Абу Муҳаммад Ҳасан ал-Матроний (Х аср) – сомонийлар даврида Шошда ижод қилган шоир[1]. Унинг бутун адабий меросидан фақат 112 байтдан иборат турли шеърий парчалар сақланиб қолган.

Абу Муҳаммад Ҳасан ал-Матроний
Таваллуди Х аср
Шош
Вафоти тахминан 970—980-йиллар
Шош
Ижод қилган тиллари араб
Фуқаролиги Сомонийлар давлати
Йўналиш ше’рият
Жанр қасида, ҳажв, васфий ва ишқий ше’рлар

Таржимайи ҳоли

Ал-Матроний Х асрда Шош (Тошкент) шаҳрида яшаган ва у ҳақда бизгача айрим ма’лумотлар сақланиб қолган ягона шошлик шоирдир. Абу Мансур ас-Саолибий ўзининг „Ятимат ад-даҳр“ тазкирасида ма’лумот беришича, Шошдан Бухорога кўп келиб турган ва алоқа ходими сифатида фаолият юритиб, ҳаёт кечириши шу касб орқали бўлган. Унинг ше’рлари девонга тўпланган. Бундан ташқари, у насрий асарлар ҳам ёзган. Ас-Саолибийнинг сўзларига кўра шоир ал-Лаҳҳом ўзининг бир қанча сатираларида ал-Матронийни ҳажв қилган. Бу икки шоир ўртасида ше’рий тортишув тўхтовсиз давом этган. Ас-Саолибий келтирган бу ма’лумотлардан ташқари шоир ҳақида ҳеч қандай биографик материал мавжуд эмас. Шоирнинг туғилган ва вафот этган йиллари ҳам ма’лум эмас. Унинг ба’зи бир ше’рларига асосланиб, қўшимча ма’лумотлар олиш мумкин.

Ал-Матронийнинг Бухорода бўлиб ўтган бир қаҳатчилик даврида ёзилган ше’ри мавжуд. Қаҳатчилик ва очарчилик Ибн ал-Асрнинг „Комил фи-т-тарих“ китобида ёзилишича, 945—946 ва 959—960-йилларда бўлган. Демак, ал-Матроний ўз ше’рини 945 ёки 960-йилларда ёзган ва шу йиллари Бухорода бўлган. Унинг вазир Абу Али ал-Бал’амийга бағишлаб ёзган қасидаси эса шоирнинг 960—974-йилларда Бухорога келиб-кетиб турганини кўрсатади. Шундай қилиб, ал-Матроний Х аср ўрталарида яшаб ижод этган ва тахминан 970—980-йиллар атрофида вафот этган[2].

Ижоди

Ас-Саолибий шоир ше’рларининг девонга тўплангани ва ҳатто, Бухородан ташқарида ҳам машҳур бўлганини айтади, лекин ал-Матронийнинг девони ва бирорта ше’ри тўлиқ ҳолда бизгача етиб келмаган. Унинг фақат 112 байтдан иборат турли ше’рий парчаларигина сақланиб қолган. Булар қасида, ҳажв ва турли мавзулардаги васфий ҳамда ишқий ше’рлардан олинган парчалардир.

Ўша давр шоирлари учун қарилик энг оғир мусибат ҳисобланган. Шунинг учун қариликдан шикоят Шарқ ше’риятида энг кўп тарқалган мавзулардан бири ҳисобланади. Ал-Матроний вазир ал-Бал’амийга бағишлаган қасидасида ёшлигининг ўтиб кетгани ва қарилигидан шикоят қилган.

Сомонийлар даврида Бухорода араб тилида ёзилган ше’рлар ичида муҳаббат мавзусида ёзилганлари кам учрайди. Ал-Матроний эса муҳаббат ҳақида ёзган асарлари билан ўз замондошларидан ажралиб туради. Х асрда ғазал ҳали мустақил жанр сифатида шаклланмаган эди. Ишқий ше’рлар фақат қасидаларнинг кириш қисмигагина киритилар эди. Ал-Матронийдан сақланиб қолган ишқий ше’рлар ҳам қасидалардан парчалардир. Шоир ишқий ше’рларида жуда чиройли сўз ўйинларини ишлатади, ўринли ўхшатишлар қўллайди.

Ал-Матроний ҳажвия жанрида ҳам ижод қилган. Унинг ҳажвий ше’рлари энг аввал ўз замондошлари — қаламкашларга қарши қаратилган. Унинг ўз замондошлари каби амир ва вазирларга қарши ҳажвия ёзгани ма’лум эмас. Аммо Абу Ҳотим Муҳаммад ат-Тусий исмли бир амалдорга қарши қаратилган ҳажвий ше’ридан парча сақланиб қолган.

Манбалар

  1. ↑ Абу Мансур ас-Саолибий. Китоб латоиф ал-маориф (Ажойиб маълумотлар ҳақида китоб). Тошкент: Фан, 1987 — 106-бет. 
  2. ↑ Абдуллаев И. Бухоронинг арабийнавис шоирлари. Тошкент: Фан, 1965 — 42-бет.