Микориза (юн. мйкес ва рҳиза — илдиз), замбуруғилдиз — замбуруғ мицелийсининг юксак ўсимликлар илдизи билан ўзаро симбиози (биргалиқда яшаши). Эктотроф (ташқи) ва эндотроф (ички) М. бор. Эктотроф М.да замбуруғ ёш илдизларнинг устки тўқимаси учларига ўралиб, пўстлоқнинг ташқи қатламларидаги ҳужайра ораларига киради. Эндотроф М.да мицелий ҳужайралар ичига киради. Эктотроф М. кўпчилик дарахтлар (эман, арча, қайин), буталар (тол) ва баъзи ўтларга хос. Одатда, бундай ўсимликларнинг ёш илдизлари шохланиб, илдизнинг ўсаётган қисми замбуруғ билан қалин қопланади ва ундан тупроқ ҳамда ҳужайра оралиқлари бўйлаб илдизнинг бир ёки бир неча қават ичкарисига замбуруғ мицелийси тўр ҳосил қилиб тарқалади. Бунда илдиз тукчалари нобуд бўлади. Эктотроф М.ни, кўпинча, гименомицетлар, баъзан гастеромицетлар вужудга келтиради. Битта ўсимлик илдизида бир нечта замбуруғ М. ҳосил қилиши мумкин. Эндотроф М.да илдиз шакли ўзгармайди, илдиз тукчалари ўлмайди ва тўр ҳосил бўлмайди; замбуруғ мицелийси илдиз паренхимаси ҳужайрасининг ичига киради.

М. ўсимликка фойдали таъсир кўрсатади: мицелийнинг ривожланиши туфайли илдизнинг шимадиган юзаси катталашиб, ўсимликка сув ва минерал моддалар кўпроқ киради. М. ҳосил қилувчи замбуруғлари бўлмаган тупроққа дарахт экишдан аввал эски ўрмонлар тупроғидан озроқ солинади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил