Металлургия (юн. металлургео -ердан қазиб чиқараман) — рудалардан ёки таркибида металл бўлган моддалардан металлар ажратиб олиш ва металл қотишмаларга тегишли хоссалар „бериш“ ҳақидаги фан; саноат тармоғи. Металли рудалардан металларни ажратиб олиш қадимдан маълум. Археологик қазишмаларнинг далолат беришича, милоддан аввалги ВИИ—ВИ асрлардаёқ аждодларимиз мис олиш сирларини билишган. Милоддан аввалги 2-минг йилликда миснинг қалай билан қотишмаси — бронза ишлатила бошлади; тахминан шу минг йиллик ўрталаридан темир эритиб олиш бошланди. Бунда рудаларни қўрада 1100— 1350° температурада бевосита қиздириб қайтариш усули (энг оддий усул) да темир олинарди. Орадан анча вақт ўтиб (ХИВ аср ўрталаридан) чўян (қаранг Домна ишлаб чиқариши), кейинроқ (ХВ асрда) пўлат олинадиган бўлди. Пўлат ўтга чидамли идиш — тигелда олинган. Ўрта асрларда шарқда ўзига хос тузилишга эга бўлган „нақш“ли „синмас“ пўлат — дамашқ пўлати олиш сирларини билишган. Ундан ўткир тиғли қуроллар (мас, қилич) ясашган. Металлга оид маълумотлар Абу Райҳон Беруний асарларида учрайди. Кейин бирин-кетин бессемер жараёни, мартен (қаранг Мартен ишлаб чиқариши) ва томас жараёни қўлланила бошлади. М. фан сифатида асосан ХВИИИ аср иккинчи ярмидан ривожлана бошлади. М. В. Ломоносоваинг 1763-йилда ёзган „Металлургиянинг бошланғич асослари ва руда ишлари“ китобида М. асослари ёритилган. Рус олими П. П. Аносов (1799—1851) дамашқ пўлатини олишнинг илмий асосини ишлаб чиқди. Д. И. Менделеев ҳам М. фани тараққиётига катта ҳисса қўшган.

Металлургия мажмуи. қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади: рудалардан металл ажратиб олиш мақсадида уларга ишлов бериш (рудаларни майдалаш, бойитиш, бўлаклаш ва бошқалар); металларни бегона аралашмалардан тозалаш (рафинациялаш); металл ва қртишмаларни олишнинг гидрометаллургия, пирометаллургия, шу жумладан, металлотермия ва электролитик (қаранг Электролиз) усулларни тадқиқ қилиш; металл кукунлар олиш ва улардан буюмлар тайёрлаш (қаранг Кукун металлургияси); металларни термик (иссиклик билан) ишлаш, босим билан ишлаш, қуйиш, пайвандлаш, кавшарлаш, металлар сиртига ҳимоя қатлами суркаш (пуркаш) ва бошқа Металлургиянинг муҳим соҳаси — металлшунослик.

Металлургиянинг тараққиёти металл ва қотишмаларни узлуксиз қуйиш, уларга вакуумда ишлов бериш, уларни электр печлар, электр-шлакли, электр-нурли ва плазмали қурилмаларда олиш, дуплексжараён ва триплексжараён усулларини қўллашни янада ривожлантириш билан боғлиқ.

Металл физикавий кимё, физика, иссиқлик техникаси, электротехника, кибернетика, иқтисодиёт, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш, коинотни ўзлаштириш борасидаги илмий тадқиқотларга суянади. М. яна кончилик саноати, кимё саноати, машинасозлик, ўтга чидамли материаллар ишлаб чиқариш тармоғи ва бошқа тармоқлар билан боғлиқ (қаранг Рангли металлургия, Қора металлургия).

Адабиёт

  • Мирбобоев В. А., Василев Г. П., Металлар технологияси, Т., 1971.

Фатхулла Абдуллаев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил