Марзбон, Марзубон (форс, марз — чегара, чизиқ, маълум бир жой; бон — соқчи, қўриқчи) — Қад. Эронда вилоят ҳукмдори унвони. Дастлаб М. истилоҳи чегарага ёндош маъмурий бирлик ҳокимини ифодалаш учун қўлланган. Арабча, форсча ватуркийча тарихийбадиий асарлар матнида М. кўзга ташланади. Эски арман обидаларида "Марзпан", "Марзван", сурёний ёдгорликларида "Марзбоно", "Марза-боно" фонетик шакллари қўлланишда бўлган. Сосонийлар Эронида чегара вилояти ҳокими ҳисобланмиш М.нинг имтиёзи ўзга вилоят ҳокимларига нисбатан анча кенгроқбўлган. М.лар Шарқий Арманистонни сосонийлар ҳукмронлиги барҳам топгач, 428 йилдан, Шарқий Грузияни эса сосонийларга қарши қўзғолон бостирилгандан сўнг , 523 йилдан идора этганлар. Унга зарур пайтларда мустақил сиёсат юритиш ҳуқуқи берилган. М.лар, кўпинча, шоҳ хонадонига мансуб бўлиб, жойларда маъмурий, ҳарбий ва суд ҳокимиятига эга эдилар. Алишер Навоий асарлари тилида М. соқчи, чегарачи маъносида ишлатилган. "Бобурнома"да чегара вилояти ҳокими сарҳадбеги терминбирикмаси билан англашилган. Хива хонлигада М. қалъа бошлиғи вазифасини адо этган.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил