Maryam Yoqubova
| Марям Ёқубова | |
|---|---|
| Таваллуди |
19-октябр 1909-йил |
| Вафоти |
2-феврал 1987-йил (77 ёшда) Тошкент Ўзбекистон ССР СССР |
| Фуқаролиги |
|
| Касби | Актриса, қўшиқчи, раққоса |
| Фаолият йиллари | 1925—1985-йиллар |
| Мукофотлари |
|
Марям Ёқубова (1909.19.10, Бухоро — 1987.2.2, Тошкент) — Ўзбекистон ССР халқ артисти (1955). Москва кино мактабини тугатган (1928). 1929—32 йилларда Ҳамза театри қошидаги ишчисайёр театрида, 1935—38 йилларда Ўзбек давлат мусиқали драма театрида, 1939— 41 йилларда Муқимий театрида, 1941 — 66 йилларда Ҳамза театрида актриса. Мусиқавий иқтидорга эга бўлган актриса драматик ролларнинг моҳир ижрочиси, ҳажвий ва салбий роллар устаси сифатида танилган. Яратган образлари ёрқин, маънодор ва маиший бўёқларга бойлиги билан ажралиб туради. Энг яхши роллари: Рўзвон („Гулсара“), Жаҳон хода, Зебо („Аршин мол олон“), Майсара („Майсаранинг иши“), графиня Диана („Ит пичан емайди, ўзгага ҳам бермайди“), қиролича Изабелла („Қўзибулоқ қишлоғи“), Огудалова, Феклуша („Сепсиз қиз“, „Момақалдироқ“), Султонбегим („Жалолиддин“), Хонзода („Бой ила хизматчи“), Гертруда („Ҳамлет“), Мастура сатанг („Холисхон“), Войницкая („Ваня тоға“) ва б. Ё. кинода ҳам сермаҳсул ижод қилиб, ўзбек миллий киноси равнақига ўз ҳиссасини қўшди. Хонзода („Бой ила хизматчи“), судя („Опасингил Раҳмоновалар“), Ойпошша („Маҳаллада дув дув гап“), Ўзбекойим („Ўтган кунлар“) кабилар шулар жумласидан. Телеспектакллар ва Ўзбекистон радиосининг болалар учун эшиттиришларида фаол иштирок этган.[1] 2026-йил 28-майда Меҳнат шуҳрати ордени билан тақдирланган[2].
Ёшлиги
Отаси Қўқондаги корчалонлардан Путилаховларнинг пахта заводида юк ташувчи, кейин пахта бўйича мутахассис бўлиб ишлаган. Онаси эронлик, зиёли оиланинг фарзанди бўлган. Ўқиш-ёзиш, ҳатто қонун-қоидаларни ҳам яхши билган. Шу сабабли одамлар кўпинча ўзларининг турлича арзларини ёздиришган. Марямга туғилганда Ойхон деб исм қўйишган. Бироз улғайгач оиласи Карманага кўчиб келади. Ойхоннинг холаси Ҳалирхон амир саройида раққоса бўлган. Бухорога холасиникига меҳмонга борганда холаси билан саройга базмга боради саройдаги ёши улуғ аёллардан Эшон ойим (Амир Олимхоннинг онаси) назарига тушади. Эшон ойим Ойхонни саройда олиб қолади. У энди саройда раққоса ва ҳарамдаги юмушларни бажарувчи ходимга айланади. Бир неча йил давомида сарой ҳарамида таҳликали йилларни ўтказган. Саройда амирнинг ёш хотини Ойимшонинг махфий хизматларини бажариб турган. Бир неча марта Ойимшодан Файзулла Хўжаевга яширинча мактублар етказиб турган.
Эшон ойимнинг асранди қизи бўлишига қарамай амир Олимхон Ойхонга уйланиш тараддудига тушиб қолади, шунда Ойхон амирнинг яна бир хотини Феруза ёрдамида саройдан қочиб, поездда Самарқандга кетади. Кейин қийинчиликлар билан Карманага уйига боради. Шунда унинг саройдан қочиб келганини кўрган оиласи Ойхон исмини эсидан чиқаришни айтиб Марям деб атай бошлайдилар. Орадан кўп ўтмай 32 ёшли онаси вафот этади. Онаси Марям ва синглисини вафоти олдидан холасига топширади, ўша вақтда Бухоро амирлиги қулаган, қолган ака-укалари эса болалар интернатига топширилган. Марям Ёқубова холасининг уйидаги оғир меҳнатдан қочиб, интернатга акаси ёнига келади, аммо холаси уни қайтариб олиб, Қўқондаги амакисиникига юборади. Амакиси бир неча ойдан бери қамоқда эканлигини билган Марям Ёқубува яна Самарқандга холасиникига қочиб келади. Бу сафар холаси уни шаҳрисабзлик бир оилага узатади. Эндигина 14 ёшга кирган Марям Ёқубова акаси сингари ўқиб, касб эгаллаш ниятида келинлик хонадонидан қочиб кетади. Бу сафар Туркистондан Москвада ўқиш учун болаларни йиғиш вазифаси билан ўша ердан қайтган 17 ёшли акаси Рафиқни топади, акаси уни Москвага ўзи билан олиб кетиш ниятида Файзулла Хўжаев билан учраштиради. Файзулла Хўжаев бир неча йил аввал ўзига амир саройидан хат ташувчилик қилган Ойхонни пойтахтга ўқишга юборади. Марям Ёқубова ўзбек маориф институтида ўқийди. 1926-йилда кинотехникумига ҳам ўқишга кириб, бу ўқишни кечқурунлари давом эттиради[3].
Ижод йўли
Ойпошша образини актриса шундай моҳирона ижро этганки, бу рол гўё М.Ёқубова учун ёзилгандек. Ойпошша об¬рази ёқимлилиги, ҳазил, пичинг ва кесатиққа бойлиги билан ҳамон томошабинларни ўзига мафтун этмоқда. Кейинчалик М.Ёқубова „Тожикфилм“ киностудиясида суратга олинган „Севадими, севмайдими?“, „Оқ роял“ музикали комедияларида Замира ва Малоҳат образларини яратади. Шунингдек, у „Майсаранинг иши“, „Оловли йўллар“ кўп серияли телевизион филмларида, „Севги афсонаси“, „Қалбингда қуёш“ каби бадиий филмларда ҳам ажойиб образлар яратади. Й Аъзамов А.Қодирийнинг „Ўтган кунлар“ романини экранлаштирар экан, асардаги бош роллардан бири — Ўзбекойим ролини М.Ёқубовага топширади. Ўзбекойим (М.Ёқубова) — кучли ва тадбиркор, ўз ҳукмини ўтказишни яхши кўрадиган мураккаб характерли инсон. У ана шу ҳукмронликка эришиш йўлида ўғли Отабекни ва жамиятда катта мавқега эга бўлган эри Юсуфбек Ҳожини ҳам жуда усталик билан тобе қилмоқчи бўлади. У Кумуш ва Зайнабларга ўз фарзандига бўлгандек оналарча меҳрибонлик кўрсатади, улар ҳақида ўйлайди, уларга ғамхўрлик қилади. Лекин бу уринишлари, афсуски содир бўлиши мумкин бўлган фожианинг олдини ололмайди. Чунки, Ўзбекойимнинг ўзи ҳам у яшайдиган ижтимоий муҳит ва даврнинг маҳсули ҳамда қурбони эди. Актриса истеъдодининг комедияга, ҳазил-мутойиба, пичинг ва ҳажвий бўёқларга мойиллиги унинг „Наштар“ҳажвий киножурналларида ижро этган кичик-кичик ролларида ҳам ўз тасдиғини топади. Бундай қисқа сюжетларда аниқ, ёрқин образлар яратиш талаб этилади. Актриса бу мураккаб ва мас’улиятли вазифани ҳам яхши адо эта олган. М.Ёқубова ижодида радио алоҳида ўрин тутади. У Ўзбекистон радиоси ташкил бўлган биринчи кунлардан бошлаб, то умрининг охиригача турли радиопостановкаларда, радиожурналларда ва бошқа эшиттиришларда фаол қатнашди. 70 йиллардан бошлаб М.Ёқубова радиода болалар учун эртаклар ўқиб, минглаб ёш радиотингловчиларнинг севимли санъаткорига, радиоэнагасига айланди. Болаларнинг ички дунёсини чуқур ҳис этган М.Ёқубова эртакларни шу даражада чуқур самимият ва хушчақчақлик билан ёқимли оҳангда ўқир эдики, радиотингловчилар унинг ноёб истеъдодига қойил қолардилар. Марям Ёқубованинг театр ва кино санъати равнақи йўлидаги хизматлари муносиб тақдирланди. 1955-йилда унга „Ўзбекистон халқ артисти“ фахрий унвони берилди.
Филм
| Йил | Филм номи | Рол | Режиссор |
|---|---|---|---|
| 1925 | „Музли уй“ | Мусофир[4] | "Межрабпом-Рус" кинофабрикаси |
| 1934 | „Қариндошлар“ | Журналист қиз[5] | Пиотровский |
| 1934 | „Чиллик хоним“ | Чиллик хоним[6] | Пиотровский |
| 1953 | „Бой ва хизматчи“ | Хонзода[7] | Л.Файзиев |
| 1953 | „Шоҳи сўзана“ | Одилова[8] | А.Бекназаров |
| 1953 | „Опа-сингил Раҳмоновалар“ | Судя[9] | К.Ёрматов |
| 1958 | „Мафтунингман“ | Соябонли хоним[10] | Й.Аъзамов |
| 1960 | „Маҳаллада дув-дув гап“ | Ойпошша[11] | Ш. Аббосов |
| 1962 | „Ганг дарёсининг қизи“ | Нобинкали[12] | Ҳ.Ахмеров |
| 1963 | „Севадими — Севмайдими“ | Замира[13] | А.Ҳамроев |
| 1964 | „Машаққатли йўл“ | Турсунова[14] | Ҳ.Ахмеров |
| 1965 | „Қалбингда қуёш“ | Она[15] | Ш. Аббосов |
| 1968 | „Оқ роял“ | Малоҳат[16] | М.Маҳмудов |
| 1969 | „Ўткан кунлар“ | Ўзбек ойим[17] | Й.Аъзамов |
| 1969 | „Майсаранинг иши“ | Майсара[18] | „Ўзбектелефилм“ студияси |
| 1978 | „Дуплетли отишма“ | Меҳмонхона директори[19] | М.Орипов |
| 1978 | „Оловли йўллар“ | Полициячининг хотини[20] | Ш. Аббосов |
| 1981 | „Уч кун-у икки йил“ | Марям опа[21] | С.Аҳмедхўжаев |
| 1984 | „Водиллик келин“ | Буви[22] | А.Ҳамроев |
Манбалар
- ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
- ↑ „Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 28-майдаги „Мамлакатимизда маданият, сан’ат ва адабиёт соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида“ги фармони“. пресидент.уз (2026-йил 28-май). 2026-йил 28-майда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2026-йил 28-май.
- ↑ Марям Ёқубова. Даврим ва Даврам. Тошкент 2019: Ғафур ғлом нашриёти — 85-бет.
- ↑ „Якубова, Марьям“. 2023-йил 20-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑
Кинопоезд Александра Медведкина: Родные (1934) документальный фильм ЁуТубеда
- ↑ „О`збекистон халқ артисти Марям Ёқубова таваллуд топган кун“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.[сайт ишламайди]
- ↑ „Бай и батрак“. 2023-йил 20-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „НОВОСЕЛЬЕ (1954)“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „Сестры Рахмановы (1954) — Актёры и роли“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „ОЧАРОВАН ТОБОЙ (1958)“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „ОБ ЭТОМ ГОВОРИТ ВСЯ МАХАЛЛЯ (1960)“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „Дочь Ганга (1961)“.
- ↑ „ЛЮБИТ - НЕ ЛЮБИТ? (1963)“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „Трудный путь (1964)“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „Прозрение (1965)“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „Белый рояль“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „Минувшие дни. Узбекфильм. 1969 & Побег из тьмы (1973) & Абдулла Кадыри и узбекский кинематограф“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „Якубова, Марьям“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.[сайт ишламайди]
- ↑ „СТРЕЛЬБА ДУПЛЕТОМ (1979)“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „Огненные дороги (1977-1984)“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „Три дня и два года (1981)“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
- ↑ „Невеста из Вуадиля (1984)“. Қаралди: 20-июл 2023-йил.
Ҳаволалар
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |
- 19-oktyabrda tugʻilganlar
- 1909-yilda tugʻilganlar
- Buxoroda tugʻilganlar
- 1987-yilda vafot etganlar
- 2-fevralda vafot etganlar
- Toshkentda vafot etganlar
- Buyuk xizmatlari uchun ordeni sohiblari
- Mehnat shuhrati ordeni sohiblari
- Mehnat Qizil Bayroq ordeni sohiblari
- O‘zbekiston SSR xalq artistlari
- Shaxsiyatlar haqidagi chala maqolalar
- Sovet aktrisalari