҳукмронлик қилгани ҳақидаги фикрлар

Манғишлоқ исми Ўрданинг сиёсий лидерлари орасида учрамайди учун Антон Алексеев Манғишлоқхон Қуйи Волгабўйида ҳеч қачон бўлмаган ва ҳеч қачон ҳукмронлик қилмаган, деган хулосага келади[12]. Ундан ташқари Иля Зайцев „Абулғози Баҳодирхон ёзиб қолдирган насабномадаги хонлар орасида Астраханда амалда ҳукмронлик қилган бирорта ҳам ҳукмдор йўқ“, деб ёзади[10]. Бобур Аминов тадқиқот олиб борган Ман Қишлоқнинг (Манғишлоқнинг) қабртошидаги маълумотларга кўра, Манғишлоқ ҳамда унинг отасининг исмидан сўнг ҳукмдорларга хос „хон“ унвони эмас, аксинча, сулола вакили эканлигини билдирувчи „султон“ унвони кўрсатилган[11][14].
Маҳмуд ибн Валининг „Баҳр ул-асрор“ асарида эса Манғишлоқхонга ҳукмронлик қилиши учун маълум бир ерлар ажратилгани ҳақида сўз боради. Асарга кўра, Манғишлоқхон Аҳмадхон ва Маҳмудхоннинг укаси бўлган. Ўзбек улуси ҳукмдори Абулхайрхон (1428–1468) вафотидан кейин Кичик-Муҳаммаднинг бу уч авлоди Жўжи улусининг ҳокимияти ва ҳудудини ўзаро тақсимлашган. Маҳмудхон олий ҳукмдорга айланган; Аҳмадхон Хоразмни ва Дашти қипчоқнинг „айрим вилоятларини“ эгаллаган; Манғишлоқхон Ўрду-Бозор, Ҳожи Тархон ва „бутун Итил (Волга) қирғоғини“ бошқара бошлаган[13][1][2].
Манғишлоқхоннинг онаси манғитлар (нўғайлар) улусидан ва қўнғиротлар қабиласи бошчисининг қизи бўлгани, у бошқарган ҳудудда бу икки қабила жуда кўпчиликни ташкил қилиб, бошқа уруғ ва қабилаларга нисбатан юқори устунликка эга бўлгани туфайли Манғишлоқхонга айнан шу ерлар берилган. Унинг ҳукмронлигини тан олган қабилалар сирасига найманлар, қушчилар, сариқлар, қарлуқлар, тархонлар, уйшунлар, ойротлар ва минглар ҳам кирган дейилади[13].
Ёш ва тажрибасиз бўлган Манғишлоқхон ўзига мерос қилиб берилган ерларда қола олмаган. Баъзи бир „муаммолар ва қўзғолончилар“ туфайли, шунингдек, „фақатгина манғитлар юрти билан қаноатланиш хато бўлар эрди“ учун у жойни тарк этиб, кўчиб кетган[15][1][2].
Туркистонга кўчиб келиши
Тарихшуносликда Аштархонийлар аждодларининг Туркистонга кўчиб келиши турлича талқин этилади. Аксарият муаллифлар буни рус қўшинларининг Аштархон хонлигини босиб олиши билан боғлаб, уни шу забтнинг натижаси деб ҳисоблашса[16][17][18], бошқа, янги давр тадқиқотчилари, бу ундан анча олдин содир бўлган, деб ҳисоблашади[19][3][20][11].
„Баҳр ул-асрор“даги нақл ва унинг таҳлили

Маҳмуд ибн Валига кўра, Манғишлоқхон ўзига мерос ҳудуддан чиқиб кетади. Унга 100 га яқин баҳодир эргашади[21]. Манғишлоқхон Тура томон йўл олган, уни Кучумхон кутиб олган. Кейин эса Мовароуннаҳрга, султон Ҳусайн Бойқаро саройига кўчиб ўтган. Султон Манғишлоқхонни самимий қабул қилиб, унга мерос қилиб берилган ерларини қайтариб олиши учун 12 минг қўшин берган. Бироқ шимолга қилинган ҳарбий юриш муваффақияциз тугаган. Манғишлоқхон Темурийлар мулкига қайтиб, Туркистонда вафот этган[22][1][2].
Манғишлоқхоннинг Туркистонда туриши даври нақл қилинган матнда унинг исми билан бир қаторда тўнғич ўғли Ёр Муҳаммад ҳақида ҳам сўз боради. Ёр Муҳаммаднинг Волгабўйи ва Манғишлоқ ярим оролига қайтиб борганлиги ҳақида асарда ҳикоя қилинмаганлиги сабабли, Антон Алексеев Аштархонийларнинг Туркистонга кўчиши Аштархон хонлиги қулашидан анча илгари содир бўлган ва улар сулола номини инерсияга кўра, уларнинг Волгабўйидаги ўтмишидан хотира сифатида олганлар, деган хулосага келади. Тадқиқотчи Манғишлоқхоннинг султон Ҳусайн Бойқаро (1470–1506) билан учрашуви 1476-йилда бўлиб ўтганлигини таъкидлайди[22].
Антон Алексеев Аштархонийларнинг Туркистонга анча илгари кўчишининг яна бир далили сифатида „Баҳр ул-асрор“да Манғишлоқхон Шайбоний Жонибек султоннинг авлодлари тарбияси билан шуғулланганлигини кўрсатади[22] ва унга маълум манбалар ичида „Баҳр ал-асрор“дан ташқари ҳеч бир қўлёзмада Тўқай Темурийларнинг Шайбон хонадони мулкларига кўчиши ва яшаши ҳолатларининг тавсифи берилмаганлигини ёзади[3].
Вадим Трепаловга кўра, „Баҳр ул-асрор“да келтирилган нақлда яққол анахронизмлар кузатилади[1][2]. Унинг таъкидлашича:
Агарда Абулхайрхон вафот этган йил (1468) ва Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлик қилган йиллар (1470–1506) инобатга олинса, асарда тасвирланган воқеалар ХВ асрнинг иккинчи ярмида содир бўлгани маълум бўлади (Антон Алексеев ҳатто аниқ бир йилни ҳам кўрсатади – 1476)[22]. Кучумхон 1563–1598-йилларда (аслида 1582-йилгача) Сибир хонлигида ҳукмронлик қилган. Катта хронологик бўшлиқ мавжуд: худди шу Манғишлоқ персонажи ХВ асрнинг иккинчи ярмида ва кейинги асрнинг иккинчи ярмида фаол. Шунга қарамай, бу чалкаш нақлда баъзи реал воқеаларнинг изларини топишга ҳаракат қилиш мумкин. … … Маҳмуд ибн Валида Манғишлоқ Волгадан аввал Турага, Кучумхон олдига боради. Турани шу нуқтаи назардан Чимги-Тура шаҳри ёки Чинги-Тура (Тюмен) – Сибир хонлигининг пойтахти деб талқин қилиш мумкин[1][2].
Вадим Трепаловнинг илмий фаразича, Темур Қутлуғнинг авлодлари Сибирдан Туркистонга кўчишни афзал деб билишган. Бу иш тахминан 1550-йилларнинг 2-ярмида амалга оширилган. Маҳмуд ибн Валида юқорида тилга олинган барча воқеа ва ҳаракатларда Манғишлоққа нисбат берилган[1][2].
Тадқиқотчи илмий фаразини давом эттириб, шундай ёзади:
… Шубҳасиз, Маҳмуд ибн Вали нақлида ХВИ асрнинг 1-чорагида яшаган Аштархонийларнинг бу аждоди ҳақидаги турли тарихий даврларда яшаган бир қанча ҳукмдорлар ҳақидаги маълумотларни аралаштириб юборган. Тахмин қилиш мумкинки, аждодларни санаб ўтишда йилномачи ўзининг тож кийган ҳомийлари хонадонининг ҳақиқий ва батафсил маълумотларини кўрсатиш вазифасини ўз олдига мақсад қилиб қўймаган. Муаллифнинг мақсади – нотинч ва унинг учун деярли маълум бўлмаган даврлар ҳақидаги бузиб кўрсатилган маълумотлар билан уларнинг ҳукмдор авлодидан келиб чиқишини Жўжихон ва Тўқай Темурнинг қариндошлиги орқали оқлаш эди[1][2].
Антон Алексеев Маҳмуд ибн Валининг Баҳр ул-асрор асарида Манғишлоқхоннинг вафоти йили маълум қилинмаганлигини таъкидлайди. Шундай бўлсада, унинг вафот этган йили тадқиқотчиларнинг изланиши натижасида кейинчалик аниқланади[11].
Қабртоши

Тарихчи-эпиграф олим Бобур Аминовнинг тадқиқотлари натижасида Миёнқол ҳудудидан Манғишлоқхонга атаб ўрнатилган ёдгорлик тоши аниқланган. Қабртоши Каттақўрғон туманига қарашли (собиқ Охунбобоев колхози) Шамми қишлоғи, Хон Авлиё мозоридан топиб ўрганилган[шарҳ 4][14][5]. Таъкидланишича, қабртошда Манғишлоқхоннинг вафот этган санаси аниқ кўрсатилган. Акбар Замоновга кўра, тошдан олинган тарихий фактлар Аштархонийлар шажарасини тўлдиришга ва уларнинг Туркистонга келиб қолишига доир айрим ойдинликларни киритишга хизмат қилади[11].
Генеологик манбада (қабртошда) Ман Қишлоқ[14] ибн Жувах ибн Муҳаммад Бухоро хонлиги ҳукмдори Имомқулихоннинг (1611–1642) бобоси Жони Муҳаммаднинг бобоси бўлиб, у асл насабига кўра Чингизхоннинг ўғли Жўжихонга боғланади. Тошдаги маълумотларга кўра, Ман Қишлоқ (Манғишлоқ) 1528-йилда вафот этган ва унинг ҳамда отасининг исмидан сўнг султон унвони мавжуд[11].
Қабртошидаги маълумотларга асосланиб Бобур Аминов Манғишлоқхоннинг Туркистонга кўчиши Кўчкунчихон (1512–1530) даврида, чор Россиясининг Аштархон ва Қозон хонликларини ишғол этишидан илгари содир бўлган, деб тахмин қилади[23] ва бу илмий фараз Акбар Замононов томонидан қўллаб-қувватланади[11].
Авлодлари

Тарихий манбаларда Манғишлоқхоннинг фарзандлари: ўғли Ёр Муҳаммад[22] ҳамда қизи Турсунбека хоним ҳақида маълумот берилади[19].
Ёр Муҳаммад Манғишлоқхоннинг тўнғич ўғли бўлган[22]. У отасининг вафотидан сўнг 14 ёшида хонадон бошчилигини ўз бўйнига олган[24]. Унга шайбоний Искандархон (1561–1583) ўзининг Масъума султон хоним исмли қизини узатган[19][25]. Вафотидан сўнг Бухородаги Ҳазрати Хожайи Бузург мозорига дафн этилган ва ундан кейин тўнғич ўғли Жони Муҳаммад хонадоннинг асл бошчиси бўлган[24]. Кейинчалик уларнинг авлодлари бўлмиш Аштархонийлар Бухоро хонлиги тахтини Шайбонийлардан мерос қилиб олиб, кейинги қарийб 150 йил давомида давлатда ҳукмронлик қилишган[26].
Манғишлоқхон қизи Турсунбека хонимни ўзининг тарбиясидаги Жонибек султоннинг тўнғич ўғлига узатган. Ушбу никоҳдан Жон Қора султон ва яна бир ўғил фарзанд[шарҳ 5] дунёга келган[19]. Маҳмуд ибн Валининг „Баҳр ул-асрор“ ҳамда Муҳаммадёр ибн Араб Қатағоннинг „Мусаххир ал-Билод“ асарида Жонибек султоннинг Жон Қора султон исмли ўғли бўлган тўнғич зурриёди сифатида Кистан Қора султон кўрсатилган[27]. Кистан Қора султоннинг иккинчи ўғли Қилич Қора султон бўлган[28][29]. „Баҳр ул-асрор“да Турсунбека хоним шайбоний Искандархондан[шарҳ 6] аввал вафот этганлиги ёзиб қолдирилган[19].
Шу тариқа икки Жўжийлар хонадони, Жўжининг 5-ўғли Шайбон ва 13-ўғли Тўқай Темур авлодлари орасида янги қариндошчилик риштаси ўрнатилган. Абдуллахон ўзининг синглиси Зуҳра хонимни Ёр Муҳаммаднинг ўғли Жони Муҳаммадга узатганидан сўнг бу ришта янада мустаҳкамланган[19] ва кейинчалик Аштархонийлар сулоласи Бухоро хонлигида ҳукмронликни қўлга киритиши учун занжир вазифасини ўтаган[25].
Аштархонийлар сулоласи
| Ёр Муҳаммад | |||||||||||||||||||||||||||||||
| Жони Муҳаммад | |||||||||||||||||||||||||||||||
| Дин Муҳаммад | Боқи Муҳаммад | Вали Муҳаммад | Алим Муҳаммад | ||||||||||||||||||||||||||||
| Имомқулихон | Надр Муҳаммад | Рустам султон | Муҳаммад Раҳим султон | ||||||||||||||||||||||||||||
| Абдулазизхон | Субҳонқулихон | ||||||||||||||||||||||||||||||
| Убайдуллахон ИИ | Абулфайзхон | ||||||||||||||||||||||||||||||
| Абдулмўминхон | Убайдуллахон ИИИ | ||||||||||||||||||||||||||||||
Изоҳлар
- ↑ Мазкур насабнома Манғишлоқхоннинг авлоди бўлмиш Абдулазизхоннинг насабномасида кўрсатилган.
- ↑ Бу насабнома ҳам Абдулазизхоннинг насабномасида кўрсатилган.
- ↑ Тарихшуносликда Кичик Муҳаммад 1459-йилда вафот этган деб қаъбул қилинган.
- ↑ Бобур Аминовнинг қайд этишича, мазкур тош битигининг информатори 1964-йилда туғилган Рустам Мусаев исмли шахс бўлган.
- ↑ Антон Алексеев Турсунбека хонимнинг иккинчи ўғлининг исмини Калх?-қора-султон кўринишида, аниқ қилиб ёзмайди
- ↑ Искандархон 1583-йилда вафот этган.
Манбалар
- ↑ 1,00 1,01 1,02 1,03 1,04 1,05 1,06 1,07 1,08 1,09 1,10 1,11 1,12 Трепавлов 2009, с. 370–395.
- ↑ 2,00 2,01 2,02 2,03 2,04 2,05 2,06 2,07 2,08 2,09 2,10 2,11 „Родоначальники Аштарханидов в Дешт-и Кипчаке (заметки о предыстории бухарской династии)“ (русча). Сеcретҳисторй.су (10-ноябр 2015-йил). Қаралди: 10-март 2023-йил.
- ↑ 3,0 3,1 3,2 Алексеев 2006, с. 211.
- ↑ Зайцев 2006, с. 50–51.
- ↑ 5,0 5,1 Замонов 2021, с. 22–23.
- ↑ Аминов 2021, с. 109–110.
- ↑ Замонов 2021, с. 20–21.
- ↑ Абулғозий 1992, с. 111.
- ↑ 9,0 9,1 Жуманазар 2017, с. 146.
- ↑ 10,0 10,1 10,2 Зайцев 2006, с. 50.
- ↑ 11,0 11,1 11,2 11,3 11,4 11,5 11,6 11,7 11,8 Замонов 2021, с. 23.
- ↑ 12,0 12,1 12,2 Алексеев 2006, с. 84.
- ↑ 13,0 13,1 13,2 Алексеев 2006, с. 85.
- ↑ 14,0 14,1 14,2 Аминов 2021, с. 109.
- ↑ Алексеев 2006, с. 85–86.
- ↑ Алексеев 2003, с. 64.
- ↑ Кляшторный–Султанов 2009, с. 335.
- ↑ Кушева и др. 1958, с. 582.
- ↑ 19,0 19,1 19,2 19,3 19,4 19,5 Алексеев 2006, с. 87.
- ↑ Зайцев 2006, с. 51.
- ↑ Алексеев 2006, с. 92.
- ↑ 22,0 22,1 22,2 22,3 22,4 22,5 Алексеев 2006, с. 86.
- ↑ Аминов 2021, с. 110.
- ↑ 24,0 24,1 Алексеев 2006, с. 88.
- ↑ 25,0 25,1 Сангирова 2018, с. 34.
- ↑
Ўзбекистон тарихи телеканали / „Тарихий савол“. Бухоро хонлигида Аштархонийлар давлати тарихи ЁуТубеда
- ↑ Муҳаммадёр ибн Араб Қатағон 2009, с. 190.
- ↑ Муҳаммадёр ибн Араб Қатағон 2009, с. 192.
- ↑ „Махмуд бен Вали. Море тайн, относительно доблестей благородных (Бахр ал-асрар фи манакиб ал-ахйар)“ (русча). Востлит.инфо. Қаралди: 4-апрел 2023-йил.
Адабиётлар
Китоблар
- Абулғозий. Шажарайи турк. Тошкент: Чўлпон, 1992 — 188-бет. ИСБН 5-8250-0234.
- Аминов Б. Марказий Мовароуннаҳр қабртош битиклари ва улардаги тарихий шахслар генеалогияси (ХВ–ХИХ асрлар). Тошкент: Баёз, 2021 — ?-бет.
- Жуманазар А. К. Бухоро таълим тизими тарихи. Тошкент: Академнашр, 2017 — 592-бет. ИСБН 978-9943-4728-2-2.
- Муҳаммадёр ибн Араб Қатағон. Мусаххир ал-Билод. Тошкент: Янги аср авлоди, 2009 — 429-бет. ИСБН 978-9943-08-496-4.
- Замонов А. Бухоро хонлигининг Аштархоний ҳукмдорлари: монография. Тошкент: Баёз, 2021 — 136-бет. ИСБН 978-9943-6372-1-4.
- Алексеев А. К. Политическая история Тукай-Тимуридов: По материалам персидского исторического сочинения Бахр ул-асрар (русча). СПб: Изд-во С.-Петерб. ун-та, 2006 — 229-бет. ИСБН 5-288-03987-9.
- Зайцев И. В. Астраханское ханство (ру). Москва: Ин-т востоковедения РАН, 2006 — 303-бет. ИСБН 5-02-018538-8.
- Кляшторный С. Г., Султанов Т. И. Государства и народы Евразийских степей. Древность и средневековье (русча). СПб: Петербургское Востоковедение («Ориэнталиа»), 2009 — 432-бет. ИСБН 978-5-85803-411-7.
- Кушева Е. Н., Аполлова Н. Г., Ромодин В. А.. Народы Кавказа и Средней Азии в ХВИ и в первой половине ХВИИ в. // Всемирная история. Энциклопедия. Том ИВ. (русча). Москва: Изд-во социально-экономической литературы, 1958 — 432-бет.
Мақолалар
- Сангирова Д. Бир сулола шажараси ҳақида. — Тошкент: Шарқ машъали, 2018.
- Алексеев А. К. Золотоордынские элементы в официальной истории аштарханидских государств в Средней Азии. «Бахр ал-асрар фи манакиб ал-ахйар» Махмуда б. Вали (ХВИИ в.) / Дешт-и Кипчак и Золотая Орда в становлении культуры евразийских народов (русча). Москва: МГУ, 2003 — 229-бет. ИСБН 5-288-03987-9.
- Трепавлов В. В. Родоначальники Аштарханидов в Дешт-и кипчаке (заметки о предыстории Бухарской династии // Тюркологический сборник. — СПб: Институт восточных рукописей РАН, 2009.
Ушбу мақола йил мақолалари танловида ғолиб бўлиб, ўзбекча Википедияда 2023 мақоласи деб тан олинган. |