Мавлоно Номий (15-аср) – форс-тожик тилида ижод қилган сабзаворлик шоир ва котиб. Номи “Мажолис ун-нафоис”нинг тўртинчи мажлисида тилга олинади. Алишер Навоий унинг сочма асарлар ва мактубларни кўчиришда моҳир эканлиги, ўз даврининг котиб ва хаттотлари, хусусан, Мавлоно Абдулвосеъ, Шайх Абдулло Девона ва Хожа Деҳдор уни хушламасликларини айтади. Хожа Деҳдор подшоҳ мажлисларида кўпларни ташбиҳ ва тақлид қилар экан, жумладан, унинг “Мавлоно Номий совун чайнагани учун оғзида кўпик пайдо бўлади”, деган ташбеҳи идрок аҳли орасида кўп мақтовга сазовор бўлган. “Мажолис ун-нафоис”да Мавлоно Номийнинг қуйидаги матлаъси келтирилган:

Лофад ба хатат нофа, зиҳи бесару пойи,

Ғаммози сияҳ ботини модарбахатойи.

(Мазмуни: Бу қандай бебошлик, мушк сенинг мийиғинг хатлари билан тенглашаман, деб лоф уради.

Аслида бу мушк ичиқора, чақимчи ва бетайин бир нарсадир)

Алишер Навоий Мавлоно Номий бу байтни Хожа Деҳдорга жавоб тариқасида айтган бўлса керак, дейди[1][2].

Манбалар

  1. ↑ Алишер Навоий: Қомусий луг'ат. 
  2. ↑ Мажолис ун-нафоис.