МАВЛАВИЙ. ХИИИ асрда Жалолиддин Румий асос солган тариқат. Шогирдлари Румийни кўпинча «мавлоно» («жанобимиз») деб аташган. Шундан тариқат номи олинган. Тариқат фаолияти Эрон, сўнгра Туркия ҳудуди билан чекланган. Тариқат аввал шаҳар аҳолисининг ўрта ва қуйи қатламларида, кейинроқ хос табақаларига кириб борган, усмонли турк султонлари даврида (ХИВ аср) Кичик Осиё бўйлаб тарқалган ва жуда машҳур бўлган.

Тариқат Туркияда 1925 йилга қадар фаолият кўрсатган, 1925 йил Камол Отатурк декрети билан тарқатиб юборилган ва тариқатнинг барча ерлари, кўчмас мулклари/, банкдаги маблағи мусодара қилинган.

Мавлавиянинг биринчи расмий бошлиғи шайх ва халифа унвонини олган Ҳисомиддин Ҳасан Чалабий (ваф. 1264 й.) бўлган. Румийнинг ўғли Султон Валадни (1226-1312) унинг вориси, тариқатнинг амалдаги ташкилотчиси, деб ҳисоблаш мумкин. Султон Валаддан бошлаб мавлавия раҳбарлик лавозими - асосан катта ўғли Улуғ Ориф Чалабий (1272- 1320) орқали-ворислик лавозимига айланган. Мавлавия ўз мавлавияхона ва такяларига эга бўлиб, бу ерда зикри само қилишган. Бошқа тариқатлардан фарқли ўлароқ, мавлавия жамоа бўлиб мусиқа тинглаш, куйлаш ва гир айланиб зикр тушиш маросимига алоҳида э’тибор беришган.

Мавлавийлар фикрича, мутлақ руҳ - Илоҳнинг инсон қалбидаги зарраси мусиқа та’сирида, зикр тушиш пайтида тиниқлашиб, покланади, я’ни ўз ўзагига яқинлашади, Аллоҳга ўз муҳаббатини тўлароқ ифодалашига ёрдам беради.

Мавлавийлар «гарди дарвешлар» номи билан ҳам машҳур бўлган. Уларнинг маросимлари мураккаб тузилган бўлиб, мусиқа жўрлигида салавот ва гир айланиб рақс тушиш билан бошланган. Иккинчи қисм "салом деб номланувчи тўртта рақсли мусиқий бўлимдан иборат бўлиб, Қур’он қироати ва намоз билан якунланган. Дарвешлар рақсга узун оқ намат кулоҳлар кийиб, елкаларига қора мато ташлаб чиқганлар.Рақс давомида матолар елкадан ташланган ва оқ этаги кенг қилиб тикилган махсус кийимда (таннура), ўнг қўлини юқорига, чап қўлини қуйига қилиб айланишган. Аста-секин мусиқа усули тезлашиб боришига мувофиқ айланиш ҳам тезлашган. Маросимда дарвешлар бир-бирига тегиб кетмасдан алоҳида рақс тушишган. Яшил кийим кийган шайхнинг ишораси билан маросим тўхтатилган. Кейинчалик мавлавийлар йиғинлари саҳналаштирилган тадбирга айланиб, томошабинларнинг киришига ҳам рухсат берилган[1].

Манбалар

  1. ↑ тасаввуф Атамалари изоҳли луг'ати, ,Тошкент Ислом Университети Исломшунослилк илмий-тадқиқот маркази Мовароуннаҳр 2015.