Майиб-мажруҳлик (майриқлик) — организм тузилиши ва функсияларининг нормага нисбатан ўзгариши. Тугма (ирсий) ва шикастланиш оқибатида (ноирсий) бўлади. Ҳомила органлари шаклланаётган даврлар унга нохуш омиллар таъсир этиши (ҳомиладор аёлларда турли касалликлар билан оғриши, дориларни тартибсиз ичиши) натижасида туғма келиб чиқиши мумкин. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, зарарли одатларга (ичкилик) ружу қилиш ҳам ирсиятни бузиб, баъзан майиб-мажруҳликка олиб келади. Иш жараёнида, кўчада ёки уйда бахциз ҳодиса рўй берганда ҳам киши баъзан умрбод майиб-мажруҳ бўлиб қолиши мумкин. Майиб-мажруҳликда тананинг ташқи кўриниши қисман ёки бутунлай хунук бўлади, териси балиқ терисига ўхшаш кўринишда бўлади. Оёқ-қўлнинг ривожланмай қолиши ёки бутунлай бўлмаслиги, бўйиннинг қийшиқ бўлиши, айрим органлар ёки қисмларнинг нормадан ортиқ ривожланиши, иккала оёқ қўшилиб кетиб, балиқ думига ўхшаб қолиши (сирена), табиий тешиклар (қизилўнгач, меъда, тўғри ичак ва ҳоказо) ларнинг бекилиб қолиши ва бошқа таянч-ҳаракат аъзолари, суякларнинг туғма чиқиши, маймоқоёқлилик, қўл ва оёқ бармоқларининг кам ёки ортиқ бўлиши (полидактилия) ёки бир-бирига қўшилиб кетиши кўпроқ кузатилади. Юздаги майибликлардан аксарияти лабнинг тиртиқлиги, ёриқлиги (қуён лаб), танглайнинг ёриқлиги, йўқлиги (бўри жағ) учрайди. Майиб-мажруҳлик ички аъзоларда ҳам кузатилади, тугма юрак пороклари, шунингдек, қизилўнгач, меъда-ичакнинг ҳаддан ташқари кенг ёки тор бўлиши, ичакнинг бир қисми, орқа чиқарув тешиги бўлмаслиги, ўт йўлларининг торайиши кабилар киради. Сийдик-таносил системасининг нотўғри шаклланиши, иккала буйракнинг бирлашиб кетиши, иккала ёки битта мояк бўлмаслиги, ўпка бир бўлагининг йўқлиги ёки қўшимча ўпка бўлиши ҳам майиб-мажруҳлик хилларидандир.

Гавда қисмлари бир-бирига ёпишиб қолган эгизаклар ҳам мажруҳ ҳисобланади, бунда гоҳо битта ҳомила тўғри ривожланган бўлса, иккинчиси ўсмай қолган бўлади. Лекин тўғри ривожланган эгизаклар, думғазаси бирикиб қолган сиам эгизакларининг узоқ вақт яшаганлари кузатилган. Майиб-мажруҳлик кўпинча, операция йўли билан даволанади. Айниқса, лаб, жағ, танглай ёриқлари болаларни ҳаётининг дастлабки кунларидаёқ операция талаб қилади ва кейинчалик ундан қолган косметик нуқсонлар бартараф этилади. Майиб-мажруҳликнинг олдини олиш учун онанинг ҳар хил касалликларга чалинишига йўл қўймаслик, у спиртли ичимликларни ичмаслиги, айниқса, ҳомиладорликнинг дастлабки даврида дориларни тартибсиз ичишдан сақланиш керак. Майиб-мажруҳликни тератология фани ўрганади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил