Матншунослик, текстология – ёрдамчи тарихий-филологик фан соҳаси, адабиёт ва фолклорга оид қўлёзма асарларни, тарихий ҳужжатларни, уларнинг аниқ матнларини аниқлаш ва танқидий ўрганиш, шарҳлаб эълон қилиш мақсадида улар устида тадқиқотлар олиб боради. М.нинг вазифаси матнни ҳар томонлама тадрижий-танқидий (матн тарихига чуқур кириб бориш, матнни яратишда фойдаланилган манбаларни, муаллиф таҳрирлари, вариантлари ва бошқалар) ўрганиб, нашрга тайёрлашдан иборат. М.нинг қуйдаги асосий хиллари фарқланади: антик, ўрта аср ва янги адабиёт. Масалан, қад. юнон олими Аристарх (милоддан аввалги ИИ аср) Гомер асарлари матнини танқидий ўрганган. Шарқ ислом оламида ВИИ асрдан ҳозиргача бир ҳарфи ўзгармай, машҳур хаттотлар томонидан минглаб нодир нусхаларда кўчирилган қўлёзмалардан бири муқаддас Қуръони Карим матнидир. Улар дунёнинг турли жойларидаги кутубхоналарда сақланади. Уйғониш даврида антик адабиёт ёдгорликларининг дастлабки кўринишларини, аслий матнларини тиклашга қизиқиш кучайган.

Ўзбекистонда М. ўз тарихига эга. 1400-йил давомида Ўзбекистон олимларининг араб, форс ва ўзбек тилида яратган кўплаб йирик дурдона асарлари ўз даврида, ундан кейинги даврларда ўрганилиб, хаттотлар томонидан кўчирилиб, хато, нуқсонлари бошқа нусхалар орқали тўғриланиб, ҳозирги кунимизга қадар етказиб келинган. Бу ишга рус олимлари В. В. Бартолд, И. Ю. Крачковский, А. К. Боровков, А. Н. Кононов ва бошқа ҳам муносиб ҳисса қўшишди. Республикамизда М. бўйича ишлар Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт, Шарқшунослик институтларида олиб борилмоқда. Алишер Навоий асарларининг илмий-танқидий матнларини тайёрлаш ва нашр эттиришни С. Айний („Хамса“нинг қисқартирилган нашри), О. Шарафиддинов, И. Султонов („Мезон ул-авзон“), А. Н. Кононов („Маҳбуб ул-қулуб“) ва бошқа амалга оширдилар. Матншунос олим П. Шамсиев Навоий „Хамса“сининг тўла ва яхлит бир китоб ҳолида нашрга тайёрлаш борасида мураккаб матнчилик тадқиқий ишлар олиб борди. Натижада „Хамса“га кирган беш достон: „Ҳайрат ул-аброр“, „Фарҳод ва Ширин“, „Лайли ва Мажнун“, „Сабъаи сайёр“, „Садди Искандарий“ларнинг барча нашрларини Султонали Машҳадий, Абдужамил Котиб ва бошқа котиблар томонидан кўчирилган нусхалари билан қиёслаб, „Хамса“нинг асл матнига яқин келадиган илмий-танқидий матнини тайёрлади ва 1960-йил нашр эттирди. Ҳамид Сулаймонов Навоийнинг „Хазойин ул-маоний“ асари танқидий матнини тайёрлаб нашр эттирди (1958—61). С. Ғаниева „Мажолис ун-нафоис“ асари танқидий матнини тайёрлади. Ўзбек олимлардан С. Мирзаев, Ғ. Каримов, С. Муталлибов, С. Долимов, Р. Мажидийларнинг матнчиликдаги хизматлари натижасида бир қатор ўзбек мумтоз шоирларининг асарлари нашр этилди. Ёзувчи ва шоирлардан Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ҳамза, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Усмон Носир асарлари матнини нашр этишда ҳам М. ишлари амалга оширилди. Ўзбек халқ оғзаки ижоди асарлари матнини тайёрлаш, нашр этиш соҳасида Б. Каримов, Ҳ. Зарифов, 3. Каримова, М. Афзалов, Т. Мирзаев, М. Муродов ва бошқа хизматини таъкидлаш мумкин.

Исматулла Абдуллаев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил