Мақлуби муставий — мисра ёки байт таркибидаги ибора ёки жумлаларнинг тес­кари ўқилганда ҳам маъно англатишига асосланган бадиий санъат, арабчадан олинган бўлиб, „тенг қилиб ағдарилган“ маъносини билдиради. Бунда шоир бирор жумла ёки иборани ҳар иккала томон — ўнгдан ҳам, сўлдан ҳам ўқий оладиган қилиб тузиши назарда тутилади[1].

Тарихи

Мақлуби муставий ҳақидаги дастлабки маълумот Умар Родуёнийнинг "Таржумон ул-балоға" (11-аср) асарида келтирилган бўлиб, муаллиф ушбу санъатни қалб ёки мақлуб санъатининг кўринишларидан бири сифатида келтиради ва унинг икки турини санаб ўтади:

1) тескари ўқилганда вазн ва маъно сақланиб қоладиган мақлуби муставий;

2) вазн ва маъно ўзгаришга учрайдиган мақлуби муставий[2].

Мақлуби муставий ҳақидаги нисбатан мукаммал маълумотлар Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг "Бадо­эъ ус-саноеъ" асарида учрайди[3]. Муаллиф ўз асарининг лафзий санъатларга ажратилган қисмида мақлуб санъатининг тўрт кўринишидан бири сифатида Мақлуби муставийни келтириб ўтади ва ушбу санъатнинг 6 даражасини санаб ўтади.

Мақлуби муставий ҳақидаги маълумотлар туркий шеършуносликка доир илк манба Шайх Аҳмад Тарозийнинг "Фунун ул-балоға" (1436-37) асарида ҳам учрайди. Асарда мазкур санъатга қуйидагича таъриф берилган:

"Бу анингтек бўлурким, бир мисраъни тамом тақлиб қилсалар, яна бир мисраъ қўпор. Ҳамул мисра бўлур[4]". Бунда Шайх Аҳмад Тарозий Мақлуби муставий санъати остида мис­рани тўлалигича тескари ҳолда ўқишни ва шу орқали янги мисра ҳосил бўлишини назарда тутган.

Алишер Навоий ижодида

Алишер Навоий асарларида Мақлуби муставий назарий жиҳатдан асосланган бўлиб, Навоий "Мажолис ун-нафоис"да шоирлар маҳоратига баҳо беришда унга тўхталиб ўтади. Хусусан, Атоуллоҳ Ҳусайнийга ажратилган фаслда шоирнинг бир байтини таҳлил қилар экан, унинг маҳоратини аниқлаш учун ушбу санъат қўлланган байт кифоя қилишини айтади:

"Бовужуди ихтисор мақлуби муставий санъатидаким, андин мушкулроқ санъат бўлмас, бу байт ул рисолада анинг хосса байтидурким:

Шаккар даҳано ғаме надорий,

Дайр о данийи муғона даркаш.

Анинг табъи диққатиға бу байт далили басдур[5]"

Шунингдек, „Мажолис ун-нафоис“да Мавлоно Шиҳоб номли ижодкорга баҳо берар экан, унинг ҳар икки мисрасида Мақлуби муставий санъати вужудга келувчи байтини келтиради:

Муши хари фаррух шавам, Дарки рақам қар кард.

Бунда ҳар бир мисра алоҳида тескари ҳолда ўқилганда, яна ўша мисра ҳосил бўлади. Лекин байтда шаклга эътибор кучайиб кетиб, маънога путур етган. Биринчи мисра „Фаррух эшагининг сичқони бўлай“ деган мазмунни билдиргани ҳолда иккинчи мисрадан маъно англашилмайди.

Алишер Навоий „Хамса“си таркибига кирувчи достонлар сарлавҳаларида ҳам Мақлуби муставий санъати қўлланилганлигини кузатиш мумкин. Хусусан, „Ҳайрат ул-аброр“ досто­нининг бешинчи мақолати қуйидагича сарлавҳаланган:

"Карам васфидаким, қалби дирам марги дурур, балки раҳмат шажарасининг барги ва бухлким, сахо қалбидин холи бўлса, ниҳояциз бало бўлур ва базл сурати кўргузмаса, муруватдин ҳадсиз хало ва исроф нафйиким, ҳар ёнидин боқса офати беҳад эрур ва итлоф мазамматиким, кўпроқ ҳарфи лофдин хабар берур[6]".

Бунда „дирам марги“ (пулнинг ўлими) жумласи тескари ўқилса, „карам марди“ (саховатли мард) сўзлари пайдо бўлади[1].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 Алишер Навоий: Қомусий луғат. 
  2. ↑ Умар Родуёний. Таржумон ул-балоға. 
  3. ↑ Атоуллоҳ Ҳусайний. Бадо­эъ ус-саноеъ. 
  4. ↑ Аҳмад Тарозий. Фунун ул-балоға. 
  5. ↑ Алишер Навоий. Мажолис ун-нафоис. 
  6. ↑ Алишер Навоий. Ҳайрат ул-аброр.