Меланезия – Океаниядаги йирик ороллар гуруҳларидан бири. Тинч океаннинг жануби-ғарбий қисмида экватордан жануби-шарққа томон қарийб 5000 км чўзилган. Асосий ороллари ва ороллар гуруҳлари: Янги Гвинея, Бисмарк архипелаги, Соломон ороллари, Янги Гебрид, Янги Каледония, Фижи оролларидан иборат. Умумий майдони 1 млн. км² чамасида.

Меланезия ороллари материк қолдиқларидан ва вулқон отилиши натижасида ҳосил бўлган. Саёз жойларда маржон рифлари бор. Замини кристалли, метаморфик ва чўкинди жинслардан тузилган. Йирик оролларнинг релефи, асосан, тоғлик, энг баланд жойи 5029 м (Янги Гвинея оролидаги Жая тоғи), соҳил қисми пасттекислик. Меланезияда вулқон отилишлари ва тез-тез зилзила бўлиб туради. Иқлими экваториал ва субекваториал, жанубий оролларида тропик иқлим. Ўртача ойлик ҳарорат 25—28°. Йиллик ёғин тоғларнинг шамолга рўпара ён бағирларида 7000–9000 мм, қолган жойларида 1000–2000 мм. Дарёлари кўп. Ўсимлик дунёси эндемик турларга бой. Шимолдаги йирик ороллар қалин сернам экваториал ўрмонлар, марказий ва жанубий ороллар муссонли ўрмонлар ва саванналар билан қопланган. Ҳайвонот дунёси Австралия зоогеографик областига мансуб. Аҳолиси тропик деҳқончилик, балиқ овлаш, марварид ва садаф қидириш билан шуғулланади. Кокос палмаси, каучукли ўсимликлар, шакарқамиш, какао, кофе плантациялари бор. Шоли, маккажўхори, маниок, ямс экилади. Чорва боқилади. Ёғоч тайёрланади. Никел, кобалт, хром, марганец рудалари; Фижи, Соломон оролларидан олтин қазиб чиқарилади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил