Мезроб, мизроб (араб. — уриш қуроли) — мусиқада торли созларни чертиб ёки тирнаб чалишда қўлланиладиган махсус мосламалар номи. М. турли шаклларда (одатда, учи ингичкалашган, ўткир) бўлиб, ёғоч, қаттиқ тери, суяк, ҳайвон шохи, металл, сўнгги даврда пластмассалардан ясалади. Ўзбек ва тожик танбурчилари бармоқ учига кийиладиган нохукдан, уйғур танбурчилари пўлат симдан фойдаланишади. Ўтмишда созандалар танбурни ўнг қўл кўрсаткич бармоғининг ўстирилган тирноғи ёрдамида ҳам чертишгани маълум. М.ли чолғулардан уд, қонун, рубоб, тор, соз, мандолина, гитара ва бошқаларда қўлланиладиган мосламалар ҳозир медиатор, плектр деб ҳам юритилади. М. сўзи баъзан мақом номларига қўшилиб, танбур (ёки бошқа айрим созлар)ни ана шу мақомга мослаб созланишини ҳам билдиради. Масалан, М. и Рост, М. и Наво ва ҳоказо[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил