Matniyoz Yusupov
Матниёз Абдалниёзович Юсупов (1925.1.1, Урганч — 1992.6.10, Тошкент) — композитор, созанда (гижжак), хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969). Тошкент консерваториясини тугатган (1960). Хоразм мақомлари ва халқ мусиқа меросини ўзлаштириш, соз чалиш ва ашулачиликни ўрганишда С.Ёқубов, М.Худойберганов, К.Отаниёзовлар Юсуповга устозлик қилишган. Хоразм вилоят эстрадасида созанда (1940—43), Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси (1943—44), Хоразм театрида мусиқа раҳбари (1945—51). Урганч мусиқа билим юртида директор (1967—72), "Лазги" ансамблининг бадиий раҳбари (1972—74). Ўзбекистон радиоқўмитасида мусиқа муҳаррири (1974—85), Тошкент маданият институтида доцент (1985-йилдан).
Юсупов опера ("Хоразм қўшиғи", 1964), балет ("Гулсанам", 1974), мусиқали драма ва комедиялар ("Ғазал фожиаси", А.Бобожон песаси; "Дил кўзгуси", Ҳ.Ғулом; "Тун ва нохун", Ю.Юсупов; "Муқаддас диёр", Х.Расул ва бошқалар), симфоник асарлар, "Билмагунча", "Хоразм", "Баҳор навоси", "Ишқ куйида", "Ҳижрон", "Ёримга айтинг", "Қалби дарё" каби қўшиқлар ва бошқалар ёзган. Ю. ширали овоз соҳиби, лирик хонанда бўлиб мумтоз ва замонавий бастакорлар ашулаларини ижро этган ("Феруз", "Қўш парда сувора", "Савти сувора", "Жоним садқа", "Ақлу одобдандур", "Ёзмишлар", "Дилдорим келур" ва бошқалар). Ижролари Ўзбекистон радиоси фонотекасига ёзилган. Хоразм халқ қўшиқ ва куйлари, мақом ва суворалари, достон қўшиқларини, шунингдек, К.Отаниёзов асарларини тўплаб нотага олган ва нашр эттирган ("Ўзбек халқ музикаси", 6 ж., Т., 1958; 7 ж., Т., 1960; Хоразм мақомлари, Т., 13 ж., 1980-87; "Учирдим шунқор қушимни", Т., 1987). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1991).[1]
Манбалар
- Маҳлиё, Т., 1970; Шодиёна, Т., 1977; Бир диёрки, Т., 1981; Гулдаста, Т., 1985.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |