Махсума Иноғомовна Тўлаганова — ўзбек аёллари орасида биринчи ва ягона физика-математика фанлари доктори(1986).[1]

Махсума Иноғомовна Тўлаганова
Таваллуди 1934-йил 20-октабр
Тошкент шаҳри, Оқ Уй даҳаси
Вафоти 2012-йил 21-июл
Соҳаси Математика(сонлар назарияси)
Таълими Ўрта Осиё Давлат Университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)
Академик раҳбарлари Саъди Сирожиддинов, Николай Романов, Борис Левин
Машҳур ишлари Туб векторларнинг бутун сонли решёткалардаги тақсимоти ва Хуа Ло-Ген муаммосининг кўп ўлчовли аналоглари

Ҳаёти

Махсума Иноғомовна Тўлаганова 1934 — йил 20 — октабрда Тошкент шаҳрининг Оқ уй даҳасида зиёли оиласида таваллуд топган. Отаси Инъомжон Юнусов(1914 — 1978) — агроном, онаси Сапурахон Юнусова(1914 — 2006) — уй бекаси. Махсума Тўлаганова шу оиладаги 7 фарзанд(3 ўғил, 4 қиз)нинг тўнғич фарзанди бўлган. Ота-онаси маънавий бойликни моддий бойликдан устун қўйиб, фарзандининг маънавий баркамол, илмли, комил, инсон бўлишлигини орзу қилганлар. Улар ўз илмий кашфиётлари билан бутун дунёни лол қолдирган, жаҳон илмий ҳазинасига ҳисса қўшган Ибн Сино, Муҳаммад Ал-Хоразмий, Беруний каби Ватандош алломалар ҳақида жуда кўп сўзлаб берганлар.

1943-йили ҳозирги Яшнобод тумани 216 — мактабда ўқишни бошлаган. Ўрта мактабни 1953 — йили олтин медал билан тамомлаб, Ўрта Осиё Давлат Университетининг физика-математика факултетига кириш имтиҳонларисиз қабул қилинган. Талабалик даврида академиклар -С.Сирожиддинов, Т.Саримсоқов, М.Салоҳиддинов, профессорлар — И.Аржаниҳ, Н.Романов, дотесентлар — Ф.Ҳожимуллаев, М.Собиров, М.Султонова, М.Воҳидов, П.Шоҳайдарова ва Б.Левин каби фидоий устозлардан таълим олган. Курсдошларидан Тўхтамурод Жўраев Ўзбекистон Фанлари Академияси академиги ва президенти (1995— 2000) бўлган. 1958 — йили университетни имтиёзли диплом билан тамомлади. 1958 — 2003 — йилларда Республика Фанлар Акадмияси математика институтида фаолият олиб борди.

Илмий фаолияти

Махсума Тўлаганова ўз илмий фаолиятини Республика Фанлар Акадмияси математика институтида илмий ходим(1958-1960) лавозимида ишлашни бошлади. Сўнгра, аспирант(1960-1963), кичик илмий ходим(1963-1967), катта илмий ходим(1967-1986), етакчи илмий ходим(1986-1990), бош илмий ходим(1990-2003) лавозимларида ишлаб сонлар назариясининг аналитик, алгебраик, эҳтимолли сонлар назарияси бўлимларида илмий тадқиқотлар олиб борган.

1963 — йили Тошкент Давлат Университети(ЎзМУ) махсус илмий кенгашида „Алгебраик сонлар майдони учун Гол’дбах-Эйлер муаммосига доир баъзибир тадқиқотлар“ мавзусида (илмий раҳбари — Б.В.Левин) номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

1986- йил 19-февралда Ленинград Давлат Университетининг махсус ихтисослашган кенгашида „Арифметик функциялар ва векторлар учун лимит теоремалар“ мавзусидаги докторлик диссертациясининг ҳимояси бўлди. Ҳимояда иштирок этган оппонентлар ва ихтисослашган кенгаш аъзолари мазкур илмий тадқиқотга бир овоздан юқори баҳо берганлар. Жумладан, тадқиқот иши иккита докторлик диссертацияси қийматига эга эканлиги, яъни, унда туб векторларнинг бутун сонли решёткалардаги тақсимоти назарияси яратилганлиги ва машҳур Хуа Ло-Ген муаммосининг хосмас ҳолида ва баъзибир хос ҳолларида тўлиқ ечими топилганлиги эътироф этилган.

Махсума Тўлаганова ўз илмий тадқиқот натижалари билан собиқ иттифоқ ва халқаро доирадаги илмий анжуманларда фаол иштирок этган, жумладан, Литванинг Паланга(1965) ва Вилнус(1974), Тожикистонниг Душанба(1967), Россиянинг Москва(1983, 1989) ва Владимир(1969), Грузиянинг Тбилисси(1970, 1985), Белорусиянинг Минск(1989) каби шаҳарларнинг илмий муассасаларида илмий маърузалар қилди.

1989 — йил 21 — октабрдан 8 — ноябргача Венгрия фанлар академияси Математика институтида машҳур математик Г.Халоснинг семинарида ҳамда Венгрия математиклар кенгашида илмий маърузалар билан иштирок этган.

1997 — йили ТАCИСнинг „Аёл, фан ва демократия“ дастури бўйича Британиянинг Билстон университети ва коллежида ташкил қилинган конференцияда „Аёллар ва Ўзбекистонда математиканинг ривожи“, „Англиялик Харди ва Литтлвудларнинг доира усулларининг менинг илмий тадқиқотларимдаги роли ҳақида“ мавзуларидаги маърузалар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотган.

1969 — йилдан бошлаб Америка Математика жамиятининг математик рефератив журнали „Матҳематиcал ревиэwс“да — референт.

1986 — йилдан бошлаб Америка Математика жамияти аъзоси.

1987 — йилдан бошлаб „Халқаро Планетар жамият“ аъзоси.

Илмий изланишларининг давомийлиги

1964 — йили Россия математиги А.И.Виноградов Махсума Тўлаганованинг алгебраик сонлар майдони учун Голъдбах-Эйлер бинар муаммоси ҳақидаги теоремаларини ихтиёрий сонлар майдони учун исбот қилди.

1964-1966 — йиллари А.Селъбергнинг ғалвир методидан фойдаланиб, Махсума Тўлаганова Б.В. Левин билан биргаликда ихтиёрий алгебраик сонлар майдонининг „деярлик“ туб идеалларининг шу майдоннинг кўпҳадларидаги тақсимоти ўрганилди. Натижада, юқоридаги А.И.Виноградов теоремаларининг янги осон исботини топди.

1972 — 1976 — йилларда мултипликатив функциялар йиғиндисининг асимптотикасига доир теоремаларини эҳтимолли сонлар назариясига қўллади ва „Сийрак“ тўпламларда аниқланган аддитив функциялар учун лимит теоремани исботлади. Бу лимит теорема М.Барбан(Ўзбекистон), Халъберстам (Англия), Р.Б.Уждавинис (Литва), Индлекофер(Германия) каби математикларнинг шу масалага доир илмий натижаларини умулаштирди.

Махсума Тўлаганова Литвалик математик Й.П. Кубилюснинг маслаҳатига кўра туб векторларнинг бутун сонли ҳос решёткалардаги тақсимоти масаласи устида иш олиб бошлаган. Академик И.М. Виноградовнинг машҳур тернар муаммоси ҳақидаги Голъдбах-Виноградов теоремасини умумлаштирди ва яхшилади. Натижада, туб векторларнинг бутун сонли ҳос решёткалардаги тақсимоти зичлиги учун асимптотик формула исботланди ва бундан Хуа Ло-Ген муаммосининг баъзи бир ҳос ҳолларидаги ечимини келтириб чиқарди.

1986-1990 — йилда Япониялик математик Шигеру Канемицу, АҚСҲнинг Карбондел университети профессори Дон Редмонд, Германиялик математик П.Бундшуҳ кабилар Махсума Тўлаганованинг илмий тадқиқотлари билан изчил шуғулланиш мақсадида қатор илмий мақолаларни ўрганганлар.

Илмий педагогик фаолияти

1963-1970 — йилларда ТошДУнинг(ЎзМУ) математика факултетида ўриндошлик асосида олий ва чизиқли алгебра, сонлар назарияси каби махсус курсларда талабалар билан машғулот ўтди.

1970-1975 — йиларда Тошкент Политехника институтида талабаларга олий математикадан маърузалар ўқиди.

1986-1990 — йилларда Профессор Н.П. Романовнинг сонлар назарияси бўйича ўтказиладиган шаҳар семинарини қайта тиклади. Унда Тошкент шаҳридаги сонлар назарияси билан шуғулланувчи тадқиқотчиларнинг илмий мақола, маъруза ҳамда диссертациялари муҳокама қилинди.

2003 — йилга келиб мазкур илмий семинар ўз фаолиятини тўхтатди.

Ҳаволалар

  • Туляганова М.И. Распределение простых векторов в вырожденных решетках. // Доклады Академии Наук СССР. 1984. Москва — Том 276. № 1 стр.49-51. 1
  • Еремеева А. Э. Проблемы современных исследований в гуманитарных науках // Наука и общество: проблемы современных исследований : Н34 сб. науч. статей : 3 ч. – Омск : Изд-во НОУ ВПО «ОмГА», 2010. – c. 252. - ИСБН 978-5-98566-066-1: (Wайбаcк Мачине сайтида 2016-04-02 санасида [ҳттпс://wеб.арчиве.орг/wеб/20160402002253/ҳттп://аcадемй.омга.су/филес/омга_сборник_2010_парт_3.доc архивланган) 2]

Манбалар

  1. ↑ Тўлаганова М.И. Илм оҳанрабоси ва унинг машаққатли йўллари / маъсул муҳаррир Тоҳир Малик. — Тошкент: „ДАВР ПРЕСС“, 2009. 248 б.
  • Тўлаганова М.И.Илм оҳанрабоси ва унинг машаққатли йўллари / маъсул муҳаррир Тоҳир Малик. — Тошкент: „ДАВР ПРЕСС“, 2009. 248 б.
  • Туляганова М.И. „Тҳе дистрибутион оф приме веcторс ин дегенерате латтиcес“. // Совиэт Матҳ. Докл. Вол/ 29 (1984) № 3. 1985 Америcан Матҳематиcал Соcиэтй. 0197-6788/85.
  • Туляганова М.И., Левин Б.В. „Решето“ Селберга А. в алгебраических числовых полях // Литовский Математический Сборник. Том 6. № 1. 1966 г.

Яна қаранг

Сонлар назарияси

Саъди Сирожиддинов

Иван Виноградов (рус.)

Ёнас Кубилюс(рус.)