Марказий текисликлар - Шим. Американинг ўрта қисмидаги текисликлар (АҚСҲ ва Канада ҳудудида), шарқса Аппалачи тоғлари, ғарбда Буюк текисликлар, шим. ва шим.-шарқда Лаврентий қирлари ва жан.да Мексика бўйи пасттекислиги оралиғида. Шим. Америка платформасининг жан. қисмига тўғри келади. Аксари қисмининг баландлиги 150–500 м. Ҳудудининг 40° шаҳрик.дан шимолини тўртламчи даврда музлик қоплаган, релефи сертепа, кўл кўп. Буюк кўллар, Виннипег , Манитоба ва бошқа кўллар бор. Иқлими мўтадил континентал, энг жан.да субтропик иқлим. Январнинг ўртача температураси шим.да — 20°, жан.да 4°, июлники 19—26°. Ёзи илиқ, серёмғир. Йиллик ёғин 400–1200 мм. Марказий текисликлар ҳудудининг 3/4 қисми қишлоқ хўжалигида фойдаланилади: яйлов, ҳайдаладиган ерлар, боғлар, аҳоли пунктларидан иборат. Шим. қисми ва дарё водийларида аралаш ва кенг баргли ўрмонлар учрайди. Фойдали қазилмалардан тошкўмир, нефт, қўрғошин, рух рудаси конлари бор. Марказий текисликлар АҚСҲ ва Канаданинг муҳим қишлоқ хўжалиги (ғаллачилик ва чорвачилик) раёнларидан. Марказий текисликларда Чикаго, Детройт, Кливленд шаҳри агломерациялари жойлашган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил




Ҳаволалар