Мебел саноати - ёғочсозлик саноатининг етакчи тармоғи. Хонадонлар ва жамоат бинолари учун мебел ишлаб чиқаради. Ўзбекистонда мебел саноат усулида ишлаб чиқарила бошлагунга қадар уй-рўзғор буюмлари (хонтахта, курси, жавон, сандиқ ва бошқалар) кустар ва ярим кустар корхоналарда тайёрланган. Мебел саноатининг дастлабки маҳсулотлари — турар жой ва жамоат бинолари учун мебел ишлаб чиқариш 1922-йилдан бошланди. Уй-рўзғор ва жамоат эҳтиёжлари учун мебеллар ишлаб чиқариш урушдан кейинги йштларда бирмунча ривож топди. 50-йиллар охирида республикада турли вазирлик ва идоралар ихтиёрида бўлган 3 фабрика, бир неча сехлар ишлади. Ҳунармандчилик артеллари ва йирик мебел сехлари негизида Тошкент, Самарқанд, Наманган, Андижон шаҳарларида мебел фабрикалари барпо қилинди. 1977-йил Ўзбекистон мебел ва ёғочсозлик саноати вазирлиги ташкил этилди. 1988-йил республикадаги барча Мебел саноати корхоналарини бошқарадиган "Ўзбекмебел" бирлашмаси ташкил этилди. 1991-йил шу бирлашма негизида "Ўзбекмебел" ижара корхоналари уюшмаси тузилди. 1993-йил январда уюшма "Ўзбекмебел" давлат-аксиядорлик компаниясига айлантирилди. Тармоқдаги энг йирик корхоналар: "Тошкент" мебел бирлашмаси, "Миробод" бирлашмаси (1953), Самарқанд мебел бирлашмаси (1954), "Наманган" мебел бирлашмаси (1956), "Мебел" бирлашмаси (1959), "Фарғона мебел" бирлашмаси (1960), Олмалиқ мебел комбинати (1961), "Янгийўлмебел" ширкати (1963), Қува мебел комбинати (1967), Сергели мебел бирлашмаси (1974), Олмазор юмшоқ мебеллар фабрикаси (1989), Андижон мебел комбинати (1991-йил қайта қурилган). 1994-йилда Жиззах ва Риштон мебел фабрикалари ишга туширилди. Тармоқни ривожлантириш корхоналарни замонавий ускуналар билан қайта жиҳозлаш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, корхоналарнинг экспорт имкониятларини ошириш, хорижий фирмалар билан қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш йўналишларида олиб борилмоқда. "ЕвроЎз" Ўзбекистон — Германия қўшма корхонаси ташкил этилди (1993, апрел). Ўзбекистонда тайёрланган мебеллар экспорти йўлга қўйилди.

Мебел саноати ҳар хил мебел йиғмалари (меҳмонхона, ошхона, кабинет, ётоқхоналар мебеллари, мактаб, тиббиёт, лабаратория мебеллари), миллий мебел (хонтахта, сандиқ ва бошқалар) намуналарини, ҳашаматли мебеллар йиғмаларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Манбалар