Микотоксикозлар (юн. мйкес замбуруғ ва тохикон — заҳар) — чорва молларида учрайдиган заҳарланиш. М. замбуруғлар заҳари (токсинлари) билан зарарланган озуқаларни ейишдан пайдо бўлади. Касаллик тўсатдан пайдо бўлиши, оммавий тарқалиши, инкубация даврининг қисқалиги, юқмаслиги билан тавсифланади. М. кузда ёки қишдан кейин ғаллагулли ўтлар йиғиштириб олинмаган, ўсимликлар нобуд бўлган яйловларда баҳорда мол боқилганда, молхонада боқиш даврида эса молга нам ем-хашак берилганда пайдо бўлиши мумкин. М.да молларнинг барча орган ва системалари зарарланади. М.нинг оғир ва клиник кечиши организмга тушган микотоксин миқдорига, озуқанинг заҳарлилик даражасига, микроорганизм хусусиятларига боғлиқ. Токсинларнинг турига кўра, касалланган (заҳарланган) ҳайвонларда қон ҳосил бўлиши издан чиқади, юракқон томир, нерв системаси, нафас олиш, сийдик ажратиш органларининг фаолияти бузилади. Ўрганилган М. мустақил нозоологик бирликларга ажратилган бўлиб, заҳарловчи замбуруғнинг тури ёки авлоди номи билан юритилади.

Даволаш: симптоматик терапия, антибиотикларни қўллаш.

Олдини олиш: заҳарли ёки заҳарланган озуқани рациондан чиқариш.

Ҳошим Нурмаматов[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил