Материалларнинг чарчаши - вақт бўйича кўп марталаб (сиклик тарзда) ўзгариб турадиган зўриқишлар ва деформацияларнинг узоқ давом этувчи таъсири окибатида материаллар (металл, тола, ёғоч, газлама ва бошқалар)нинг механик ва физик хоссалари ўзгариши. Чарчаш жараёни мобайнида материал ҳолатининг ўзгариши унинг механик хоссаларида, макро- ва микротузилиши ва бошқа хоссаларида акс этади. Бу ўзгаришлар босқичмабосқич юз беради ва материалнинг дастлабки хоссаларига, зўриққан ҳолатнинг турига, куч таъсир этиш тарзи ва ташқи муҳит таъсирига боғлиқ бўлади. Ўзгаришларнинг муайян босқичларида материалнинг емирилишига қаршилиги пасайишининг қайтмас жараёни бошланади. Бу жараён баъзи материалларда тезроқ, баъзиларида кечроқ юз беради. Натижада чарчашдан шикастланиш деб ифодаланадиган емирилиш аломатлари (мас, металлда дарзлар, толаларда узилишлар, газламаларда ситилишлар ва бошқалар) пайдо бўлади. Дастлаб материалнинг таркибий тузилишида ва улар туташган чегараларда микродарзлар (микроскоп орқали кўринадиган дарзлар) пайдо бўлади, кейин улар макродарзлар (оддий кўз билан кўринадиган дарзлар) га айланади, оқибатда конструксия элементи (ёки синалаётган намуна) бутунлай емирилади.

Материалларнинг чарчаши чарчаш эгри чизиғи билан ифодаланади. Муайян вақт мобайнида тўпланган шикастланишлар ва таъсир сикллари сони орасидаги нисбат чарчаш эгри чизиғи деб аталади. Бу эгри чизиқ ҳар хил материаллар учун турлича шаклни эгаллайди. У кўп сиклли соҳадаги чарчаш эгри чизиғига ва кам сиклли сохадаги чарчаш чизиғига бўлинади. Иншоотлар, машиналар, механизмлар ва деталларга материал танлашда намунани синаш натижасида ҳосил бўлган чарчаш эгри чизиғи ҳисобга олинади. Газлама тўқиш учун толаларни танлашда ҳам шу эгри чизиқдан фойдаланилади, яъни толаларнинг чарчаши (узилишга чидамлилиги) ҳисобга олинади.

Фатхулла Абдуллаев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил