Матал — муайян ҳаётий ҳодисани аниқ ва тўғри белгилаб берадиган образли ифода, ибора. М.да ўхшатиш, таққослаш, киноя, қочириқ сўз каби бадиий воситалардан фойдаланилади. Мажозий иборанинг ўз асл маъноси билан кўчма маъноси ўртасида яқинлик, мантиқий боғланиш бўлиши лозим. М. бир ёки бир неча жумладан тузилади, улар орасида қофияланиш ҳамиша ҳам сақланмайди. Мас, „Шамол бўлмаса, дарахтнинг шохи қимирламас“, „Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит“ ва бошқа[1].

Луғавий маъноси

Матал — [арабча متل] сўзи, биринчи навбатда, тугал маъно ифодаламайдиган образли ибора, ҳикматли сўз (мас., ,,қизил қор ёғганда", ,,туянинг думи ерга текканда"). иккинчидан, қисса, масал маъноларини билдиради[2].

Фарқли жиҳати

Матал муайян ҳаётий ҳодисани аниқ ва тўғри белгилаб берадиган образли ифода, ибора: мақоллардан фарқли равишда ибратли маслаҳат тариқасидаги умумлаштирувчи маънодан ҳоли бўлади. Масалан, қозонни сувга ташладик, туянинг думи ерга текканда каби[3].

Фолклор жанри

Матал — у ёки бу ҳаётий воқеаллика экспреассив тус берувчи, халқ орасида тарқалган ифодалар, Халқ оғзаки ижоди жанрларидан бири. Матал халқ мақоли билан баъзи ўхшашликларга эга бўлса-да, лекин ўзига хос жиҳатлари билан ундан фарқланиб туради. Матал термини ўзбек тилининг Сурхондарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятидаги баъзи шеваларда эртак маъносини ҳам беради[4].

Қўлланилиши

Маталлар сўзнинг кўп маъноларига таянганлиги учун нутқий фрезалогик ибораларга қарама-қарши ҳолларда ўхшатиш ва қиёслашларни кучайтиради. Маталар ҳамма вақт таркиби қандай бўлишидан қаътий назар, грамматик жиҳатдан гапнинг бир бўлаги бўлиб келади.

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  2. ↑ Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Давлат илмий нашриёти, 2006 — 555-бет. 
  3. ↑ Энсиклопедик луғат. Ўзбек совет энсиклопедияси бош редаксияси, 1988 — 498-бет. 
  4. ↑ М. Афзалов. Эртак жанри. Ўзбек тили ва адабиёти масалалари, 1961 — 6-бет.