Мазҳар ёки Мазҳаруддин Бурҳонов (1878-йил, Бухоро — 1937-йил, Тошкент) — Жадидчилик ҳаракати аъзоларидан. Биринчи ўзбек математиги. Оъзбекистон Республикаси Мадҳиясининг бастакори Мутал Бурҳоновнинг катта амакиси. Қатағон қурбони бўлган.

Мазҳар Бурҳонов
Таваллуди 1878-йил
Вафоти 1937-йил
Тошкент
Фуқаролиги Бухоро амирлиги, Бухоро Халқ Совет Республикаси, СССР
Таълими Истанбул университети
Касби Ўқитувчи
Фаолият йиллари 1914—1936
Турмуш ўртоғи Садияхоним

Мазҳаруддин Бурҳонов 1878-йил Бухоро амирлиги пойтахти Бухоро шаҳрида туғилган. Дастлабки таълимни отасидан олган. Бурҳонлар илк ўрта асрлардан бошлаб Бухородаги бадавлат хонадон ҳисобланган. ХХ аср бошларидан бошлаб сулола вакиллари Бухородаги жадидчилик ҳаракатида муҳим ўрин тутишган.  1908-йилда Бухородаги мадрасани битириб, ўқишини Туркияда давом эттиради. Мазҳар Бурҳонов 1914-йилдан бошлаб Истанбул университетининг математика факултетида ўқий бошлайди. Бир неча йиллар давомида Истамбул мактабларида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Макка шаҳрига бориб ҳаж зиёратини амалга оширади. 1922-йилда олий маълумотли математика ўқитувчиси дипломи билан Бухорога қайтиб келади. М. Бурҳонов 1922-йилдан 1923-йилгача Бухоро Халқ Совет Республикаси Меҳнат идораси бошлиғи ва Маориф нозири ўринбосари вазифаларида фаолият юритган. „Нашри маориф“ жамиятининг чет элда таҳсил олаётган талабаларни қўллаб-қувватлаш, кутубхона ва мактаблар фаолиятини кенгайтириш каби тадбирлари билан Бухоро маорифчилари орасида машҳур эди. Мазҳар Бурҳонов Бухоро Халқ Республикаси тугатилганидан кейин ҳукумат ишларида фаолият юритишни тўхтатиб фақат илм билан шуғулланади. Бурҳонов математика соҳасида биринчи дарсликлар яратган ўзбек педагог олимларидан саналади. 1924-йилдан 1930-йилгача Бухородаги дорулмуаллиминда, ундан сўнг Самарқанд шаҳрида жойлашган  Мусиқа институтида математика фанидан дарс берган. 1932—1933-йилларда Сталинобод (ҳозирги Душанбе)да, 1933—1936-йилларда Тошкент шаҳрида истиқомат қилиб, билим юртларда дарс берган. 1936-йилда Самарқанд шаҳрига кўчиб келиб, мактаб ўқитувчилигидан нафақага чиқади[1].

Мазҳаруддин Бурҳонов 1937-йилнинг 19-июлида „Миллий иттиҳод“ ташкилотига а‘золикда айбланиб ҳибсга олинган. Бурҳонов ҳибсга олинган пайтда турмуш ўртоғи 34 ёшли Садияхон Самарқанддаги ўқитувчилар тайёрлаш билим юртининг иккинчи курсда таҳсил олаётган эди. Мазҳар Бурҳонов 1937-йилнинг 27-август куни сўроқ қилинади. Сўроқ давомида Файзулла Хўжаевни 1910-йилдан бери билишини, у вақтда 13-14 ёшли Файзулла бир бойнинг фарзандилиги, 1922-йилда Туркиядан келганида эса сиёсий арбоб бўлиб етишгани, давлат идораларида раҳбар сифатида фаолият юритганини айтади. Ўзига қўйилган айбловларга нисбатан Ўзбекистондаги бирор бир сиёсий партия ёки „Миллий иттиҳод“ номли аксилинқилобий ташкилот ҳақида эшитмаганини, ўзи а‘зоси бўлган „Нашри маориф“ ташкилоти эса сиёсий эмас, балки маърифий жамият бўлганини, халқ маорифини қўллаб-қувватловчи ҳаракат сифатида ташкил этилганини айтиб ўтади.   Мазҳар Бурхонов 1937-йил 25-октябрда укалари ва жияни билан бирга отиб ташланади[2].

Манбалар