Maymuna bint al-Horis
Маймуна бинти ал-Ҳорис (арабча: ميمونه بنت الحارث, романизация: Маймūна бинт ал-Ḥāритҳ; 594-671) — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўн биринчи ва у зот уйланган энг сўнги аёлдир. Аввалги исмлари Барра (Араб тилида: بَرَّة) эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Барра исмини Маймуна (ма'носи "бахтли аёл") га ўзгартирганлар.
Насаби
Маккалик Ҳинд бинти Авф ибн Зуҳайр исмли аёл кўп қиз туққани билан машҳур эди. У бир эри Ҳорис ибн Ҳазандан бешта қиз кўрган эди. Улар:
- Лубоба Кубро бинти Ҳорис.
- Осма бинти Ҳорис.
- Азза бинти Ҳорис.
- Лубоба Сутро бинти Ҳорис.
- Барра бинти Ҳорис.
Бошқа эри Умайс ибн Ма'ддан ҳам бир неча қиз кўрган эди:
- Асмо бинти Умайс
- Салма бинти Умайс
- Салама бинти Умайс
Ҳинд бинти Авф ибн Зухайр Хузайма исмли эридан Зайнаб деган қиз кўриб, у қизи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга завжа бўлиб, вафот этган эди.
Унинг қизлари улғайиб, номдор кишиларга хотин бўлишди. Лубоба Кубро бинти Ҳорис Аббос ибн Абдул-муттолибга, Осма бинти Ҳорис Убай ибн Халафга, Азза бинти Ҳорис Зиёд ибн Абдуллоҳ ибн Моликка, Асмо бинти Умайс Жа'фар ибн Абу Толибга, Салма бинти Умайс Ҳамза ибн Абдулмуттолибга, Салама бинти Умайс Абдуллоҳ ибн Ка'бга хотин бўлди. Ҳинд бинти Авф ибн Зуҳайрнинг яна бир қизи Барра бинти Ҳорис Мас'уд ибн Амр ибн Умайр ас-Сақафий билан турмуш қурди. Сўнг у кишидан ажрашиб кетди ва Абу Руҳм ибн Абдул'уззо ибн Абу Қайсга турмушга чиқди. Кўп ўтмай, Абу Руҳм вафот этиб, Барра бинти Ҳорис бева қолди.
Барра бинти Ҳориснинг опалари Исломда ҳам ном чиқарган кишилардан бўлди. Биргина катта опаси Лубоба бинти Ҳорисни олиб кўрайлик. У фозила аёллардан саналиб, Маккада Ҳадийжа бинти Хувайлиддан сўнг Исломга кирди. Ўзи Омир қабиласидан бўлиб Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг хотини бўлган. Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу Лубоба розияллоҳу анҳонинг бош фарзанди бўлгани учун Умму Фазл кунясини олган эди.
Никоҳ
Хижрий еттинчи санада Ҳудайбия сулхида келишилганига биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан биргаликда умра қилгани Макка томон отландилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайхи васаллам билан икки минг киши йўлга чиқди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг машҳур туялари Қасвони миниб олган эдилар. У зот бошлиқ умрачиларнинг олдида Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу оҳангга солиб, байт ўқиб борар эди. Умрачилар Маккаи Мукаррамага яқинлашганларида бир овоздан:
«Лабайкаллохумма лаббайк! Лаббайка лаа шарика лака лаббайк», деб еру кўкни ларзага солишар эди.
Бу баракали овозлар Барра бинти Ҳориснинг қалбини ларзага солди. У анчадан буён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга завжа бўлишни орзу килиб юрар эди. Унинг орзуси амалга ошиши учун қулай фурсат келганга ўхшаб кўринди. Барра шошилиб бориб, орзусини катта опаси Умму Фазлга айтди. У эса бу гапдан эри Аббос ибн Абдулмуттолибни хабардор қилди. Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу ўз навбатида дарҳол Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўл олди ва қайинсинглиси Барранинг орзусини у зотга етказиб, унга уйланишни таргиб қилди.
Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам бу таклифга рози бўлдилар. У зот амакилари Жа'фар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни тўрт юз дирҳам маҳр ила келин томонга юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барра исмини Маймунага ўзгартирдилар. Жа'фар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу келиб, кетганларидан кейин Маймуна бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо сабр қила олмасдан, туяга миниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қароргоҳ тутган Батҳо номли жойга қараб юрдилар.Узоқдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўзлари тушиши билан у киши:
«Туя ҳам, унинг устидаги нарсалар ҳам Аллоҳ таолонинг йўлида садақа бўлсин», дедилар.
Бу орада ба'зи кишилар: «Аёл киши ҳам уялмасдан, бировга ўз нафсини хадя киладими?!» деган гап тарқатишди. Бу гап-сўзларнинг раддига Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:
« Эй Набий! Албатта, Биз сенга маҳрларини берган жуфтларингни, Аллоҳ сенга ўлжа қилиб берган қўлинг мулк қилиб олганларни, амакингнинг қизлари, аммаларингнинг қизлари, тоғангнинг қизлари, холаларингнинг қизларидан сен билан ҳижрат қилганларини ҳалол қилдик ва бир мўмина аёлни ҳам, агар у ўзини Набийга ҳадя эца, Набий уни никоҳлаб олишни ирода қилса мўминларга эмас, сен учун махсус. Батаҳқиқ, уларга жуфтлари ва қўлларида мулк бўлганлар ҳақида нимани фарз қилганимизни билгандирмиз. Токи сенга танглик бўлмасин. Аллоҳ Ғофур ва Роҳиймдир» («Аҳзоб» сураси, 50-оят).
Бу ояти каримада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қандай аёлларнинг никоҳи дуруст экани ҳақида, у зот билан турмуш қурган ва қурадиган аёлларга тегишли масалалар устида сўз юритилади.
« Эй Набий! Албатта, Биз сенга маҳрларини берган жуфтларингни» ҳалол қилдик.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу оят нозил бўлган пайтдаги маҳрларини берган жуфтлари:
- Оиша онамиз - Ҳазрати Абу Бакрнинг қизлари,
- Ҳафса онамиз - Ҳазрати Умарнинг қизлари,
- Умму Ҳабиба онамиз - Абу Суфённинг қизи,
- Умму Салама онамиз - Абу Умайянинг қизлари,
- Савда онамиз - Зам'анинг қизлари,
- Зайнаб онамиз - Хузайманинг қизлари,
- Зайнаб онамиз - Жаҳшнинг қизлари,
- Жувайрия онамиз - Ҳориснинг қизи ва
- София онамиз - Ҳайй ибн Ахтобнинг қизи эдилар.
«...Аллоҳ сенга ўлжа қилиб берган қўлинг мулк килиб олганларни» ҳалол қилдик.
Ўша пайтда бутун дунёнинг одати шу эди. Чўри хожасига хотин ўрнини ҳам босар эди. Урушда асир тушган аёллар чўри қилинарди. София ва Жувайрия оналаримиз урушда асир тушганлардан эдилар. Лекин Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни чўри қилмадилар, олдин озод этиб, кейин никоҳлаб олдилар.
Нубувват Хонадонида
Маймуна бинти Ҳорис онамиз нубувват хонадони аёллари қаторига сўнгги дурдона бўлиб қўшилишлари у кишининг ўз уринишларини тақдирлаш ма'носида бўлганини аввал кўриб ўтдик. Аммо у кишининг нубувват хонадонидаги ҳаётларини чуқурроқ ўрганиб кўрадиган бўлсак,Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари адади одатдан ташқари эканининг Аллоҳ таоло томонидан кўзда тутилган ҳикматларини яна ҳам теранроқ англаб етамиз. Ана шу ҳикматлардан бири алоҳида оилавий шароитда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган шар'ий аҳкомларни оналаримизнинг кўплашиб Ислом умматига етказишларидир. Ана ўша ҳақиқатни Маймуна бинти Ҳорис онамиз мисолларида кўрсак бўлади.
Шахсий сифатлари
Маймуна бинти Ҳорис онамизнинг ва у кишининг опа-сингилларининг иймонлари бақувват эканига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари гувоҳлик берганлар.
Имом Насоий ва бошқалар Абдуллох ибн Мас'уд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймуна бинти Ҳорис онамиз, Умму Фазл, Асмо бинти Умайс ва Салма бинти Умайс розияллоҳу анҳолар ҳақида:
«Мўмина опа-сингиллар», деганлар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Маймуна бинти Ҳорис онамизнинг мўминларнинг оналари ичида энг тақводор ва силаи раҳмга мойил эканликларига гувоҳлик бериб:
«Аллоҳга қасамки, Маймуна кетди. Албатта, у ичимизда энг Аллоҳга тақводоримиз ва силаи раҳмга мойилимиз эди», дейдилар.
Маймуна бинти Ҳорис онамиз ҳадис ривоят қилишда Оиша онамиз ва Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳолардан кейин, учинчи ўринда турар эдилар.
Ҳазрати Маймуна розияллоҳу анҳо Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан 76та ҳадиси шариф ривоят қилдилар. Шулардан биттасига имом Бухорий ва бештасига имом Муслим якка ҳолда, еттитасига биргаликда иттифоқ қилганлар.
Маймуна онамиздан опа-сингилларининг ўғиллари: Абдуллоҳ ибн Аббос, Язийд ибн Мадад ибн ал- Ҳадд, Абдурроҳман ибн ас-Саиб ал-Хуламий, Язийд ибн ал-Асом ва Убайдуллох, ал-Жавланий, Сулаймон ибн Ясор, Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Ма'бад, Ибн Аббоснинг мавлоси Курайб, Убайда ибн ас-Сибок ва Олия бинту Сабий' ва бошқалар ривоят қилганлар.
Вафотлари
Ҳижрий эллик биринчи санада Маймуна бинти Ҳорис онамиз розияллоҳу анҳо Маккаи Мукаррамага зиёратга бордилар. У киши ўша ерда бемор бўлиб қолдилар. Хасталиклари огирлашганда:
«Мени Маккадан олиб чиқинглар. Мен бу ерда ўлмаслигим керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Маккада ўлмаслигим ҳақида хабар берганлар», дедилар. Маймуна бинти Ҳорис онамиз розияллоҳу анҳони кўтариб, Мадинаи Мунаввара томон йўл олишди. Улар Маймуна бинти Ҳорис онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биринчи бор бирга бўлган Сариф номли жойдаги дарахт остига етганларида у киши жон таслим қилдилар.
Ато ибн Абу Рабоҳ қуйидагиларни айтадилар: «Маймуна Сарифда вафот этганида Ибн Аббос билан у томон чикдим. Бас, у:
«Анбарни кўтарганингизда уни силкитманглар, қаттиқ қимирлатманглар», деди».
Маймуна бинти Ҳорис онамиз розияллоҳу анҳонинг жанозаларини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўқидилар. Қабрга қўйганлардан бири ҳам ўша киши эдилар.
Ибн Са'д ва Ҳакиймнинг айтишларига қараганда, вафот этганларида у зотнинг ёшлари саксон бирда эди.
Аллоҳ таоло Маймуна бинти Ҳорис онамиз розияллоҳу анҳо онамиздан рози бўлсин!
Адабиётлар
- Ҳадис ва Ҳаёт. 25-жуз. Нубувват хонадони хонимлари - Т.: «Ҳилол-Нашр», 2023. - 456 б. ИСБН 978-9943-9040-5-7.