Мавлоно Фасиҳуддин, Мавлоно Фасиҳиддин Муҳаммад Низомий Ҳиравий (15-аср, Ҳирот) – олим, фақиҳ, Алишер Навоийнинг устозларидан бири.

Ҳаёти

Алишер Навоий фиқҳ, фалсафа каби кўп илмларни Мавлоно Фасиҳуддин ҳузурида ўрганган ва уни охунд, деб улуғлаган. Хондамирнинг ёзишича, Мавлоно Фасиҳуддин “қарийб 33 йилдан бери ҳашамат эгаси бўлмиш амир Алишернинг тарбият ва сийлашлари билан руҳоний остонасининг охунди, ислом машойихлари ва жаҳон уламолари ҳамда инсоният фозилларининг мурожаатгоҳи ва паноҳи, балки хосу авомнинг мажмуи ҳисобланадилар”.

“Мажолис ун-нафоис”да Мавлоно Фасиҳуддин ҳақида Мавлоно Низомиддин Ҳиравийнинг набираси экани, уларни низомийлар дейилиши, Хуросонда бундан шарафлироқ насаб йўқлиги, йигирма ёшида барча илмни эгаллаб, ўттиз йилдан буён дарс бериши, зоҳир илмидан у сабоқ бермаган фан йўқ, деб маълумот берилади. Ўқитаётган кўп фан бўйича дарслик ҳам ёзгани, улар уламо ва талабалар орасида машҳурлиги, эзгу хулқ ва ёқимли феъли туфайли Навоийга доимий ҳамсуҳбат бўлгани айтилади.

Мавлоно Фасиҳуддин Навоийнинг моддий ва маънавий ҳомийлиги ва қўллаб-қувватлаши остида яшаб ижод қилганлигидан миннатдорлик рамзи ва сидқ-у ихлос юзасидан 7 та асарини унга бағишлаган. Улар қуйидагилар:

  1. “Ҳошияйи Мухтасар” (“Мухтасар” асари шарҳи) – унда шариат қонун-қоидалари шарҳланган.
  2. “Ҳошияйи Чағминий” (“Чағминий асарига шарҳ”) – 12-аср охири – 13-аср бошларида яшаган Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Умар Чағминийнинг “Ал-мусаххас фил-ҳайъат” – “Астрономияга оид мухтасар китоб” асарига ёзилган шарҳ.
  3. “Ҳошияйи шарҳи ҳидояйи ҳикмат” (“Ҳидоя ҳикматларига шарҳ”) – машҳур фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳга оид “Ал-ҳидоя” (“Қўлланма”) асарига битилган шарҳ.
  4. “Ҳошияйи шарҳи Ашкол” (“Ашкол” асари шарҳи”) –13-аср математик олими Шамсиддин Самарқандийнинг “Ашкол ат-таъсис фил-ҳандаса” (“Геометрия илмида шакллар асоси”) китобига шарҳ.
  5. “Таъсис шарҳи бист боби устурлоб” (“Астрономиянинг йигирма бобини шарҳ билан асослаш”) – машҳур математик ва астроном Насириддин Тусийнинг (1201–1273) “Бист боб дар маърифат ул-устурлоб” (“Астрономияни билиш ҳақида йигирма боблик китоб”) асари шарҳи.
  6. “Ҳошияйи Мавоқиф” (“Мавоқиф” асари шарҳи) – унда ҳаж пайти Маккада ҳожилар турадиган жой – Арафот тоғи атрофи, унинг диний моҳияти шарҳланган. Асарда, шунингдек, инсон яшайдиган олам моҳияти ҳам изоҳланган.
  7. “Шарҳи миат ул-омил” (“Юз амалий ишлар шарҳи”) – унда шариатда муҳим ҳисобланган юзта амалий иш шарҳланган[1][2].

Манбалар

  1. ↑ Алишер Навоий: Қомусий луг'ат. 
  2. ↑ Мажолис ун-нафоис.