Marv urushlari
Марв урушлари - Бухоро амирлиги ҳукмдори Амир Шоҳмуроднинг Марвни бўйсундириш учун олиб борган урушлари (1786, 1788, 1790). 1786 и. Шоҳмурод Марв ҳокими Байрамалихон устига бир неча бор қўшин жўнатган. Биринчи ҳужум вақтида Байрамалихон ўлдирилиб, шаҳар атрофи талонтарож қилинган. Ўзаро тузилган битимга кўра, Байрамалихоннинг ўғилларидан Муҳаммад Каримхон Марв ҳокими этиб тайинланган. Аммо у тезда ҳокимиятдан четлатилиб, ўрнига акаси Хожа Муҳаммад Ҳусайн ўтқазилган. 1788-йил Шоҳмурод яна Марвга юриш қилиб, шаҳар ва унинг атрофини сув билан таъминлайдиган Мурғоб дарёсидаги Султонбанд тўғонини (уни қўриқлаб турган қалъа бошлиғининг хоинлиги туфайли) эгаллаб, уни буздириб ташлаган. Марв сувсиз қолган, бироқ у таслим бўлмаган. Аҳоли ўртасида очлик, қашшоқлик авжга чиққан, натижада шаҳар бўйсунишга мажбур бўлган. Шоҳмурод Марвга 5 минг кишилик қўшин киритиб, уларни шаҳар аҳолиси уйларига жойлаштирган. Марвнинг 15 минг (айрим манбаларда 30 минг) аҳолисини Бухоро ва Самарқанд вилоятларига кўчиртириб келган. Марвни бошқариш Шоҳмуроднинг укалари Умарбий ва Фозилбийларга топширилган. Султонбанд тўғони қайта тикланган. Мурғобнинг қуйи оқимида Исломобод қалъаси қурилган. Бироқ Марв яна Шоҳмуродга бўйсунишдан бош тортган. Шоҳ-мурод 1790-йил яна Марвга қўшин тортиб келган, лекин шаҳарни қўлга кирита олмагач, Султонбанд тўғонини буздириб ташлаб, шаҳар ва унинг атрофини яна сувдан маҳрум қилган. Марв воҳаси чўлбиёбонга айланган. Шаҳар аҳолиси Умарбийга қарши исён кўтариб, шаҳар дарвозасини Шоҳмуродга очиб берган. Умарбий укаси Фозилбий билан Шаҳрисабзга қочган. Марв ҳокимлиги Шоҳмуроднинг ўғли Дин Носирбийга топширилган.[1]
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |