Милаш Сорбус

Милаш (рябина – Сорбус) – раъногулдошлар оиласига кирувчи бута ёки дарахт.

Биологик морфологияси

Милаш (четан) бўйи 3-5 метр атрофидаги бута ёки дарахт. Ўсимликнинг пояси қўнғир, мурғак новдалари тукли кўк ёки қизғиш-қўнғир тусда бўлади. Барглари лансецимон, ўткир учли, узунлиги 10-16 см, эни 1,3-1,6 см. Милаш июн ойида гуллайди. Қизил рангли гулларининг бир нечтаси йиғилиб тўпгул ҳосил қилади. Гулкосаси учбурчак, гултожисимон диаметри 1,5-2 см, чангчиси қисқа. Меваси августда пишади. Меваси қорамтир-қизил бўлиб, олмасимон, шарсимон шаклда, диаметри 1,5 см гача етади. Етилиб пишган мевалар юмшоқлашган бўлиб, унда 2-5 тагача уруғи бўлиши мумкин.

Тарқалиши

Милаш асосан баланд тоғларда, субалп ўтлоқларда кўп учрайди. Милашнинг турлари кўп бўлиб, ёввойи ҳолда Европа, Кичик Осиё ва Кавказда учрайди. Уни қадим замонлардан бери маданий ҳолда ўстириб келадилар.

Ўзбекистонда форс милаши, қизил милаш, оддий милаш турлари учрайди. Республикамиз шароитида милашнинг хонаки тури маданий равишда ўстирилиши мумкин. Бунда 40 йиллик милаш дарахтидан ўртача 100–250 кг гача ҳосил олиш мумкин.

Таркиби

Милаш мевалари ўз таркибида қанд моддалари (сарбоза, глукоза, фруктоза, саҳароза), органик кислоталар (олма, лимон кислотаси), ошловчи моддалар, витамин C, П, каротин, бўёқ, пектин ва бошқа моддаларни сақлайди.

Қ. Ҳ. Ҳайдаров ва Қ. Ҳ. Ҳожиматовларнинг берган маълумотларига қараганда, қизил милаш баргида фитонсидлар мавжуд.

Халқ табобатида қўлланиши

Оддий милаш халқ табобатида лавша, шамоллаш-яллиғланишга қарши табиий омил бўлиш билан бирга қон тўхтатувчи хусусиятга эга. Милаш меваларидан тайёрланган қайнатма дармон қуришда, ич кетганда, ич бурмада, қабзиятда, буйракда тош бўлганда, бод ва бавосил касалликларида тавсия этилади.

Кўҳна тожик табобатида милаш мевалари одам организмини мустаҳкамлайди, яхши кайфият бағишлайди, йўталда ёрдам беради, меъдани мустаҳкамлаб, қувватни сақлайди (озуқа моддаларни организмда сақлайди), деб айтилган. У қайт қилишни ва ич кетишини тўхтатади (бунда ҳали пишиб етилмаган милаш мевалари яхши натижа беради).

Милаш мевалари ва газанда ўт барглари асосида тайёрланган дамлама организм учун фойдали эканлиги ҳақида маълумотлар бор. Бунинг учун 7 хисса милаш мева қоқисини 3 хисса газанда ўт барглари билан қўшиб, аралашма тайёрланади. Аралашмадан 1 ош қошиқ миқдорида олиб унинг устига 2 стакан қайноқ сув солинади ва енгил аланга устида 10 дақиқа қайнатилади. Сўнгра идиш қопқоғи ёпилиб, 4 соат давомида дамлаб қўйилади. Кейин докадан ўтказилади ва кунига ярим стакандан 3 маҳал истеъмол қилинади.

Одатда ёввойи ҳолда ўсган ёки маданий ҳолда етиштирилган милаш мевалари бир бор совуқ егандан сўнг терилади. Мевалар музлаган ҳолда сақланиши ёки қуритилиши мумкин.

Илмий тиббиётда милаш мевалари иштаҳа очувчи сифатида тавсия этилади. Меваларнинг янги шарбати энтерит касаллигига ижобий таъсир кўрсатади. Мева қайнатмасидан лавша касаллигида ғар-ғара қилиш буюрилади. Мевалари авитаминоз билан боғлиқ касалликларни олдини олишда қўлланилади.

Адабиётлар

Ҳаволалар