Мавлоно Шариф — (1617—1690) — аллома ва авлиё. Ҳазрат Мавлоно Шариф буюк олим, улуғ тарбиячи, нақшбандия тариқатининг пири муршиди, валиюллоҳ, файласуф, фақиҳ ҳисобланади. У 1617-йил Бухоро шаҳрида туғилиб, 1690-йил вафот этган. Ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Шариф фалсафа, тарих, шеърият, ҳуқуқшунослик, тилшунослик ва бошқа соҳаларга доир йигирмадан ортиқ асар ёзган ва бу китоблар бизгача етиб келган. Жумладан, унинг „Шарҳи Мулло“ (Абдураҳмон Жомийнинг араб грамматикасига доир китобларининг шарҳи), „Шарҳи ақоид“, „Ҳужжат аз зокирин“. „Туҳфат ас соликин“, „Дар баёни сулуки жаҳрия“, „Дар баёни сулуки хуфияи нақшбандия“, „Фавоиди ҳоқонйя“ китоблари мавжуд. Мавлоно Шарифнинг „Шарҳи Мулло“ китоби ҳозирги кунгача мадрасаларда дарслик ҳисобланади. Ҳазрат Мавлоно Шариф Кўкалдош мадрасасининг охунди бўлган. Мавлонодан минглаб кишилар сабоқ олган. Шоҳ Машраб Бухорога келиб Мавлоно Шарифдан таълим олгани манбаларда ёзилган. „Туҳфат аз-зоирин“да ёзилишича, Мавлоно Шарифнинг насаби ота-томонидан Ҳазрат Имом Муҳаммад Ҳанифага, она томонидан эса Амир Сайид Оқил Кирмонийга бориб тақалади[1]. Тариқатдаги насаби Ҳазрати Азизон номи билан машҳур Ҳазрат Олим Шайхга бориб уланади. Олим Шайхдан сўнг силсила қуйидагича: Ҳазрат Фатхуллоҳ, Ҳазрат Хожа Исмоил, Ҳазрат Камолиддин. Зоҳирий илмларни Ҳазрат Мавлоно Муҳаммад Шариф Бухорий Ҳазрат Мавлавий Қосим ва Ҳазрат Мавлоно Юсуфдан олган. Мавлоно Шарифнинг „Фавойиди хоқония“ китоби Маҳмудхўжа Нуритдинов ва Маҳмуд Ҳасаний томонидан форс-тожик тилидан ўзбекчага таржима қилинган. У 1995-йил Тошкентдаги „Адолат“ нашриёти томонидан чоп этилган. Бухоро шаҳрида Мавлоно Шариф масжиди, ҳужралари, мақбараси бор. Мавлоно Шариф зиёратгоҳи Абдулазизхон мадрасасининг орқасида, ҳозирги Хоразм кўчасида жойлашган. Қадимда бу ерда Мавлоно Шариф номли гузар бўлган. Ушбу гузарда Мавлоно Шариф авлодлари яшаган. Ҳозир ҳам у кишининг авлодлари бор[2].

Авлиё

Исм

Мавлоно Шариф

Таваллуди

1617-йил

Вафоти

1690-йил

Фалсафа мактаби


Манбалар

  1. ↑ Насир ад-Дин ал-Ханафи ал-Хасани ал-Бухари. Тухфат аз-заирин («Подарок паломникам») Автор перевода с таджикско-персидского, предисловия и комментариев: Халим Тураев. Тошкент: Сплендид Идеа, 2021 — 204-бет. 
  2. ↑ Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. Бухоро: Дурдона нашриёти, 2012 — 291-бет.