Мавлон Қултоев — 1869-йилда ЎзССР Самарқанд вилояти, Фориш тумани, Яйтангали қишлоғида туғилган[1]. Ҳибсга олинганда колхозчи бўлган. Унга „аксилинқилобий қулоқ-исёнчилар гуруҳининг йиғинларига қатнашган“ деган айб қўйилиб, 1937-йил 7-декабрда 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Жиззах шаҳри турмасидан Тошкент турмасига келтирилиб, у ердан Архангелск шаҳрига этап қилинган.

Мавлон Қултоев
Таваллуди 1869-йил
Фуқаролиги SSSR bayrogʻi СССР
Турмуш ўртоғи Майрам
Болалари 1

Айблов

ЎзССР Ички ишлар халқ комисарлиги ҳузуридаги „Учлик“ 1937-йил 7-декабрдаги 7915-сонли иш бўйича 17 маҳбуснинг ишини кўриб чиқади. Улардан Ўроз Дамақов, Жумақул Бўронов, Олимберди Маликов, Мавлон Ризаевлар отувга, Эрхон Жўраев, Ўрозбой Болибеков, Шотемир Бўронов, Маражаб Жуманов, Мавлон Қултоев, Эшназар Хаққулов, Муҳаммадий Норматов, Нодир Исаев, Лутфулла Абилов, Мансур Эгамбердиев, Абдулаҳад Бекбоев, Митан Ҳайдаров, Турғунбой Раҳмонқуловлар 10 йил меҳнат-тузатув лагерига ҳукм қилинади[2].

Меҳнат фаолияти

Қултоев Ерцова шаҳридаги лагерда бўлиб, темир йўл қурилиши ва ёғоч-тахта тайёрлашда 3 ойдан кўпроқ ишлайди.

1938-йил ёзидан Ерцова лагеридан Вандиш лагерига этап қилинади. Бу лагерда беш йил давомида қоғоз фабрикасини қуришда меҳнат қилади. Фабрика қуриб битказилгач, шу фабрикада ишлайди.

1943-йили Қултоевни қандайдир ғаллачилик cовхозига юборишади. Ярим йил бу ерда ишлагач, бир йил давомида гидроэлектростансия қурилишида иштирок этади. 1945-йилдан бошлаб Свердловск вилоятида фанер заводида ишлайди. 1947-йил 18-ноябрда қамоқдан озод бўлиб, уйига — Яйтангали қишлоғига қайтади. 1950-йил 18-январга қадар Сталин номли колхозда меҳнат қилади

Қайта ҳибсга олиниши

1950-йил 18-январда Абдулаҳад Бекбоев, Митан Ҳайдаров, Мавлон Қултоев қайта ҳибсга олинади. Давлат хавфсизлиги вазирлиги Самарқанд вилоят Бошқармаси терговчиларидан лейтенант Мустакаев, лейтенант Долинский, катта лейтенант Колесниковлар ҳар уч маҳбус устидан тергов ўтказадилар.

1950-йил 30-мартда уларга нисбатан айблов хулосаси тайёрланиб, унга Долинский, Тимофеев, Генкинлар имзо қўядилар. Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлиги вазири генерал-маёр Басканов ушбу айблов хулосасини тасдиқдайди. Айблов хулосасида шундай ёзилган:

“Қултоев М., Бекбоев А., Ҳайдаров М. Давлат хавфсизлиги вазирлиги Самарқанд вилояти бўйича Бошқармаси томонидан советларга қарши қулоқ-исёнчилар гуруҳнинг иштирокчилари сифатида 1950-йил 18-январда қамоққа олинадилар.

Қултоев, Бекбоев ва Ҳайдаров ижтимоий ёт муҳитдан чиққан бўлиб, совет ҳокимиятига аввалдан душманлик кайфиятида бўлгани, Ўзбекистонда буржуа давлати яратиш мақсадида гуруҳга бошқа шахсларни жалб этгани, қурол сотиб олиш учун колхоз мулкини ўғирлаш билан шуғуллангани, шунингдек, доимий равишда советларга қарши тарғибот олиб боргани учун 299-сонли тергов ишини СССР Давлат хавфсизлиги вазирлиги ҳузуридаги Махсус Кенгашга Култоев, Гайдаров ва Бекбоевни махсус посёлкага бадарға қилишни қўллаш тавсия этилади”.

СССР Давлат хавфсизлик вазирлиги ҳузуридаги Махсус Кенгаш 1950-йил 8-июлда ўзининг 30-сонли баённомаси билан Абдулаҳад Бекбоевни „антисовет қулоқлар гуруҳига мансублиги“ учун Красноярск ўлкасига, Мавлон Қултоев ва Митан Ҳайдаровни Новосибирскка сургунга қарор қилади. Уларни этап қилиш 1950-йил 8-июлдан кучга кириши кўрсатилади.

Самарқанд вилоят суди Ҳайъати 1957-йил 14-июнда ўзининг 4-9-175-сонли қарори билан СССР Давлат хавфсизлик вазирлиги ҳузуридаги Махсус Кенгашнинг 1950-йил 8-июлдаги Мавлон Қултоев, Митан Ҳайдаров, Абдулаҳад Бекбоевларга нисбатан чиқарган қарорини бекор қилади ва бу уч маҳбус реабилитация қилинади.

Оиласи

Мавлон Қултоев сургун қилинганда оиласи таркибида 34 ёшли хотини Майрам, ўғли Эгам қолган.

Манбалар