Меҳнат кодекси — меҳнат ҳақидаги қонунларининг муайян тизимга солинган мажмуи. У меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжати ҳисобланади. Мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда, шунингдек, айрим фуқаролар ихтиёрида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган жисмоний шахсларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Амалиётда меҳнатга оид муносабатларни тартибга солишда бошқа норматив ҳужжатлар, айрим ҳолларда Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенсиялари ва халқаро шартномаларнинг қоидалари ҳам қўлланади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро ҳуқуқий нормалар ва стандартларга мувофиқ равишда ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикасининг МК 1995-йил 21 декабрда қабул қилиниб, 1996-йил 1-апрелдан амалга киритилган. 2 қисм: умумий ва махсус қисм, 16 боб ва 294 моддадан иборат. Умумий қисмда меҳнат қонунчилигининг умумий қоидалари, меҳнат соҳасидаги давлат бошқаруви, меҳнат ҳақидаги қонун ҳужжатларининг қўлланиш доираси, меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлар, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, ходимлар ва иш берувчиларнинг вакиллиги, жамоа шартномалари ва келишувлари баён этилган. МКнинг махсус қисми ишга жойлаштириш; меҳнат шартномаси (контракт); иш вақти; дам олиш вақти; меҳнатга ҳақ тўлаш; кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари; меҳнат институтизоми; меҳнат шартномаси тарафларининг моддий жавобгарлиги; меҳнатни му-ҳофаза қилиш; айрим тоифадаги ходимларга бериладиган қўшимча кафолат ва имтиёзлар; меҳнат низолари; давлат ижтимоий суғуртаси масалаларини ўз ичига олади.

МКнинг асосий вазифаси ходимлар, иш берувчилар, давлат манфаатларини эътиборга олган ҳолда, меҳнат бозорининг самарали ишлашига, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таъминлашга, меҳнат унумдорлигининг ўсишига, иш сифати яхшиланишига, шу асосда барча аҳолининг моддий ва маданий турмуш даражаси юксалишига кўмаклашади.

Ўзгартиришлар

2021-йил Меҳнат кодексининг 113-моддасига ўзгартириш киритилди. Унга кўра карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганида ходим (агар қарши кўрсатма мавжуд бўлмаса) эмланишдан бош торца иш берувчи ходимни ишга қўймасликка ҳақли[1].

Манбалар

  1. ↑ „Президент аҳолини мажбурий эмлашни назарда тутувчи қонунни имзолади“. Бугун.уз. 2021-йил 4-августда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2021 йил 3 август.