Mardikor
Бу мақолада бир қанча муаммолар мавжуд. Илтимос, уларни тузатиб ёрдам қилинг ёки шу муаммоларни мунозара саҳифасида муҳокама қилинг.
|
Мардикор (форсчада (مردکار) „мард“- „эркак“, „кор“-иш ўзбек тилида „эркак ишчи“ деган маънони беради) – ҳар қандай ишга оз пул эвазига ёлланадиган кунлик ишчи. Бу атама тожик ва ўзбек тилида қўлланади. О’збекистон ва Тожикистонда жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи, кундалик ишларга ёлланадиган кишиларни „мардикор“ деб аташади. Улар тўпланадиган жойларни „мардикор бозор“ деб аташади.
Тарихи
Қадимдан Фарг’она водийсидаги вақтинчалик иш билан шуғулланувчиларни „мардикорлар“ деб аташган. Ўзбекистон тарихида мардикорлик ҳақида маълумотлар Россия империясини Туркистон ўлкасини мустамлака қилган даврларига оид тарихий саҳифаларда қайд этилган. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги давлат музей-қўриқхонаси илмий архивида 1916 йилдаги мардикорликка олишга қарши ғалаёнлар гувоҳлари, Россиянинг совуқ ўлкаларига мардикорликка олиб кетилган ўзбекистонликлар ҳақида, бевосита ушбу воқеалар иштирокчиларининг 1916-1917-йилдаги Туркистон ва Россия империясидаги воқеа ва ҳодисалар, Петербургдаги 1917-йилги феврал инқилоби, октябр тўнтаришлари ҳақидаги хотиралари сақланади. Ушбу ёдномалар 1959-йилда Ўзбекистон фанлар академияси Тарих ва археология институтининг катта илмий ходими профессор Х.Турсунов томонидан ўша вақтда ҳаёт бўлган қўзғолон қатнашчиларининг хотираларига таяниб ёзиб олинган.
"Сармоя ўсулиға қурилған Русия ҳокимияти мардикор, олишда ҳам „тенглик“ деган нарсани билгуси келмади. Мардикдр олиш қонуни бўйинча ҳар бир ўзиға қудратли киши (бой, савдогарлар) бошқаларни ёллашқа ҳақли эди. Ишнинг оғири, „ватанга хизматнинг“ зўри яна камбағаллар устига тушди. Бойлар ва бой болалари „ватан хизматидан“ озод қилиндилар.
Мамлакат катталари ўз маслаҳатларида (бу Тошкент ўлчовида. Бошқа жойда ҳам шу йўл билан мардикор олинған эди) бир оилада уч эркак киши бўладирған бўлса, шулардан бири биринчи навбатда борсин ва бормайдирғон бўлса, ўрниға иккинчи кишини ёллаб юборсин, деган қарорға келадилар, бойлар ва уларнинг думлари, уламоларнинг бу йўлда қилған қарорларц қоғоздагина қолади.
Одам ёллаб юборилмайдирғон камбағал оилалар, бойларға ёлланиб уларнинг болалари ўрниға мардикорчиликка боришға мажбур бўладирлар. Маҳаллама-маҳалла одам ёллаш, нега сен бормайсен-у, мен борамен, деган жанжаллар, одам сотиб олиш баҳоси кўтарила бошлайди. Ҳатто одам ёллаш ишида фойда қилған, яхшилаб пул ишлаб олғанлар ҳам бўлди." ("Мардиокор)
Совет даврида амалда „мардикор“ сўзи кенг қўлланилмаган бўлсада, лекин Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкент шаҳрида, масалан, Чорсу бозори ёнида „мардикор“ бозор норасмий равишда фаолият кўрсатиб келган. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан Тошкент шаҳрига таҳсил олиш учун келган айрим талабалар ҳам қўшимча даромад олиш мақсадида мардикор бозорига чиқишганлигини хотиралайдилар.
Советлар пайтида деярли амалда унча кўп қўлланилмаган „мардикор“ атамасидан бугунги Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудларида кенг фойдаланилмоқда. Совет Иттифоқи парчаланиб кетгач, илгари давлатга қарашли бўлган йирик корхона ва ташкилотлар, колхоз ва совхозлар тугатилиб кетгач, жуда ҳам улкан ишсизлар армияси юзага келди. Оқибатда аҳоли зич жойлашган ҳудудларда, кўпроқ шаҳар ва туман марказларида норасмий „мардкиорлар бозори“ шаклланиб қолди.
Замонавий мардикорлар
Кейинчалик, Ўзбекистонда мардикорлар фаолиятини хуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида, „Вақтинчалик иш билан таъминлаш маркази“ сифатида мардикорлар тўпланадиган бозорлар негизида ташкил этила бошланди. Бу марказлар фаолиятини ташкил этиш маҳаллий ҳокимият идорлари томонидан амалга оширилган бўлсада, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига назорат қилиб борилди. Марказнинг фаолияти нақадар самарали эканлигини кейинчалик мардикорларнинг у ерга ўз истак-ҳохишлари билан қанчалик кўп мурожаат қилганлиги орқали баҳолаш мумкин бўлди. Масалан, Тошкент шаҳридаги бундай марказлар фаолияти мардкиорларни вақтинчалик рўйхатга олиш учун фойдаси бўлгани учун рўйхатга олишда қўл келди. Чунки, Тошкент шаҳрида „прописка“сиз юриш маъмурий жавобгарликни келтириб чиқариши ва бунинг учун ички ишлар идоралари ходимлари томонидан исталган пайти мардикорнинг паспорти текширилиб, пропискаси бўлмаса жаримага тортилиши, ҳатто 15 суткалик қамоққа олиш чораси ҳам қўлланиб келинади.
Мардикор аёллар
Гарчи „мардикор“ сўзи эркак ишчиларга нисбатан қўлланадиган атама бўлсада, оҳирги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистонда аёллар орасида ҳам ишсизлик кўрсаткичларининг ортиб бориши натижасида „аёллар мардикор бозори“ шаклланиб қолди. Кейинчалик „мардикор аёл“ деган атама ҳам оммалашиб кетди.
Мардикор аёллар кўпинча аҳоли томонидан ёки хусусий корхоналар томонидан, асосан бино ва иншаотларни тозалаш, маҳсулотларни қадоқлаш, саралаш, қишлоқ хўжалиги ишларида ҳосилни йиғиб-териб олиш каби жисмоний куч талаб этадиган ишларга ёлланиб келинади. Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан тайёрланган ҳисоботларда мардикор аёллар орасида турли жисмоний зўравонлик ва руҳий босимларга, камситилишларга дуч келганлар тез-тез учраб туриши қайд этиб келинади. Айримлари жинсий эксплутация ва одам савдоси қурбонларига айланиб қолиш холатлари ҳам кузатилиб туради. Мардикор аёллар орасида ёши жиҳатида кекса бўлмаган, эркакларда жинсий майилликни уйғотадиган даражадаги хотин-қизларни ёлловчилар томонидан фоҳишалик хизматини кўрсатиш бўйича таклифлар билдиргани ҳақида мардикор аёллар ҳикоялари мавжуд. Гоҳида фоҳишаликка рози бўлмаган, кўринишадан чиройлироқ бўлган хотин-қизларга нисбатан номусига тегажонлик қилиш ва тажовуз қилиш холатлари ҳам қайд этиб турилади.
Мардикорлар миграцияси
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистондаги эркак ва аёл мардикорлар орасида меҳнат миграцияси кўп кузатиб келинмоқда. Виза тартиблари ўрнатилмаган, яшаш шароити мардикорлар яшаётган мамлакатга нисбатан яхшироқ бўлган ва меҳнати учун оладиган иш ҳақи нисбатан каттароқ бўлган чет мамлакатларга мардкиорлар миграцияси расмий ва норасмий равишда амалга оширилиши кўп кузатилмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон мардикорлари миграцияси кўпроқ виза тартиб ўрнатилмаган Россия, Қозоғистон, Туркия каби мамлакатларга кўпинча норасмий йўллар орқали кузатилса, виза тартиби ўрнатилган Жанубий Корея, Европа Иттифоқи мамлакатларига расмий йўллар билан ишга ёлланиши кузатилмоқда. Эркак мардикор мигрантлар турли кўринишдаги оғир қўл меҳнати талаб этадиган- қурилиш, юк ташиш, қишлоқ хўжалиги каби ишларга ёлланишса, хорижда мардикор аёл мигрантлар асосан энагалик, фаррошлик каби ишларга ёлланиб келишади. Шунингдек, аёллар орасида фоҳишаликка ёлланган холатлар тез-тез учраб турибди. Гоҳида улар орасида одам савдоси қурбонлари борлиги кўп кузатилган.
Мардикорлар эксплуатацияси
Мардикорларни ишга ёллаш энг оддий ва содда оғзаки келишув йўли билан амалга оширилади. Мардикорлар билан расмий меҳнат шартномалари тузилмаганлиги боис, кўпинча ёлланган тараф билан зиддиятлар юзага келиб туради. Оқибатда мардикорликка ёлланганларни хақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун асослар етарли бўлмагани учун, ҳуқуқ ҳимоячилари учун уларни ишини олиб бориш мураккабликларни келтириб чиқаради. Бу эса кейинчалик жамиятда уларга нисбатан адолацизлик қилинади деган тушунчалар пайдо бўлишига олиб келади. Ўз навбатида, ўртада туриб мардикорларни иш берувчиларга сотиб юбориш холатлари ҳам содир этилганлиги боис, натижада мардикорлар замонавий қул сифатида одам савдоси қурбонига айланиб қолишади.
Хавфсиз миграция ва одам савдосига қарши курашувчи турли ташкилотлар бугунги кунда фаолият олиб бораётган бўлсада, мардикорликка ёлланаётганлар орасида ўз хақ-ҳуқуқини билмайдиган, паст даражадаги билимга эга, гоҳида саводсиз инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Мутасадди ташкилотлар бугун манашу муаммони ечими юзасидан турли ижтимоий аҳамиятдаги лойиҳаларни амалга ошириб келишади.