Қуёшдаги одамлар (арабча: رجال في الشمس, романизацияси: Рижāл фī ал-Шамс) — фаластинлик ёзувчи Ғассон Канафоний (1936–1972) қаламига мансуб, илк бор 1962-йилда чоп этилган роман[1]. Асарда Ироқдаги қочқинлар лагерларида иш топа олмагач, нефт конларининг топилиши туфайли ривожланаётган Қувайтга қора ишчи бўлиб ишлаш илинжида йўлга чиққан уч нафар фаластинлик қочқиннинг тақдири ҳикоя қилинади.

Қисқача мазмуни

Турли авлодга мансуб уч фаластинлик эркак — Абу Қайс, Марвон ва Асад иш қидириб Басра шаҳридаги бир даллол орқали ҳайдовчи ёрдамида яширинча Қувайтга ўтиб олишни режалаштиришади. Бироқ бу жараёнда уларга нисбатан ўта қўпол муносабатда бўлишади ва уларни камситишади. Шундан сўнг, улар бошқа бир юк машинаси ҳайдовчиси билан келишишга қарор қилишади. Кейинчалик китобхонга маълум бўлишича, ушбу фаластинлик ҳайдовчи 1948-йилги уруш пайтида портлаш оқибатида бепушт бўлиб қолганди. Эркаклар Қувайтга саҳро бўйлаб юк машинасининг орқа қисмида сафар қиладилар. Йўлдаги иккита назорат-ўтиш жойида ҳайдовчи ҳужжатларни расмийлаштиргунча, жазирама иссиқда эркаклар машина ичидаги улкан бўш сув систернасига яширинишади. Йўловчиларнинг асл манзили бўлган Қувайтга жуда яқин қолган иккинчи назорат-ўтиш пунктида соқчилар ва бюрократлар унинг жинсий муносабатлари ҳақидаги миш-мишларни айтиб, масхара қилганча ҳайдовчини ҳаддан ташқари узоқ ушлаб қолишади. Ҳайдовчи ниҳоят назорат пунктидан ўтиб, эркакларни ташқарига чиқариш учун систернани очганида, уларнинг ҳаммаси жазирама иссиқда ҳаво етишмаслигидан бўғилиб, ҳалок бўлганини кўради.

Асар қаҳрамонлари

  • Абу Қайс: Қувайтга кетаётган уч фаластинлик эркак орасида асарда биринчи бўлиб таништирилган қаҳрамон. У персонажлар ичида энг ёши улуғи бўлиб, 1948-йилги Накба воқеаларини яхши эслайди ва бир вақтлар Фаластинда уники бўлган ўнта зайтун дарахтини тез-тез қўмсаб, ёдга олади. Абу Қайс ўқимаган, тезда тушкунликка тушадиган ва чорасиз қолган инсон сифатида тасвирланади. Ёш дўсти Саъд ҳамда турмуш ўртоғи Умм Қайс болаларига яхшироқ ҳаёт таъминлаш кераклигини айтиб, унинг ғурурига текканидан кейин, у Қувайтга иш қидириб кетишга мажбур бўлади.
  • Асад: Қиссада у Қувайтга яширинча ўтиб олиш нархи бўйича даллол билан савдолашаётган саҳнада пайдо бўлади. Уни илгари ҳам бир контрабандачи алдаб, чўлдаги қувур стансияси яқинида чорасиз ташлаб кетган эди. Сафар харажатлари учун унга амакиси қарз беради, бунинг эвазига Асад вақти келиб амкисининг қизи Надога уйланиши керак, бироқ унинг бу қизга уйланиш нияти йўқ. Сиёсий фаоллиги сабабли Асад илгари ҳуқуқ-тартибот идоралари билан кўп муаммога дуч келган.
  • Марвон: Қаҳрамонларнинг энг ёши бўлиб, у бор-йўғи 16 ёшда. Марвон ўқишни давом эттиришни ва келажакда шифокор бўлишни орзу қилади, бироқ оиласини боқиш учун Қувайтда иш топишга мажбур. Чунки отаси янги хотини сабабли уларни ташлаб кетган, акаси эса уйланганидан кейин оиласига пул юборишни тўхтатган эди.
  • Абул Хайзурон: Уч фаластинликни яширинча олиб ўтишга рози бўлган юк машинаси ҳайдовчиси. У ўзининг моҳир ҳайдовчилиги ва юксак обрў-эътибори ҳақида тўқима ҳикоялар сўзлашни яхши кўради. Бироқ унинг қалбини кемирадиган ва бошқа ҳеч бир қаҳрамонга ошкор қилмайдиган даҳшатли хотираси бор: у бундан ўн йил муқаддам озодлик жангчиси бўлиб жанг қилганида, портлашдан сўнг жарроҳлик туфайли бепушт бўлиб қолган эди. У миллий озодлик ғояларидан буткул кўнгли қолган ва „фақат пул топишни истайди“. Якуний бобда назорат-ўтиш пунктидаги бюрократ соқчилар уни бир фоҳиша аёл билан боғлиқ миш-мишлар устидан масхара қилиб, атайлаб ушлаб туришади ва ушбу бемаъни кечикиш оқибатида систернада яширинган уч киши ҳаво етишмаслигидан ҳалок бўлади.

Манбалар

  1. ↑ Килпатриcк, п. 69

Адабиётлар

  • Килпатриcк, Ҳиларй. Интродуcтион. Мен ин тҳе Сун & Отҳер Палестиниан Сториэс. Бй Гҳассāн Канафāнī. Транс. Ҳиларй Килпатриcк. Боулдер, CО: Лйнне Риэннер, 1999. Принт.
  • Яқуб, Надиа. "Тҳе Дупес: Тҳреэ Генератионс Упроотед Фром Палестине анд Бетраед." Филм ин тҳе Миддле Эаст анд Нортҳ Африcа: Cреативе Диссиденcе. Бй Жосеф Гуглер. Аустин: Университй оф Техас, 2011. Принт.