Matluba Azimjonova
Азимджанова Матлуба Муҳамеджановна -Марказий Осиёда Неонатология асосчиси[1], педиатр, гематолог. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги Педиатрия илмий — текшириш Институти „Неонатология“ бўлимининг ташкилотчиси, раҳбари,Тиббиёт фанлари доктори, Профессор.
| Азимджанова Матлуба Муҳамеджановна Азимджанова Матлюба Мухамеджановна | |
|---|---|
| Таваллуди |
5-июн 1939-йил Тошкент |
| Вафоти |
16.12.2009 |
| Истиқомат жойлари | Тошкент |
| Фуқаролиги | О'збекистон |
| Миллати | Ўзбек |
| Соҳаси | неонатология, педиатрия, гематология |
| Иш жойлари |
Республика Педиатрия Илмий-текшириш институти Республика 7-бирлашган болалар касалхонаси Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институти Республика Педиатрия Маркази |
| Институтлар | Тошкент тиббиёт академияси |
| Илмий унвони | Тиббиёт фанлари доктори, Профессор |
| Мукофотлари |
„Меҳнат фахрийси“ "Соғлиқни сақлаш а’лочиси" |
Ҳаёти
1939-йил 5-июнда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. Ўрта мактабни тамомлагандан сўнг Тошкент тиббиёт институтининг педиатрия факултетига ўқишга кирди.1967—1970-йилларда эса Тиббиёт Фанлар Академияси аспирантурасида ўқийди.[2]
Меҳнат фаолияти
Институтни тамомлагач, 1963—1965-йиллар давомида 7-бирлашган болалар касалхонасида участка педиатри бўлиб ишлайди, сўнг Иттифоқ Тиббиёт Фанлар Академиясининг педиатрия институтида тадқиқотчи-стажёр сифатида ишлайди. 1974-йилдан бошлаб Матлуба Муҳаммаджоновнанинг педагогик фаолияти бошланади. У Тошкент шифокорлар малакасини ошириш институтида янги туғилган чақалоқлар физиологияси ва патологияси цикли бўйича стажировка доирасига раҳбарлик қилди. 1989-йилдан бошлаб Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг 2-педиатрия кафедрасида фаолият кўрсата бошлади.1992-йилда шу кафедранинг иккинчи профессори, 1998-йилдан бошлаб эса неонатология кафедрасининг профессоридир. Ўзининг мехнат фаолияти учун профессор Матлуба Азимжонова „Меҳнат фахрийси“, „Соғлиқни сақлаш а’лочиси“ нишони ва қатор фахрий ёрлиқлар билан мукофотланган.[2]
Илмий фаолияти
М.Азимжонова номзодлик диссертациясини ёқлагандан сўнг республикада биринчи бўлиб чала туғилган болаларни парвариш қилиш бўлимларини ташкил қилиш, уларнинг парвариш усулларини такомиллаштириш, овқатлантириш муаммолари билан шуғулланди.
Унинг илмий изланишлари ва клиник кузатишлари натижалари чала туғилган чақалоқларнинг иккинчи босқич парвариш бўлимларини ташкил қилиш ишининг принциплари, уларни овқатлантириш масалалари бўйича услубий тавсияномалар ишлаб чиқиш имкониятини берди.[2]
Профессор М.Азимжонова томонидан илк бора Ўрта Осиё минтақаларида ой куни етмасдан туғилган болаларда сепсис касаллигининг клиник кечиш хусусиятлари, айрим асоратларининг, хусусан камқонликнинг ривожланиш механизмлари, боланинг иммун ҳолатининг ўзгариш жараёнлари ишлаб чиқилди.
1992-йил давомида Матлуба Муҳаммаджоновна Американинг "Cросслинк Интернатионал" корпорацияси олимлари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида камқонлик касаллигининг тарқалиш даражасини ўрганди. Шу корпорациянинг таклифи билан 1993-йилдан у Американинг учта штатида бўлиб, улардаги туғруқхоналар ишининг ташкил қилиш, чақалоқлар ва янги туғилган чақалоқлар бўлимлари, реанимация ва жадал даволаш бўлимлари фаолияти билан танишиб қайтди.
Профессор М. М. Азимжонова Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳай’ат йиғилишларида бир неча марта эрта неонатал даври ва неонатал даври касалликлари ҳамда ўлим сабаблари, уларни камайтириш йўллари тўғрисидаги масалаларни кўтариб чиқди. Бу таклифлар вазирликнинг туғиш ёшидаги аёллар, туққан аёллар ва уларнинг чақалоқларини соғломлашгириш тўғрисидаги махсус буйруғига асос бўлди.[2]
М.Азимжонованинг илмий изланишлари натижалари тўртта монография, 150 тадан ортиқ илмий мақола, 25 тадан кўп услубий тавсияномаларда ўз аксини топган. У битта муаллифлик ва 6 та ихтирочилик гувоҳномасини олган. Унинг раҳбарлигида 3 та докторлик, 14 та номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинган.[2]